Архив хизматлари тўлиқ электрон форматга ўтмоқда

Шу йил 24 ноябрь куни давлатимиз раҳбарининг “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мамлакатимиз архив тизимида кенг кўламли ўзгаришлар назарда тутилган фармон билан архив соҳасини 2030 йилга қадар рақамлаштириш ва хизматлар сифатини ошириш ва соҳада самарали бошқарув тизимини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди.

Хусусан, Миллий архив фонди ҳужжатлари рақамлаштирилиши 60 фоизга етказилади, архив хизматлари 100 фоиз электрон  кўрсатишга ўтказилади ва хизмат кўрсатиш муддатлари камида уч баравар қисқартирилади. Ҳужжатларни классификация қилиш ва таниш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ҳужжатларни қайта ишлашда инсон омили 50 фоизга камайтирилади. 

2026 йил 1 июндан бошлаб архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланиладиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади. 

Бунда барча рақамлаштирилган ва келгусида рақамлаштириладиган архив ҳужжатлари Архив ахборот тизимига киритилади ва тизимда сақланади. 

Архив ҳужжатларини рақамлаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

- биринчи босқичда (2025-2027 йиллар) алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар, мол-мулк ва ерга оид архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилади;

- иккинчи босқичда (2028-2029 йиллар) кино, фото, фоно ва илмий-техник архив ҳужжатлари рақамлаштирилади;

- учинчи босқичда (2030 йилдан) Миллий архив фондининг бошқа архив ҳужжатлари рақамлаштирилади;

- Агентликнинг давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар ҳаракатини автоматлаштириш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва хавфсизлигини таъминлаш ишларига RFID (радиочастотали идентификация) технологиясини жорий этилади. 

Бунда 2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон миллий архивларида ва босқичма-босқич вилоят давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлар билан ишлашда RFID (радиочастотали идентификация) технологияси қўлланилади. RFID технологиясидан фойдаланиш орқали ҳар бир архив ҳужжатига уникал идентификация рақами берилади ва улар Архив ахборот тизими билан интеграция қилинади.

2026 йил 1 августдан бошлаб бир қатор давлат архивлари функциялари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқароларнинг оилавий шажаралари бўйича маълумотларни онлайн тарзда тақдим этиш имкониятини берувчи «Шажара» ахборот тизимини жорий этилади. 

 «Шажара» ахборот тизимида қуйидаги имкониятлар яратилади:

- «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимидаги дастлабки маълумотлар, давлат архивларида ҳамда идоравий архивларда сақланаётган архив ҳужжатлари асосида оила шажараси бўйича маълумотларни шакллантириш хизматини кўрсатиш;

- Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг ДНК маълумотлари хизмати орқали фуқароларнинг этник келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни аниқлаш;

- сунъий интеллект технологиялари ёрдамида оила шажарасига оид архив ҳужжатлари маълумотларини таҳлил қилиш ва оилавий боғлиқликини аниқлаш;

- оила шажарасига оид маълумотларнинг сақланиши, махфийлиги ҳамда ҳимоя қилинишини таъминлаш;

- оила шажарасини шакллантириш хизмати давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат архивлар ўзларида сақланаётган архив ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни давлат архивларига Архив ахборот тизими орқали онлайн тақдим этади. Давлат архивларининг жамлаш манбалари бўлган ташкилотларга нодавлат архивлар томонидан пулли хизматлар кўрсатишда давлат архивининг розилигини олиш амалиёти бекор қилинади. Давлат архивлари ўқув заллари фойдаланувчиларига архив ҳужжатларини вақтинча фойдаланишга бериш муддати икки ойгача узайтирилади.


Кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини расмийлаштириш ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат архивларининг мулкий ҳуқуқларни аниқлаш бўйича архив маълумотномалари фақат давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олинади. Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олинган архив маълумотномаси давлат архивидаги ер ва мол-мулкка доир ҳужжатга мувофиқлиги Архив ахборот тизими орқали текширилади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома бериш муддати 15 иш кунидан 5 иш кунигача, яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш муддати 20 иш кунидан 10 иш кунигача, олий ва ўрта-махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш муддати 5 иш кунидан 2 иш кунигача, архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) хизматларини кўрсатиш муддатлари 3 иш кунидан 1 иш кунигача қисқартирилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси архивининг ҳудудий филиаллари тугатилади ҳамда уларда сақланаётган архив ҳужжатлари белгиланган тартибда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари ҳамда вилоят давлат архивларига, улар фойдаланаётган бино қисми Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.

Вилоят, туман (шаҳар) шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари тугатилади ҳамда мазкур архивларнинг вазифа ва функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари, вилоят, туман (шаҳар) давлат архивларига ўтказилади.

Жамол Хушманов, 

вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.