Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон. Ўзбекистонда илм-фаннинг янги Ренессанс даври бошланмоқда

Бугун мамлакатимизда таълим-тарбия соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, илм-фан, маърифат соҳаси вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, интеллектуал бойликнинг қадр топаётгани халқимизнинг тарихи, тийнати, менталитети, асрий қадриятлари, орзу-умидлари билан бевосита боғлиқ.

Ватанимизда инсоннинг таълим олишига ижобий муносабат узоқ йиллик анъаналарга эга. Чунончи, ҳудудимизда IX-X асрлардан бошлаб кўплаб мактабу мадрасалар фаолият кўрсатган. Илк бор очилган олий ўқув юртининг тарихи ҳам асрларга туташ.

Тарихчи-олимлар, илм-фан намояндалари, халқаро экспертлар бугунги кунда фаолият юритаётган Самарқанд давлат университети тамал тоши Ўрта асрларда қўйилган Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг вориси эканини қайд этмоқдалар.

Хўш, ушбу университет тарихининг кўҳна Шарқ цивилизациясида беқиёс аҳамият касб этган Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолиятига узвийлиги қандай асосларга эга? Ушбу олий ўқув юртида таълим жараёни бугунги кунда қандай кечмоқда?

Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, техника фанлари доктори, профессор Рустам ХОЛМУРОДОВ билан суҳбатимиз ана шулар хусусида бўлди.

— Халқимизда «Оққан дарё оқаверади», деган ниҳоятда ҳикматли гап бор, — дейди Р. Холмуродов. — Дарҳақиқат, эзгу тутумлар қадриятга айланади, яхши фазилатлар қондан-қонга ўтади. Жумладан, илму зиё ҳам суяк суради. Шу маънода, тамаддуний тараққиёт ҳам узлуксиздир. Кўзга кўринмас минглаб иплар ­билан боғланган узвий ришталар йиллар, асрлар оша бўй кўрсатаверади.

Муайян даврлар оралиғида Ватанимиз ҳудудидан Имом Бухорий, Абу Наср ­Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Фарғоний, Ҳаким ­Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Хусрав Деҳлавий, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор, Алишер ­Навоий, Камолиддин Беҳзод, Абдулқодир Бедил, Бобораҳим Машраб каби буюк ­сиймолар етишиб чиққан. Улар башарият тараққиётига улкан ҳисса қўшишган.

Буни кўпчилигимиз яхши биламиз. Лекин табиий бир савол туғилади: ушбу инсонлар ақл-тафаккур, илм-фан, маънавият-маърифат бобида қандай қилиб бундай олий мақомларга эришган? Улар қаерда ўқиган, кимлардан таълим олган?

Шубҳасиз, юксак билимга эга бўлиш учун ҳар қандай инсон юксак даражада таълим-тарбия олиши керак. Ўзига хос илмий мактаблар, муҳит, зарур шарт-шароит мавжуд бўлгандагина етук салоҳият эгалари камол топади. Шу боис Ўзбекистон олий таълим тизими чуқур илдизларга эгалиги аниқ.

Мана шундай фикр-қарашлар неча йилларки юртимиз зиёлилари орасида айланиб юради. Бироқ мамлакатимиз ҳудудида фаолият олиб борган илмий мактаблар тарихини тадқиқ қилишда шу вақтга қадар айтарли ютуқларга эришилмаган.

Бунинг сабаби Ватанимиз истиқлолигача бу ҳақда дадил айтишнинг имкони йўқ эди. Кейинчалик ҳам бу масалага панжа орасидан қараб келинди. Мамлакатимиздаги илк олий таълим муассасаси сифатида 1918 йилда иш бошлаган Ўзбекистон Миллий университетигина кўрсатиларди. Юртимизда олий таълим тизими пайдо бўлганига эндигина бир аср бўлибди, деган хато ва бир томонлама тасаввур не-не алломаларни улғайтирган халқимизнинг шонли тарихига, қисқача айтганда, адолатсизларча ёндашув эди. Ана шундай тамойил билан ўзимиз ­фаолият олиб бораётган Самарқанд давлат университети ўтмишини ўргана бошладик. Натижада университетимизнинг бир географик ҳудудда жойлашуви, тарихий-меъморий иншоотлар, асрлар оша бизгача етиб келган қўлёзмалар, нодир асарлар, маънавий муҳит, анъаналари, қадриятларига кўра Самарқандда 1420 йилдан иш бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг вориси экани ойдинлашди. Бу юртимиз тарихида фаолият кўрсатган олий мадрасалар бугунги кундаги олий таълим даргоҳларининг «аждоди» эди, деган фикрни беради.

— Мулоҳазаларингиз ғоят ғурурбахш. Лекин қадимда иш юритган мадрасаларимизда, асосан, диний таълим берилмаганми, деган табиий савол туғилади.

— Фикрингиз тўғри. Ўрта асрларда ҳар қандай ўқув маскани таълимининг асосини ислом таълимоти ташкил этарди. Шу билан бирга, мадрасаларимизда дунёвий фанлар ҳам ўқитилган ва даврлар ўтиши билан уларнинг улуши ортиб борган. Жумладан, Мирзо Улуғбек мад расасида ислом таълимоти билан бирга, математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларнинг ўқитилиши иккинчи Шарқ Ренессансининг вужудга келишига туртки бўлган.

Аслида, Ғарбдаги кўҳна деб ҳисобланган дастлабки университетлар тарихига назар ташласак, уларнинг аксарияти ҳам аввал талабаларга диний таълим бериш мақсадида ташкил этилгани аён бўлади. Европанинг бугунги кунда ҳам машҳур бўлган Болонья (Италия, XIII асрда асос солинган), Оксфорд (Буюк Британия, XIII асрнинг иккинчи ярмида асос солинган), Кембриж (Буюк Британия, 1209 йили асос солинган), Сорбонна (Франция,  Парижда 1257 йили ташкил этилган, асосчиси — руҳоний Сорбон), Салерна ­(Италия, IX аср­да Европадаги биринчи тиббиёт ­таълим муассасаси сифатида очилган, XI-XIII аср­ларда жуда машҳур бўлган), ­Уппсала (Швеция, 1477 йили архиепископ Якоб Улфсон томонидан ташкил этилган), Хайделберг (Германия, 1386 йил 18 октябрда «Муқаддас руҳ» черковида очилиш маросими ўтказилган) университетларининг барчаси дастлаб диний таълим муассасаси бўлган. Даврлар ўтиши билан уларда дунёвий фанлар ўқитилиши кенгая ­борган.

Шарқда ҳам айнан шундай жараён кечган. Хусусан, академик Бўрибой Аҳмедовнинг қайд этишича, Соҳибқирон Амир ­Темур 1387 йили журжонлик машҳур олим Мир Саййид Шарифни Самарқандга олиб келган ва пойтахтдаги ўзи қурдирган «Дор уш-шифо» мадрасасида дарс беришга ­тайинлаган. «Дор уш-шифо» — «Шифо уйи», яъни шифохона дегани. Мантиқан англашилиб турибдики, бу мадрасада кўпроқ тиббий илмлар ўқитилган бўлиши керак. Орадан бир аср ўтиб, Алишер ­Навоий Соҳибқирон Амир Темурдан қолган шу анъанани давом эттирди. У Ҳиротда айнан тиббий илмлардан таълим бериладиган «Шифоия» мадрасасини қурдирди. Тарихчи Хондамир «Макорим ул-ахлоқ» асарида ҳазрат Навоийнинг «Шифоия» мадрасасини бунёд этгани ва у ерда тиббиёт соҳаси бўйича мутахассислар тайёрланганини ёзади: «Шифоия» (мадрасаси) ушбу мадрасанинг (бу ўринда «Халосия» мадрасаси кўзда ­тутиляпти) Ғарбий томонида ўта тоза ва саришта бир тарзда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда Мавлоно Ғиёсиддин ­Муҳаммад ибн Мавлоно Жалолиддин ушбу масканда ­тиббий илмлардан таълим ­бериш билан машғул”.

Афсуски, таълимдаги юксалиш XVI аср­дан эътиборан муайян даражада орқага кетди. Олимларимиз тўғри қайд этаётганидек, кейинги асрлардаги уринишлар эса аҳволни ўнглай олмади, объектив ва субъектив омиллар олдинги юксак даражаларга етиш имконини бермади. Маълум маънода депсиниш ва турғунлик юзага келди. Ғарбда диний таълим муассасаларининг замонавий тушунчадаги университетларга айланиш жараёнида ҳам узилишлар бўлган, масалан, Ўрта асрлар инквизицияси ва айрим қироллар сиёсати таъсирида баъзи университетлар фаолияти мутлақ тўхтатиб қўйилган даврлар ҳам бўлган. Бироқ мамлакат раҳбарлигига очиқ фикрли, зиёли инсонлар келганида ушбу таълим даргоҳларининг фаолияти қайта тикланган. Ҳатто уларнинг янги ривожланиш даври учун шароитлар яратиб берилган.

— Демак, мамлакатимизда илк олий таълим муассасаси ташкил этилганига 600 йил бўлибди. Мирзо Улуғбек мадрасаси қачонгача фаолият юритди? Ушбу олий ўқув масканида таълим жараёни қандай кечган?

— Тарихчи олим, шоир Зайниддин ибн Абдужалил Восифий ўзининг «Бадоэъ ­ул-вақоэъ» («Гўзал воқеалар») асарида Улуғбекнинг Самарқандда бино қилдирган мадрасайи олияга мударрис тайинлаш билан боғлиқ бир лавҳани ­тасвирлаган. Унда ёзилишича, ҳижрий 813, милодий 1420 йил куз фаслининг фараҳбахш куни мадраса қурилиши ниҳоясига етган. Ҳаммаёқ саранжом-саришта. Олимлар, толиби илмлар, қозию қуззот, сарой аҳли янги мадраса ҳовлисига жам бўлган. Барчани бу фирдавсмонанд мадрасанинг биринчи мударриси ким бўлиши масаласи қизиқтирар эди. Мирзо ­Улуғбек тўпланганларга мурожаат қилиб, «Ҳамма илмларда етукликка эришган киши мадрасанинг биринчи мударриси бўлсин», дейди. Шунда одамлар орасидан бир киши чиқиб «Мен имтиҳон топшираман», дея даъво қилади. У Мирзо Улуғбек раҳбарлигида 90 олим ва талаба ҳузурида Батлимуснинг (Клавдий Птоломей) «Ал-мажистий» асари бўйича имтиҳон дарси ўтади. Синовдан ниҳоятда юксак савияда ўтган бу инсон ўз даврининг етук олими ва муда рриси Шамсиддин Муҳаммад Хавофий эди.

Шунга асосан, Мирзо Улуғбек мадрасасида дастлабки дарсни 1420 йил 21 сентябрда Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўтган. Биринчи дарсда 90 нафар толиби илм қатнашган. Маърузада Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий ҳам ҳозир бўлишган.

Бизнингча, худди шу кунни, яъни 1420 йилнинг 21 сентябрини мадрасада ўқув йилининг бошланиш санаси, деб ҳисоблаш ўринли.

Маданият, илм-фан, санъат ва ада­биёт бешигига айланган ушбу олий даргоҳда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин ал-Коший ва Али Қушчи каби етук олимлар фаолият олиб борди.

Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган астро­номия жадвалини тузди. Ушбу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди.

Ал-Коший биринчи бўлиб ўнлик касрларни илмий истеъмолга жорий этди, эркин даражалар илдизларининг изчил яқинлашиб бориши ва уларни топиш методларини ишлаб чиқди.

Кейинчалик илмий муассасани тарк этишга мажбур бўлган Али Қушчи Истанбул университетининг асосчиларидан ­бирига айланди.

Мирзо Улуғбек мадрасайи олияси 500 йил давомида турли тарзда фаолият кўрсатиб, 1920 йилда унинг фаолияти мажбуран тўхтатилган. Аммо кейинчалик олий педагогика институти, педакадемия, сўнгра Ўзбек давлат университети, ҳозирда эса Самарқанд давлат университети сифатида янги давр, янги талаблар, янгича йўналишда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Шуни инобатга олсак, 1420 йилдан бу ёғига мадрасайи олия фаолиятида муайян ижтимоий-сиёсий вазият ўзгаргани таъсирида бор-йўғи 7 йилгина, яъни 1920-1927 йиллардагина мажбурий танаффус бўлгани аёнлашади.

Тарихийлик, манбавийлик мадраса — университет тизими даврлар кесимида таълимнинг Самарқанд заминида узлуксиз давом этганига асос бўла олади. Ўзбекистон таълим тизими шаклланиши ва ривожланишини миллий маданиятимизнинг ўрта асрлардаги ютуқлари билан боғлаш давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида олиб бораётган ислоҳотларининг бир кўриниши сифатида, унинг натижалари ёшларни ватанпарварлик ҳамда илмий-маданий меросимизга фахр-ифтихор руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

— Илдизлари кўҳна тамаддун дарёсидан сув ичган университетда таълим жараёни бугунги кунда қандай кечмоқда? Зеро, улуғ аждодларга муносиблик масъулиятининг залвори катта...

— Бу ҳақда гап кетганда, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар таълим-­тарбиясига ёндашув мутлақо янги сифат босқичига кўтарилганини таъкидлаш жоиз. Президент қарори билан мактабгача таълим тизими шакллантирилиши, мактаб, академик лицейлар фаолияти такомиллаштирилиши, янги институт ва университетлар очилиб, олий таълимга қабул квоталарининг кенгайтирилгани, устоз-мураббийларни моддий ҳамда маънавий рағбатлантиришнинг кучайтирилгани стратегик чора-тадбирлар бўлди.

Янги типда ташкил этилаётган боғчалар, мактаблар, лицейлар, атоқли шоир-ёзувчиларнинг ижод мактаблари, ­Президент мактаблари — «бу занжир» бизга инновацион фан билан машғул бўла оладиган салоҳиятли авлодни камолга ­етказишга замин яратмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда илм-фаннинг янги Ренессанс даври бошланаётганига ишончимиз комил.

Ана шундай кенг имкониятлардан фойдаланиб, таълим муассасамизни нафақат юртимиз, балки жаҳондаги илғор университетлар қаторига олиб чиқиш учун ҳаракат қиляпмиз.

Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий университети билан бирга Самарқанд давлат университети ҳам мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантирилди.

Концепцияга кўра, ўқув юртимизни халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Бугунги кунда университетимизда 18 минг­дан ортиқ талабага 900 дан зиёд профессор-ўқитувчи таълим бериб келмоқда. Жаҳонда юксак самара бераётган кредит-модул тизимини ўқув жараёнига босқичма-босқич татбиқ этмоқдамиз. Талабаларнинг назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга йўналтирилган ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда.

Мақсадимиз олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадр­лар тайёрлашдир.

Улуғ аждодларга муносиб ворис бўлиш учун ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз кўп. Масалан, магистратура таълим тизимини тубдан яхшилаш ва мазмунан кучайтириш, унинг университет талабалар таркибидаги улушини кўпайтиришимиз керак. Жумладан, бугунги кунда таълим олаётган талабаларимизнинг атиги 4 фоизинигина магистрантлар ташкил қилади. Бундай паст кўрсаткич келгусида илм-фан билан шуғулланадиганлар ҳажмини тўла шакллантириш имкониятини ярата олмайди. Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, чет эллардаги аксарият нуфузли университетларда магистрантлар сони битирувчи-бакалаврлар сонининг 50 фоизигача ташкил қилади. Шунинг учун, илм-фан билан шуғулланиш қобилиятига эга юқори интеллектуал массивни оширамиз десак, магистратура ҳажмини келгусида бакалавриатурага нисбатан 40-50 фоизгача етказиш чораларини кўришимиз зарур.

Илмий-педагогик генофондни хорижий илмий мактабларнинг вакиллари ҳисобига мунтазам кучайтириб боришимиз лозим, айниқса, техника ва технологиялар соҳасида хорижда илмий-педагог кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз шарт. Энг муҳими, бу борадаги ишлар изчил олиб борилмоқда.

Университетимиз ташкил топганининг 600 йиллигини кенг кўламда нишонлаш ниятидамиз. Бу борадаги тарғиботни кучайтириш мақсадида шу йил 16-17 июль кунлари «Самарқанд давлат университети — Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг вориси» мавзуида халқаро онлайн илмий анжуман ўтказамиз. Таълим муассасамиз тарихининг дунё жамоатчилиги томонидан тан олиниши университетлар жаҳон рейтинги рўйхатида муносиб ўрин эгаллашига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Насиб этса, барча эзгу орзу-интилишларимизга, албатта, етишамиз. Зеро, бизларни алломаю фозил ота-боболаримизнинг руҳлари, бугун ҳам тамаддун дарёсининг равон оқишига бор куч-ғайратини, илму шижоатини сарф этаётган инсонлар қўллаб-қувватлаб турибди. Шоир айтганидек,

Боболардан мерос бу,

Момолар ётган тупроқ.

Мададкору қўлловчи

Руҳлари ўчмас чироқ.

Алломаю фозиллар,

Улуғлари бир жаҳон.

Бу тамаддун дарёси,

Ҳамон оқмоқда равон!

Дилшод КАРИМОВ ёзиб олди.

(«Халқ сўзи» газетасининг 2020 йил 3 июль, 140-сонидан олинди)