"Журналистика илм билан маҳоратдир"

Аҳмаджон Мухторов феноменининг энг асосий моҳияти - у кишининг самимияти, фидойилиги ва маҳоратида эди. Камина маҳорат деганда профессионализмни назарда тутяпман. Ана шу учта фазилатга эга бўлган инсон кеча-ю кундуз касбининг ичида юради, яъни ётганда ҳам, турганда ҳам ёзилган ёки ёзилажак мақола ҳақида фикрлайди, хаёл суради. Профессионал киши ўзи каби инсонларни юксак қадрлайди, бағрикенглик эса ҳамиша бировларни ёмон кўришдан асрайди. Маҳорат завқ-шавқи ва машаққати кундалик одатига айланади. Албатта бу хулосаларни хоҳлаган услубда ифодалаш мумкин. Лекин унинг моҳияти ўзгармайди.

Гарчи ёш, янги мухбирлар ҳузурига киришга ҳайиқсак-да, қўлёзмамизни иложи борича ўринбосарларига эмас, балки бош муҳаррирнинг ўзига кўрсатишга ошиқардик. Чунки ўринбосарлар агар кайфияти яхши бўлсагина мақоламизни кўриб берарди, Аҳмаджон Ғуломович эса ким ёзган бўлишидан қатъи назар, астойдил таҳрир қиларди. Баъзан биргина сарлавҳани ўзгартириш билан мақола қадрини оширарди. Бунинг устига таҳририни миннат қилмасди. Нафақат таҳририятимизда, вилоятда, ҳатто пойтахтда ҳам Мухторовнинг сарлавҳа қўйиш маҳоратига тан беришарди.

Иккита мисол келтириб ўтаман.

Самарқандда қиличбозлик бўйича республика чемпионати бўлди. Сарлавҳамга ҳам матнга биноан "сабля", "рапира" каби атамалар киритгандим. Аҳмаджон ака эса "Қизлар қилич тутганда" деган сарлавҳа қўйиб берди. Яна бир ҳолатда ғўза вегетациясида нотўғри йўл тутилгани ва натижада ҳосилнинг тўкилгани ҳақида танқидий мақола ёзиб келдим. "Масъулиятсизлик қачонгача?" деб сарлавҳа қўйгандим. Номерга кетаётган ушбу мақолага бош муҳаррир "Тўғри йўлни қўйиб, тескари иш тутган раис", деб ўзгартирди ва бу мақола эртасигаёқ овоза бўлди.

Бир куни "летучка"да хатлар билан ишлаш масаласи кўрилди. Бу борада эътиборсизлик қилганлар гап эшит-ю, лекин турли баҳоналар билан вазиятдан чиқиб кетдишди. Тушликка яқин бош муҳаррир мухбирлар қўлидаги мактубларни йиғиб олдирди. Кейин қабулхонанинг ўзида котибаси Шоира Зоҳидовага диктовка қила бошлади. Аввалига қарийб бир саҳифага етадиган "Хатлардан сатрлар", давомидан "Мактубларни ўқиганда" обзори тайёр бўлди. Иккала материал номерга қўйилди ва 50 нафардан зиёд муаллиф кўнгли олинди. Йўқ, бош муҳаррир ўчакишган эмас, бировга зарда ҳам қилмади. Ана шу мактубларга эътибор муаллифга ҳурмат эканлигини юракдан ҳис қилишини кўрсатди. Бу тажрибани ҳозирда ўзим ҳам қўллайман.

Аҳмаджон Ғуломовичнинг ўзбек журналистикасидаги яна бир хизматини айтмасам бўлмас. Биламан, бу фикр пойтахтдаги айрим ҳамкасбларимга эриш туюлади, аммо бор гап шу!

Газетачиликда "подзаголовка", яъни тагсарлавҳа деган атама бор. Устоз ана шу усулни анъанага киритган ижодкор. Бунинг учун баҳслашиш шарт эмас, газеталар тахламларини кўздан кечиришнинг ўзи етарли. Саксонинчи йиллар бошидан, А.Мухторов бош муҳаррир бўлгандан сўнг бу усул бизда одатга айланди. Тагсарлавҳа мақола моҳиятини ўқувчига етказишда катта аҳамиятга эга. Бинобарин, биз ўшандан буён ана шу асосда ишлаймиз. Сарлавҳа ва тагсарлавҳани қўйгандан кейин муаллиф фикрини билдиришда чалғимайди, масалага аниқ ёндашади. Муштарий ҳам буни ўқигач, мақоладан фикр ва хулоса қидиради. Пойтахт газеталари А.Мухторов Тошкентга бориб,"Қишлоқ ҳақиқати" ва "Халқ сўзи" газеталарида қўллагач, пойтахтдаги бошқа газеталар ҳам буни ишлата бошлашди. Ўзим "Ўзбекистон овози" газетасида (1990-1996 йиллар) ишлаган давримда аввалига мақолаларимдаги тагсарлавҳаларни беришмаган. Эътироз билдиравергач, битта-иккитасида беришган, бу ҳол Ш.Убайдуллаев бош муҳаррир бўлгандан сўнг одатга айланди. Матбуот тарихини тадқиқ этувчилар бу ҳолатни ҳисобга олишлари зарур, деб ҳисоблайман.

Аҳмаджон Ғуломовичнинг бағрикенглиги албатта унинг профессионаллиги билан боғлиқ эди. Ҳар қандай мураккаб феълли ҳамкасблари билан тил топишар ва уларни қадрларди. Мабодо, қўлига уларнинг қизиқарли, яхши материал тушиб қолса, завқланганидан ўша заҳоти номерга қўйишга эришарди. (Маълумот учун айтмоқчиманки, у пайтда газетамиз ҳафтада 6 марта чиқарди).

Бутун жамоа биларди: айрим сафдошларимиз бош муҳаррирни унча хушламас, ўз сўзини, феълини устун қўярди. Баъзи ҳолатларда бу феъллар туфайли материалларимиз ойлаб, ўринбосарлар ғаладонида қолиб ёки умуман чиқмай кетарди, жавоб битта: "ёзаверинг, мавзу кўп, қўлимдагини вақтим бўлганда кўриб бераман". Бош муҳаррир бундай ҳолатларни билганлиги учун ҳам ёшларга алоҳида топшириқ бериб, материалларимизни ўзи таҳрир қилиб туширарди.

Журналистни лавозимига эмас, балки қаламининг қудратига қараб баҳо беришади. Бу жиҳатдан А.Мухторов нафақат барчамизга ибрат кўрсатди, Маҳмудхўжа Беҳбудий бошлаб берган Самарқанд журналистика мактабини янги поғонага олиб чиқди. Профессор Ҳамдам Бердиёров, шоир ва драматург Душан Файзий  билан ҳамкорликда ёзган"Тўй, тўйчи, тўйхўр" сарлавҳали туркум публицистик  мақолалари ўша даврда обком бюросида эътироф этилганди. Болта Ортиқовнинг бир неча қиссасини тожикчадан, Февзи Алтеванинг шеърларини озор тилидан, рус адибларининг кўплаб ҳикояларини, ҳажвияларини ўзбекчага ўгирди. Абдураим Убайдуллаев  билан биргаликда Самарқанд матбуоти тарихига оид рисола ёзди. У киши томонидан мақолага қўйилган "Газета - чироғи, қалам - қайроғи, фикр - қаймоғи, юрак қийноғи" ибораси ҳамкасблар ўртасида эндиликда шиорга айланиб кетди.

Аҳмаджон акани бош муҳаррир сифатида вилоятдаги салоҳиятига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Ҳамма даврда бўлгани каби танқидий мақолаларга раҳбарлар муносабати яхши эмас эди. Улар турли баҳоналар билан ўзларини оқлашга ёки "кучини кўрсатиб қўйишга" ҳаракат қилишарди. Бундай пайтда (кўпинча летучка ўтаётган чоғда) бош муҳаррирнинг вилоят партия қўмитаси котиблари, ташкилот раҳбарлари билан гаплашганини, газетани, мухбирни ҳимоя қилганини кўрганмиз. Шу билан бирга у киши мухбирларни ўз тумани ёки қишлоғидан мақола, айниса танқидий материал қилишга жўнатмасди, этикани сақларди. Мен ҳам ҳозир ана шундай йўл тутаман.

Профессионализм доимо масъулият орқасидан юзага келади, яъни ўз касбига оид ахборот ва янгиликлардан хабардор бўлиш. А.Мухторов мамлакатда чиқадиган жуда кўп журналларни мунтазам ўқиб борар, бизга ҳам тавсия қиларди. Ёшларга қарата "Укалар, журналистика илм билан маҳоратдан пайдо бўлади, битта иқтидор билан катта натижада эришиб бўлмайди" дер эди. Эсимда,Тошмурод Маманиёзов, Манноб Нажмиддинов, Исо Абдураҳмонов, Суръат Орипов, Асад Дилмуродов, Дилбар Саидовалар ёзган материалларни таҳрир қилмасдан қўл қўйиб берарди. Чунки, уларнинг маҳоратига ишонарди. Бу ишонч эса муаллифларга масъулият юкларди.

Аҳмаджон Ғуломович бекор юрган журналистни ёмон кўрарди. Коридордами, хонадами, бошқа давралардами, гап сотиб ўтирган ҳамкасбларимизга бир ёмон қараши орқали муносабатини билдириб қўярди. Ёшларни эса мабодо қўлида материали бўлмаса, "АПН", "ТАСС"дан келадиган хабарларни таржима қилишга ундарди. Ўзи ҳам рус ва тожик тилларида биноийдек ёза оларди. Баъзида бизларни китоб дўкони ёки Жомбойдаги китоб савдоси базасига бошлаб борар, янги китобларни танлар, бизларга ҳам бир-иккитадан китоб совға қиларди.

Устознинг мавзу танлашдаги ибрати, маҳоратини таъкидламоқ жоиз. Мисол учун ҳар ойда "Мулоҳаза учун мавзу" рукнига режа тузиб, уни ёзишни ўзи бошлаб берарди. Бу мавзуларни катта доирадаги анжуманда айтилган фикрлардан, одамлар билан суҳбатдаги мулоҳазалардан олар экан. Мисол учун, "Сочи елкасига тушган йигитлар", "Ошхонаси тартибсиз аёллар", "Ассаломни билмаган болалар", "Фарзандингиз ўқиётган мактабга бордингизми?", "Ҳунарни ким ўргатади: ота-онами ёки муаллим?" ва ҳоказо.

А.Мухторов ўз даврининг етук зиёлиси, сиёсий арбоби эди. Турли йиғинларда у кишининг вилоят ва ҳатто республика миқёсидаги раҳбарлар билан эркин суҳбатлашишини кўриб, фахрланардик. Бир анжуманда вилоят биринчи раҳбари Бектош Раҳимов халқ оғзаки ижоди аҳамияти ҳақида мажлис ўтказаётиб, минбардаги сафдошлар билан маслаҳат қилиб, "Зиёлиларга, халқимизга бу маънавий меросимизни асраш юзасидан мурожаат қилсак-чи?" деб таклиф билдирди. Йиғилиш тугагунча Аҳмаджон Ғуломович бошқа хонада ўтириб ана шу мурожаат матнини тайёрлаб келди ва ўқиб берди. Бундай воқеалар қишлоқ хўжалиги мавсумида бир-неча бор бўлган.

Адашмасам, 1982 ёки 1983 йилнинг 31 декабрида кечқурун бош муҳаррир уйидан оқшом қолиб ишловчиларга ош пиширтириб келди. Ўзининг хонасида ошни биргаликда едик. Кейин тўсатдан "қани, ҳамкасблар, энди Аҳрор Жўраев ва Фармон Тошевдан биттадан хиргойи эшитамиз" деди. Аҳрор ака (у киши дадам билан бир курсда ўқиган) Машрабнинг "Келибдур" радифли ғазали билан айтиладиган ашулани айтиб берди. Мен эса Фурқатнинг "Тортадур" радифли ғазали билан машҳур қўшиқни хиргойи қилдим. Хонадагилар олқишлаган бўлишди. Шунда бош муҳаррир:

   - Қаранг, олтмиш ёшли киши умидли ва қувноқ, 30 ёшли йигит эса ғамгин ашула айтаяпти,- деб гапни ҳазилга буриб юборди.

 Бу гапни бежиз айтмадим. Аҳмаджон ака таҳририятдаги Самариддин Сирожиддинов, Асад Дилмуродов, Дилбар Саидова, Суръат Орипов каби ижодколар шеър ва ҳикояларини вақти-вақти билан бериб борарди. Ҳатто мусаҳҳиҳ ва ҳарф терувчилар мақолаларини таҳрир қилиб, чоп эттирарди. Бу савобли ишларнинг ягона гувоҳи бугун ўша давр газеталари тахламларидир.

Тошкентда борганда ҳам А.Мухторов жўшқин фаолият кўрсатди. Қисқа муддатда Ўзбекистон журналистларининг сарварига айланди. Мен Олий Партия мактабига ўқишга кирдим, вақт топиб табриклагани ҳузурига кирдим, у киши эндигина "Қишлоқ ҳақиқати" газетасига бош муҳаррир бўлиб келгандилар. Салом-аликдан сўнг дангал гапни айтди:

- Ука, ортиқча гап-сўзлар билан вақтни ўтказмайлик. Дарсдан кейин таҳририятга келасиз. Партия турмуши бўлимини норасмий бўлса-да, иккига бўлиб турамиз. Пропаганда бўлими материалларини тайёрлашда ёрдам берасиз. Ҳам малакангиз ошади, ҳам қалам ҳақи оласиз. Қолаверса, қилаётган ишингиз-ку бу.

Рози бўлдим. Ва бирга ишладик, завқ билан ишладик, вилоятларга юборди, материаллар қилиб келдим, таҳририятда Тоҳир Мирходиев, Темир Абдураҳмонов, Неъмат Ёқубов, Шуҳрат Шабборов, Норбобо Шакаров, Мирғиёс Қаюмов, Наримон Орифжонов каби забардаст журналистлар билан ҳамкорлик қилдим, улардан кўп нарса ўргандим.

Аҳмаджон ака дунёни эрта тарк этдилар. Аммо ҳақиқий журналист ўлмайди. Чунки унинг тажрибалари услубиятда, анъаналарда давом этади. Қилган ишлари эса газета тахламларида ҳамиша бизга йўл кўрсатиб туради. А.Мухтором ана шундай шахслардан эди.

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

"Зарафшон" ва "Самаркандский вестиник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири.

29 август 2023 йил