Оқдарёда рўй берган йўл транспорт ҳодисаси бўйича расмий хабар берилди
Бугун, 29 июнь куни Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Даҳбед қўрғони ҳудудида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат ҳақида расмий хабар берилди. Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ матбуот хизмати хабар беришича, 2019 йил 29 июнь куни соат тахминан 10:45 ларда Қўшработ туманида яшовчи И.Ж. ўз бошқарувида бўлган "Нексия" русумли транспорт воситасини Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 йўлининг 10 километрида Самарқанд-Бухоро йўналишида бошқариб келаётган вақтда рул бошқарувини йўқотган. Оқибатда йўл четида тўхтаб турган Оқдарё туманида яшовчи М.А. бошқарувида бўлган "Ваз-2106" русумли транспорт воситаси билан тўқнашув содир қилган.
Иккала автомашинага моддий зарар етган. Оқибатда "Ваз-2106" русумли автомашина ҳайдовчиси М.А. ва йўл четида турган пиёда А.К. енгил жароҳат олиб, шошилинч тиббий ёрдам маркази Оқдарё туман бўлимига мурожаат қилган. Бу ерда уларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги кунда Окдарё тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.