Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Россиядаги меҳнат мигрантлари мамлакатда вақтинча қолишни қачонгача қонунийлаштириши керак?

Россия Президентининг 2020 йил 18 апрелдаги “Янги коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида Россия Федерацияси ИИВ ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхонлари ҳамкорлигида 2020 йилда Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 50 минг 700 нафар фуқароларимизнинг мақоми қонунийлаштирилди.

Ҳозирги кунда ушбу фармонга киритилган ўзгартиришлар асосида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижий давлат фуқароларига 2021 йил 15 июнга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилди.

Шунга кўра, Россия Федерацияси ИИВ билан ўрнатилган ҳамкорлик асосида Россия ҳудудида ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхати шакллантирилди.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 15 июнига қадар яшаш жойидаги тегишли Россиянинг ички ишлар органларига мурожаат қилиш орқали Россия Федерацияси ҳудудида бўлишларини қонунийлаштириш ҳуқуқидан фойдаланишга чақирамиз.

Бунда Россиянинг ички ишлар органлари томонидан ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш чоралари қўлланилмайди ҳамда уларга яшаш жойидаги миграция бўлимидан қайта рўйхатдан ўтиш имконияти берилади.

Ушбу масалада ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Россия минтақаларидаги Бош консулхоналарига ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин.