Самарқанд аҳолисининг 66 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Бу камми, кўпми?

Вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда қандай ишлар амалга ошириляпти? Бу борада қандай муаммолар бор? Келгусидаги режалар нималардан иборат?

Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбар ва мутахассислари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу каби саволларга жавоб изланди.

- Айни кунда вилоятимиз аҳолисининг салкам 66 фоизи марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви билан таъминланган, - дейди корхона раҳбари Комилжон Юсупов. – Бу кам, албатта. Шу боис 21 фоиз аҳоли муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланяпти, 14 фоиз аҳолига махсус транспортлар орқали оби ҳаёт етказиб берилмоқда. Аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 2018 йилда 53,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди, натижада вилоятдаги 80 мингга яқин аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 50 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Бу йил 89,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 71 та объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 67,1 фоизга етиши кутилмоқда.

Анжуманда ичимлик суви таъминотида муаммолар юзага келишининг сабабларига ҳам тўхталиб ўтилди. Масалан, Самарқанд шаҳри аҳолисига етказиб берилиши мўлжалланган ичимлик сувининг қарийб бешдан бир қисми истеъмолчига етиб бормайди.

- Шаҳарнинг айрим ҳудудларида яроқсиз ҳолга келиб қолган тармоқлар бунга асосий сабаб бўлмоқда, - дейди К.Юсупов. – Жумладан, шаҳар ҳудудида 378 километр ичимлик суви тармоғи эскирган. Айнан шундай жойларда авария ва сувнинг беҳуда исроф бўлиши ҳолатлари рўй бермоқда. Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, шаҳарда “Самарқанд вилоятининг ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси” маблағлари ҳамда халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобидан янги сув тармоқлари қурилди, мавжудлари таъмирланди, шунингдек, оқова сув қувурлари реконструкция қилинди ва янгилаш амалга оширилмоқда.

Акрам БЎРИЕВ.