III чоракдан барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади

Халқ таълими вазирлиги юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгани, иккинчи чорак якунига қадар 90 фоиздан ортиқ ўқувчилар анъанавий шаклда таълим олиш мақсадида мактабга қайтганини инобатга олиб, 2021 йилнинг 11 январидан (III чорак) барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилишини маълум қилди.

Айтиш жоизки, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш бўйича ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги давомида анъанавий шаклда таълим жараёни йўлга қўйилган мактабларда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлиги таъминланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермади. Айрим ҳолатларда ўқувчилар телевизион дарсларни кўриш ва ўрганиш ўрнига вақтини бесамар ўтказиш ва ота-оналар томонидан етарли назорат этилмаслиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилди.

Шу боис, ота-оналардан фарзандларининг келажаги учун ўз вақтида билим олишларига шароит яратишлари ва мактабга юборишларини сўраймиз.

Ўз ўринда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари барча умумтаълим мактабларида қишки мавсумда иссиқлик тизимининг барқарор ишлаши, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш билан боғлиқ ташкилий чораларни кўриш, санитария-гигиена ва дезинфекция воситалари билан таъминлашлари талаб этилади.