Самарқандда «Бутунжаҳон ёшлар фестивали» доирасида тадбирлар ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26-30 июнь кунлари Ўзбекистонда биринчи маротаба «Бутунжаҳон ёшлар фестивали» ўтказилади. Бунга 100 дан ортиқ давлатдан минг нафарга яқин хорижий иштирокчилар таклиф этилган.
Фестивалда таълим, инновация, IT, бизнес, медиа, маданият, санъат, спорт каби йўналишларда нуфузли спикерлар қатнашади.
Фестивалнинг очилиш маросими 26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги «Боқий шаҳар» мажмуаси ҳудудидаги амфитеатрда 1,5 минг нафар ёшлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
Унинг доирасидаги тадбирлар Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бир вақтда ўтказилади.
Шунингдек, 27-30 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройи атрофида «Ёшлар шаҳарчаси» павильонлари ташкил этилади.
Ушбу павильонларда Ўзбекистон ёшлари ҳамда хорижий меҳмонлар учун танловлар, тақдимот ва кўргазмалар ўтказилади. Фестиваль иштирокчилари павильонлардаги машғулотларни бажариб, балларни қўлга киритиши ва тўплаган балларини китоблар, спорт, санъат, таълим тўгаракларига ваучерлар, совғаларга алмаштириши мумкин бўлади.