Бизнес-омбудсманга ёлғон маълумот берган раҳбар жазоланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ва унинг ҳудудларда фаолият юритувчи ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
2020 йилнинг 6 ойи мобайнида Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимларига 156 та мурожаат келиб тушди. Бу мурожаатларнинг 39 таси ижобий ҳал қилинди, 93 тасига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди. 18 та мурожаат тегишлилигига кўра бошқа идораларга юборилди ва 6 таси кўриб чиқиш жараёнида қолди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 25 фоизи ер ва бинолар билан боғлиқ масалаларга, 10 фоизга яқини солиқ муносабатларига, 8 фоизи шартномавий муносабатларга, 5 фоиздан ортиғи кредит ва банклар фаолиятига оид мурожаатларни ташкил қилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Бизнес-омбудсман ходимларига била туриб ёлғон ахборот берганлик ёхуд уларнинг мурожаатларини асоссиз равишда белгиланган муддатда кўриб чиқмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Бироқ давлат идораларида фаолият юритувчи айрим мансабдор шахслар Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан берилган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти билан боғлиқ сўров хатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик ёки улар юзасидан ёлғон ва асоссиз маълумотлар тақдим қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Жумладан, Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимлари томонидан Паст Дарғом туманида фаолият юритувчи “Акмал БАО” фермер хўжалигининг мурожаатини ўрганиш жараёнида хўжаликка бир неча ойдан буён тумандаги Кимёгар маҳалласи ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида иссиқхона ва меваларни қуритиш биноси қурилишига рухсат берилмасдан келинаётганлиги аниқланди.
Бизнес-омбудсман ходимларининг мазкур мурожаатда кўрсатилган ҳолатларни ўрганиб, маълумот тақдим қилиш ҳақида туман ҳокимлигига юборган сўров хати Паст Дарғом тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, бўлим томонидан ушбу ҳолат бўйича берилган жавоб хатида вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг қарори чиқмаганлиги боис фермер хўжалигига мева қуритиш цехи ва иссиқхона қурилиши учун рухсат берилмаганлиги маълум қилинган.
Бироқ мурожаатни ўрганиш давомида ушбу масала вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг 2019 йил 30 декабрда ўтказилган йиғилишида кўриб чиқилиб, хўжаликка мукаммал (капитал) объект қурмаслик шарти билан Кимёгар маҳалласи ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида иссиқхона ва меваларни қуритиш биноси қуришга рухсат берилганлиги ва қарор нусхаси тегишли ташкилотларга юборилганлиги аниқланди.
Шу боис Бизнес-омбудсман ходимининг сўров хатига юзаки ёндашилиб, била туриб ёлғон ахборот ва ишончсиз маълумот тақдим этилганлиги ҳолати юзасидан Паст Дарғом тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.
Паст Дарғом тумани маъмурий судинининг 2020 йил 12 майдаги қарорига кўра, бўлим бошлиғига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, 2020 йил 23 апрелда “Акмал БАО” фермер хўжалигига тегишли 2.0 гектар ер майдонида замонавий иссиқхона ҳамда мева ва полиз экинларини қуритиш цехи қурилишига рухсат бериш ҳақида Паст Дарғом тумани ҳокимининг қарори чиқарилиши таъминланди.
Таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш келгусида ҳам Бизнес-омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Жасур ТУРСУНОВ,
Бизнес-омбудсман девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори.