Бу йил тест синовлари очиқ майдонларда ўтказиладими ёки павильонларда?

Абитуриент ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирувчи бу каби саволларга Давлат тест маркази Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Воҳид СИРЛИБОЕВ жавоб берди

- Бу йилги тест саволларининг ўтган йилгидан қандай фарқли томонлари бор?
- Бу йилги тест синовларида ҳам барча тест топшириқлари умумтаълим мактаблари ўқув дастурлари доирасида шакллантирилган. Давлат тест маркази томонидан ўтказилаётган кириш тест синовларида осон, ўрта ва қийин даражадаги тест топшириқларидан фойдаланилади. Тест топшириқларини шакллантиришда аввало, абитуриентнинг ёдлаш қобилиятини эмас, балки унинг амалда қўллай олиш кўникма ва билимларини аниқлашга мўлжалланган саволлардан фойдаланишга эътибор қаратилди. Бу йилги тест саволларини тузишда мактаблардаги ўқитилиш тиллари инобатга олинди. Масалан, рус тили ва адабиёти (ўзга тилли синфлар учун), рус тили ва адабиёти (рус тилидаги синфлар учун).

- Жорий йил абитуриентлардан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
- Абитуриентларга ҳужжатларни онлайн рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади. Яъни, абитуриентлар ЯИДХП https://my.gov.uz тизими ҳамда Давлат тест марказининг https://my.dtm.uz тизими орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Агар абитуриент Давлат тест маркази томонидан ўтказилган чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича ёки бошқа хизматлардан фойдаланиш мақсадида олдин рўйхатдан ўтган бўлса, унинг янгидан рўйхатдан ўтиши шарт эмас. Мавжуд аккаунтидан фойдаланган ҳолда “Абитуриентни онлайн рўйхатдан ўтказиш” бўлими орқали рўйхатдан ўтади. Янгидан рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриент шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ID-карта)нинг асли керак бўлади. Чунки мазкур ҳужжатларда ЖШШИР рақами берилади. Рўйхатдан ўтиш тизимида ушбу маълумотларни киритиш мажбурий бўлган бандлар мавжуд. Фанлар бўйича имтиёз берувчи хорижий сертификат (IELTS, TOEFL ва ҳ.)ларнинг электрон нусхасини илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Агар абитуриент бирор имтиёзга эга тоифага мансуб бўлса, унга тегишли имтиёзлар тўғрисидаги маълумотлар рўйхатдан ўтган кабинетида ўз аксини топади. Мабодо, ушбу имтиёз берувчи маълумотлар рўйхатдан ўтган кабинетда кўринмаса, абитуриент ҳужжатнинг асли ҳамда паспорти билан мазкур ҳужжатни тақдим қилган ташкилотга учрашиши керак.

- Кимлар ҳужжат топшириш пайти тўловни амалга оширади?
- Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан олдинги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун БҲМнинг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Бунда қуйидаги тоифадаги абитуриентлардан тўлов ундирилмайди:
• тест синови ташкил этилаётган йилда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар;
• ногиронлиги бўлган шахслар;
• тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар (“Меҳрибонлик уйи” ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари).
Президентимизнинг 2022 йил 20 апрелдаги ПФ-113-сон фармони билан икки тоифадаги абитуриентлар ҳам тўловдан озод этилди:
• “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
• “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар.
Демак, 2022 йил 1 июндан бошлаб, мазкур икки тоифадаги абитуриентлардан ҳам тест синови учун тўлов ундирилмайди.

- Тест синовлари очиқ майдонларда ўтказиладими? Самарқандда қайси ҳудудларда тест синовлари бўлиб ўтади?
- Вилоятимизда бу йилги кириш тест синовларига икки хил вариантда тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Ҳозирда ёпиқ типдаги катта сиғимли спорт заллари ва павильонлар танланиб, режа-чизмалари тасдиқланган. Булар – СамДУ академик лицейи спорт зали, Самарқанд спортнинг енгил атлетика ва ўйин турларига ихтисослаштирилган БЎСМ спорт заллари, СамДУ жисмоний маданият факультети спорт зали ҳамда Жомбой туманидаги халқаро кўргазмалар зали павильонлари. Пандемия билан боғлиқ вазият очиқ майдонларда ўтказишни тақозо қилса, Самарқанд шаҳри ва атрофидаги “Локомотив” марказий жисмоний тарбия спорт клуби Самарқанд филиали футбол стадиони, Cамарқанд шаҳар 2-сон БЎСМ стадиони, “Нурафшон” футбол стадиони, Самарқанд тумани ва Жомбой тумани БЎСМ футбол майдонларида тест синовларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.