Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1192 нафар ўқувчи фан олимпиадасининг вилоят босқичида қатнашади

Жорий йилнинг 4-9 январь кунлари Республика фан олимпиадасининг иккинчи — туман (шаҳар) босқичлари ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

Унда вилоят умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг 8440 нафар 9-11 синф ўқувчилари 18 та фан бўйича ўз билимларини ёзма ва амалий (лаборатория) ҳамда тест орқали синовдан ўтказишди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан жорий йилги фан олимпиадаларининг адолатли, шаффоф ўтишига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаш жоиз. Ўқувчилар туман ва шаҳардаги таълим муассасаларининг спорт залларида, кузатув камералари назоратида ўз билимларини намойиш этишди. Ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчиликка синов жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиш имконияти яратилди.

Фан олимпиадаси жараёнларида ҳакамлар томонидан ўқувчиларнинг билимини синовдан ўтказиш амалиётига алоҳида эътибор қаратилди. 3400 нафар ўқитувчилар сараланиб, 2019 йилнинг 27 декабрь куни бўлғуси ҳакамлар ҳайъати аъзолари фанлар бўйича тест синовларидан ўтказилди. 75 баллдан 100 баллгача тўплаб, юқори натижаларни қайд этган 1200 нафар ўқитувчи ҳакамликка жалб этилди. Бундан ташқари, турли ғайритабиий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳакамлар учун муассасаларнинг ўзида тушлик ташкил этилди ва уларнинг назорат ишларини текширадиган хоналарга ҳам кузатув камералари ўрнатилди. Ўқувчиларнинг билимларини холисона ва ҳаққоний баҳолашда ушбу тартиб ўзининг ижобий самарасини берди.

Эслатиб ўтамиз, фан олимпиадасининг иккинчи — туман (шаҳар) босқичида қатнашган 8440 нафар 9-11 синф ўқувчиларидан 1192 нафари ғолибликни қўлга киритиб, навбатдаги босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлди. Ушбу босқичда 1-ўринни қўлга киритган 11-синф ўқувчилари Республика босқичига йўлланма олади. Вилоят босқичида ғолиб бўлган 10-синф ўқувчилари эса келгуси йил ўтказиладиган фан олимпиадасининг вилоят босқичида тўғридан-тўғри иштирок этади.

Фан олимпиадасининг вилоят босқичи 2020 йилнинг март ойида ўтказилиши кўзда тутилган.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.