Келин хизматкор эмас

Таҳририятга келган оилавий масалалар билан боғлиқ  саволларга жавоблар.

- Эр-хотин тенг ҳуқуқлими?

- Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин, деб ҳисобланади. Эр-хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ва улар тенг мажбуриятга эгадирлар. Никоҳ тузиш вақтида эр ва хотин ўз хоҳиши билан эри ёки хотинининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлайди ёки уларнинг ҳар бири никоҳгача бўлган ўз фамилиясини сақлаб қолади. Болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қиладилар. Эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ҳамда яшаш жойини танлашда эркиндир.

- Қайнонам момоларимиздан қолган урф-одат деб келин бўлиб тушганимга 3 ой ўтса-да, келинлик либосида юришга мажбур қилмоқда. Мен эса ишлайман, бу либослар мен учун ноқулай. Шу масала қонунларда ҳам белгиланганми?

- Оилавий муносабатларга киришгандан сўнг фуқаронинг бирор бир ҳуқуқи чекланиши мумкин эмаслиги белгиланган. Ўзингизга қулай либосда юришингиз мумкин.

- Оиладаги муносабатларни тартибга солишда шаръий никоҳнинг аҳамияти борми?

- Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза бергандан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабаблар бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.

- Баъзи оилаларда келинга хизматкордек муносабатда бўлишади. Бу масала қонунчиликда қандай белгиланган?

- Ўзбекистон Республикаси “Оила кодекси”нинг талабларига асосан, келин хизматкор сифатида тушунилмайди. У шу оиланинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Яъни оилавий муносабатларда эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.

Саволларга фуқаролик ишлари

бўйича вилоят суди раиси

М.ТОЖИБОЕВ жавоб берди.