Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

70 ёшли Суннат полвон жаҳон чемпионати совриндори бўлди

Яқинда Кипр давлатининг Лимассол шаҳрида самбо кураши бўйича спорт усталари ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлатларидан спортчилар иштирок этган чемпионатда юртимиз шарафини 82 килограммгача бўлган вазнда Оқдарё тумани Янгиравот-2 маҳалласида яшовчи спорт фахрийси Суннат Ортиқов ҳам муносиб ҳимоя қилди. Кекса курашчи саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказиб, 3-ўринни эгаллади ва жаҳон чемпионатининг бронза медали билан тақдирланди.

Суннат полвон бир неча йиллар илгари Сурхондарёда ўтказилган фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган эди.

Юртимизда спортга кўрсатилаётган эътибор, курашчиларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳам С.Ортиқовнинг жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этишига омил бўлди.

- Спорт билан кўп йиллардан буён шуғулланаман, - дейди Суннат Ортиқов. – Ёшим 70 дан ошган бўлса-да, ҳамон тетикман. Касаллик нималигини билмайман. Буларнинг барчаси мунтазам спорт билан шуғулланганлигим туфайли.

Совриндорларни Кипр Самбо федерацияси президенти М.Андреус ва Халқаро самбо ассоциацияси (ФИАС) вакиллари қутлаб, чемпионатнинг диплом ва медалларини топширди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.