Сталиннинг даромади қанча эди?

2015 – йилда Time журнали инсоният тарихидаги энг бадавлат инсонлар рўйхатини эълон қилди. Чингизхон, Билл Гейтс ва Рокфеллер билан бир қаторда бу рўйхатда Сталин ҳам бор эди. Наҳотки собиқ иттифоқ тузуми давлати бошлиғи шу қадар бадавлат эди?

Давлат таъминоти

Сталиннинг мол-мулкини бутун мамлакат бойлигидан алоҳида кўриб чиқишнинг имконияти йуқ. Чунки унга бутунлай давлат таъминоти бириктирилган эди. Кўп сонли дала ҳовлилар, уйлар, квартиралар, шунингдек врачлар, ошпазлар, хизматкорлар, муаллималар хизматлари ҳақи давлат томонидан тўланган. Сталин юқорида қайд этилганларнинг барчасига давлат ғазнасидан қанча харажат кетаётганини ҳатто билмаган. Ундан ташқари, Сталин ўзи билан ҳатто майда пул ҳам олиб юрмаган. Бир куни Сталин Боржомидаги дала ҳовлисида, грузин танишларини учратиб қолади. Танишлари суҳбат давомида озроқ пулга муҳтожликлари ҳақида гапиришади. Сталин қўл остидагилардан, шу қаторда қўриқчи ходимлардан бош кийимига (шляпасига) пул йиғишларини буюради. Ҳаммаси бўлиб 300 рубль йиғилади. Сталинга ҳар доим ҳамма нарса тайёрлаб қўйилган, у баъзида нимани неча пул туришини билмасди. Қизи Светлана Аллилуеванинг сўзларига кўра, отаси 100 рубль пулни инқилоб давригача бўлганидек катта пул деб ҳисоблаган. “Шунинг учун у менга 2-3 минг берганда, миллион беряпман деб ҳисобларди”, - тан олади Светлана.

Ойлик иш ҳаққи ва гонорарлар

Бутунлай давлат томонидан таъминланганлигига қарамасдан, Иосиф Виссарионович ойлик иш ҳаққини бинойидек ўз вақтида олган. Бошида ойлик, мамлакатда ўртача меҳнат ҳаққидан уч баробар кам эди. Бироқ Сталин бошқарувининг сўнгига келиб, ойлик иш ҳаққи 10 минг рублга яқин суммани ташкил қилган. Ўша вақтда фақат кўзга кўринган фан арбоблари – академик ва профессорлар шунча ойлик олишган. Ўрамга ўралган пулларни Сталин ўзининг ёзув столида сақлаган. Сталинда бу пулларни сарфлайдиган жой йуқ эди. Ойликдан ташқари Сталин ёзувчилик меҳнатлари учун мунтазам гонорарлар олган. Унинг китоблари, жумладан, чет элларда ҳам чоп этилган.

Нақд пул ва омонат ҳисоб рақамлар

Сталин вафотидан сўнг унинг дала ховлисида раҳбарнинг мол-мулки рўйхат қилинган. Рўйхатда кийим-кечак, буюмлардан ва ёзув аслаҳаларидан ташқари, ҳисобида 900 рубли бор омонат китобчаси бор эди. Шунингдек, яна бир банк ҳисоб рақами ҳақида аниқ маълумот бор. Сталин вафотидан кейин унинг фарзандларига ҳисобида 30 минг рубль бор омонат китобчаси топширилган.

Бироқ қандайдир Колесник фамилияли тарихчининг таъкидлашича, бу Сталин бойлигининг ярми ҳам эмас. Сталин вафот этганда, унинг шахсий сейфидан 3.5 миллион рубльдан ортиқ пул, шунингдек бу пуллар ёзувчилик меҳнатлари учун, ҳар хил вақтда, таҳририятлар томонидан берилган гонорар эканлигини тасдиқловчи квитанциялар топилган.

Бекзод Мусурмонов таржимаси.

(“Русская семерка”дан олинди.)