"Ўзимни имконияти чекланган деб ҳисобламайман"
Бу йигитни биринчи кўрган одамнинг хаёлидан “Ҳа, энди ҳамма ёшларга ўхшаган ёш-да”, деган фикр ўтади. Бироз суҳбатлашгач эса у ҳақдаги фикрингиз тамоман ўзгаради. Унинг шижоати, сабри, интилиши, мақсадларидан ҳамма ўрнак олса, арзийди.
Қаҳрамонимиз Жўрабек Карвонов 1997 йилда Каттақўрғон тумани Қўшҳовуз маҳалласида туғилган. Жўрабек дунёга келганда иккала оёғида ногиронлиги бор эди. Бу кўнгилсизликдан унинг ота-онаси ҳам, ўзи ҳам умидсизликка тушмади. Жўрабек мактаб таҳсилини уйида якка тартибда олган. 2010 йилдан маҳалласида компьютер хизматларини олиб бормоқда ва ёшларга ҳам буни ўргатиб келяпти.
- Ёшлигимда мен нега бошқа болаларга ўхшамайман деб хафа бўлардим, кейинчалик бу ҳақда ўйламай ҳам қўйдим, - дейди Жўрабек. - Чунки инсон ҳаётда ўз олдига катта мақсадлар қўйиши ва унга доим интилиб яшаши керак экан. Кичкина мағлубият ҳам катта ютуқларга бошлайди. Ҳозир ўзимни имконияти чекланган деб ҳисобламайман.
Компьютерда турли дастурларда ишлашни ва асосийси, видеоларни монтаж қилишни биламан. Бўш вақтимда ёшларга компьютерда ишлашни ўргатаман. 2010 йилда мустақил тўй маросимларига таклифнома, видео ва фотосурат хизматларини йўлга қўйгандим. Тўғриси, ишларим юришиб кетди. Кейинчалик маҳалламизда пайнет хизматини ҳам ташкил қилдим. Яқинда маҳалламиздаги ёшлар етакчиси ёрдами билан 33 миллион сўм кредит ажратилди ва янги компьютер олиб берилди. Ижарага битта хона олиб, 3 нафар ёшни ишли қилдим. Келгусида фаолиятимни кенгайтириб, ўқув маркази ҳам очмоқчиман.
Баъзида тўрт мучаси соғ бўлиб ҳам ҳаётдан нолиб юрганларни учратамиз. Аслида ҳаётдан нолиш эмас, шароитларни яхшилаш учун ҳаракат қилиш керак. Одамда хоҳиш бўлса кифоя, имкониятларнинг чегараланганлиги аҳамиятсиз.
Фазлиддин Рўзибоев.