Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоятига чет давлатлардан 426 бош наслли моллар келтирилди. Гўшт ва сут барқарор нархларда етказиб берилади

Самарқанд вилоятининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим йўналишлардан бири бу чорвачилик тармоғи ҳисобланади.

Чунки вилоятда бунинг учун барча имкониятлар мавжуд – ер кенг, озуқа мўл, иқлим бўлса қулай. Қолаверса, ушбу йўналиш вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликларида асосий тармоқлардан бири ҳисобланади. Шу боис вилоят юртимиз бозорларига гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб берувчи етакчи ҳудудлардан бирига айланган.

Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар учун компенсация тақдим этилиши тармоқни янада такомиллаштириш эвазига аҳолини арзон ва сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.

Айни кунларда вилоятда 1 млн 554 минг 243 бош қорамол, 2 млн 401 минг 545 бош қўй-эчки, 12 млн 245 минг 943 бош  парранда парваришланмоқда.

Чорвадорлар таъбири билан айтганда, чорванинг маҳсулдорлигини ошириш асосан, унинг наслига боғлиқ. Шу мақсадда 2020 йилнинг январ-июль ойлари давомида Самарқанд вилоятига чет давлатлардан 426 бош наслли моллар келтирилди. Жумладан, Самарқанд туманидаги “Махмудов Олтинжон Чорвачилик” фермер хўжалигига Россия давлатидан 32 бош, Ургут туманидаги “Сурхон чорва насл” фермер хўжалиги томонидан Латвиядан 31 бош, Оқдарё туманидаги “Турон” фермер хўжалигига Австрия давлатидан 31 бош наслли моллар ва Пастдарғом туманидаги “Янгиобод чорва насл моллари” фермер хўжалигига Чехиядан 203 бош симментал зотли наслли буқачалар олиб келинди.

Бу лойиҳалар халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ҳамда даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят

бошқармаси ахборот хизмати.