“Падаркуш” драмаси саҳна юзини кўрганига 110 йил бўлди

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси ўзбек драмачилигининг ҳамма якдил эътироф этган биринчи намунасидир.

Мутахассислар уни ҳам жанр, ҳам мазмунга кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган асар сифатида баҳолайди. Муаллиф “Миллий фожиа” деб атаган 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва жўн.

Асар ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб ўз отасининг ўлдиргани, нодонлик ва жаҳолат ҳақида.

“Падаркуш” дастлаб Самарқандда 1914 йилнинг 15 январида саҳнага қўйилган. Спектакль ўз маишатига ўралиб, дунёни унутган миллатдошларга чақмоқдек таъсир этди.

У Тошкентда 1914 йилнинг 27 февралда қўйилган.

Абдулла Авлонийнинг “Турон” группаси ўз фаолиятини мана шу “Падаркуш” билан бошлаган. Спектакль бошланиши олдидан Мунавварқори театрнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида нутқ сўзлайди. Бош ролни Абдулла Авлонийнинг ўзи ижро этади. Маҳаллий матбуот бу кунни “тарихий кун” деб ёзган эди.

Бу ўзбек халқининг маданий ҳаётида улкан воқеа бўлган, шу куни ўзбек миллий театри дунёга келган.

Беҳбудий биринчи ўзбек драмасининг муаллифигина бўлиб қолмай, уни саҳналаштириш жараёнида иккинчи режиссёр сифатида ҳам иштирок этган.

Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини ҳам малоҳатини ҳам кўра олсин.

Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуотга бошлади. “Падаркуш” драмаси шу тариқа майдонга келди.