Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд аэропортида 182 дона заргарлик буюмлари олиб келаётган шахсга жарима қўлланди

“Самарқанд” халқаро аэропортига “Истанбул-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ш.И. “яшил” йўлак орқали божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида унга тегишли бўлган юклар божхоначилар томонидан холислар иштирокида текширилди.

Сумкаси ичидан амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан олиб кириш меъёридан ортиқча (65 граммдан зиёд) 182 дона, умумий оғирлиги 745,58 грамм бўлган оқ рангли металлдан ишланган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг хулосасига кўра, мазкур қимматбаҳо металл кумуш қотишмасидан ясалганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган суд мажлисида фуқаро Ш.И.га Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, умумий баҳоси 8 миллион сўмга яқин бўлган, кумушдан ясалган заргарлик буюмлари тегишли тартибда давлат фойдасига мусодара қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан буён “Самарқанд” халқаро аэропорти чегара божхона постида олиб кириш меъёридан ортиқча жами 2 килограммдан ортиқ умумий қиймати 94 миллион сўмдан зиёд заргарлик буюмлари олиб кирилиши тўхтатиб қолинди.

Лазиз ҚАҲҲОРОВ,

“Самарқанд” халқаро аэропорти чегара божхона пости катта инспектор-суриштирувчиси.