Ҳоким ҳисобот берди: ҳудудда тадбиркорлик борасида қилинган ишлар қониқарлими?
Самарқанд туманидаги сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот ходимлари, Оҳалик, Ўрта Оҳалик, Миронқул, «Паррандачилик» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирок этган тадбирда туман ҳокими Носир Мавлонов жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритди.
- Шу йилнинг январь-июль ойларида туман бўйича 402 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, - дейди Н.Мавлонов. - Жорий йил якунига қадар жами 693 та, жумладан август ойида 60 та, сентябрда 68 та, октябрда 63 та, ноябрда 49 та, декабрда эса 51 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилиши режалаштирилган.
Тумандаги “Гулистон агротехсервис” агрофирмаси ҳудудидан импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулот турларини кўпайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кенг ривожлантириш мақсадида кичик саноат зонаси ташкил этамиз. Бунинг учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 43 та лотга бўлинган 6 гектар ер майдони ажратилган.
Кичик саноат зонасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган лойиҳа ташаббускорлари шакллантирилиб, улар томонидан суюқ травертин, ломинат, совун, тухум флейкалари, полиэтилен маҳсулотлари, полипропилен ва никел трубалар, қуруқ ва нам салфетка ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ушбу ҳудудда 40 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади. Натижада 500 га яқин янги иш ўринлари яратилади.
Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган ҳудудда Миронқул, Оҳалик, “Паррандачилик”, Ўрта Оҳалик ҳамда Янгижой маҳаллалари жойлашган бўлиб, ушбу ҳудудда 5 минг 121 оила истиқомат қилади. Шулардан 123 та эҳтиёжманд оила “темир дафтар”га киритилган. Ушбу оиладаги 170 та меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини ишга жойлаштириш режалаштирилган.
- Туманда фуқароларга субсидия, кредитлар ажратилганлиги натижасида сектор раҳбарларининг тавсияси ва фуқаронинг ёзма розилигига асосан ўтган даврда 1 217 та аъзоси бўлган 230 оиланинг меҳнатга лаёқатли 397 нафар аъзоси бандлиги таъминланди, - деди ҳоким. - Уларнинг даромад манбаи яратилди. Шундан 151 нафари доимий иш билан таъминланди. 24 нафари эса тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. 43 нафари ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланганлар ҳамда 179 нафари бошқа йўналишлар бўйича банд бўлганлиги сабабли халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияси қарорига асосан “темир дафтар”дан чиқарилди.
Масалан 1-секторда Миронқул маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 13,7 гектар ер майдонида кооператив ташкил этилиб, “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун эҳтиёжманд ҳамда ишсиз 31 фуқарога ер майдони ажратиб берилди.
Тадбирда карантин қоидаларини босқичма-босқич юмшатиш натижасида туманда 2 та бозор, 22 та ресторан, 134 та умумий овқатланиш шохобчаси, 14 та транспорт корхонаси, 4 та меҳмонхона ва бошқа корхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани таъкидланди. Шунингдек, таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш борасида маълумот берилди. Маҳаллаларда электр симларининг эскиргани, йўлларни таъмирлаш, ичимлик сувида юзага келаётган муаммолар ҳам муҳокама этилди.
Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.