Ишсиз фуқарога ер ажратиш: Кимга имтиёз, имконият берилади?

Ҳозирда юртимизда етиштирилган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари дунёнинг 66 мамлакатига экспорт қилинади. Ўтган беш йилда мева-сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар экспорти қарийб икки баробар кўпайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш мумкин. Демак, пахта ва ғалладан қисқартирилаётган майдонларда боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш экспорт ҳажмини оширади. Бунда соҳага аҳолининг кенг қатламини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш билан тармоқда қўшимча ўсишга эришилади.

Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шу мақсадлар кўзланган. Қарорда аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратилган.

Қарорга асосан, 2022-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан жами 200 минг гектардан ортиқ ер майдони қисқартирилади. Ушбу ерлар ҳисобидан фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратиш белгиланган.

Жумладан, вилоятимизда 4 йилда 15 минг 760 гектар, 2022 йилда эса 6303 гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилади

Каттақўрғон туманида 2022 йилда 564 гектар майдон очиқ электрон танлов орқали, ижара ҳуқуқи асосида аҳолига берилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда туманда истиқомат қилувчи 278 минг аҳолидан 11 минг нафарга яқини вақтинча ишсиз. Жорий йилда уларнинг 3 минг нафари 15-20 сотихдан ер ажратиш йўли билан бандлиги таъминланади. Кейинги тўрт йилда эса ер ажратиш туфайли банд бўлган аҳоли сони 9,5 мингдан ортиши режалаштирилган.

- Ўтган йили ғалладан бўшаган майдонда такрорий экин ва қарор асосида сувли майдондан баҳорги экин учун 1200 нафарга яқин ишсиз фуқарога 2 минг гектардан ортиқ ер ажратиб бердик, - дейди туман ҳокими ўринбосари Қобилжон Тоғаев. – Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги қарори асосида “дафтар”ларда турган фуқароларга қўшимча балл берилиб, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот тайёрланади. Ер олган фуқароларга фермер хўжаликлари томонидан майдонни экишга тайёрлаб, ихтисослашувига кўра уруғлик берилади, етиштирган маҳсулотининг экспорти таъминланади. Ҳозиргача “DEAL AND ACT TRADING”  масъулияти чекланган жамия­ти билан 200 гектар майдонда кунгабоқар етиштириш ва маҳсулотни харид қилиш борасида шартнома имзоланди. Туркиядан келтирилган кунгабоқарнинг афзаллиги шундаки, у қисқа муддатда пишади, кам меҳнат ва кам сув талаб қилади, гектаридан 4 тонна ҳосил олиш мумкин. Асосийси, бозори ва харидори аниқ. Лотин Америкаси давлатларига қалампир экспорти, Хитойга мош ва дуккакли экинлар, Россияга қулупнай экспорт қилиш борасида келишувлар олиб боряпмиз. Маҳаллаларнинг жойлашувидан келиб чиқиб, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштиряпмиз. Масалан, Алижон маҳалласида картошка, карам етиштирилади, Пахтакорда помидор, Ойжонда иссиқхона, Қирғизда қулупнай, Мўндиёнда узум, Таворонда малина етиштирилади ва чорвачилик билан шуғулланишади.

Келинг, ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Масалан, 10 сотих майдонда 300 килограмм картошка уруғи экилади, ўртача бир килограмм уруғ 8000 сўмдан 2,4 миллион сўм, ер тайёрлаш, ўғит ва бошқа харажатларга 1,6-1,7 миллион сўм сарфланади, жами 4 миллион сўм атрофида маблағ сарфланади. 10 сотих майдондан 2,5-3 тонна ҳосил олинади. Биргина картошканинг ўзидан 10 миллион сўм даромад қилиш мумкин. Такрорий ва тўқсонбости экинлардан бу рақамларни яна бир неча баробар ошириш мумкин.

Туманнинг Мўндиён маҳалласида яшовчи Дилшод Беркинов шундай ҳисоб-китоблар билан ўтган йили ғалладан бўшаган майдонда картошка экиш учун 20 сотих ер олганди. Даромад ёмон бўлмади.

- Қизим Севинч Бегматова “Ёшлар дафтари”да турарди, маҳалладан келиб, қизингизга ер берамиз дейишди, - дейди Д.Беркинов. – Ўзим деҳқончилик билан шуғулланганим учун ерни ҳеч иккиланмай олдим. Фермер март ойида ерни тайёрлаб берди, уруғни экдик. Олган ҳосилни ўлчаб кўрмадим, бир марта 10 миллион сўмга сотдим, қишлоғимиздаги 20 та хонадонга тарқатдим, ортгани ҳозиргача рўзғоримизга етиб турибди. Ўрнига маккажўхори, помидор, тарвуз экдим. Ўтган йили 40 миллион сўмдан ортиқ даромад қилиб, олти бош қорамол олдим, тўй қилдим. Бу йил ҳам деҳқончилик ортидан машина олиш ниятидамиз.

Ер оилалар даромадини ошириш, аҳоли фаровонлигига эришишда катта имконият. Кимдир бундан тўғри фойдаланиб, рўзғорини фаровонликка олиб чиқади, яна кимлар учун кутилган даромад кам бўлади. Лекин ер ҳам меҳнат қилганга баракасини беради.

Ўктам Худойбердиев.