Китоб мутолааси QR кодлар билан янада қулай

Самарқанд вилояти “Болалар кутубхонаси”да ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу борада уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида эзгу ташаббусга қўл урилди.

Эндиликда ўқувчилар кутубхонадаги китобларнинг нафақат ўзини олиб ўқиши, балки уларга ўрнатилган QR кодлар орқали китобни электрон ва аудио шаклларини планшет ёки смартфонларга кўчириб олган ҳолда мутолаа қилиши мумкин. Кутубхона жамоаси томонидан айни пайтда 20 дона электрон ва 10 дона аудио китобларга QR кодлар қўйилиб, китобхонлар учун қулайликлар яратилди.

Бугун ушбу хайрли ташаббуснинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда кутубхона директори Юсуф Муҳаммадиев ва кутубхона ходимлари ёшларга мазкур қулайликнинг аҳамияти ҳақида гапириб, уларни китобхонликка чақиришди.

Электрон ва аудио китобларга QR кодларни жойлаштириш давом этмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.