Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Адолат бор: Фан олимпиадаси якунида уни кўрдим

Қирқ йилдан буён таълим соҳасида ишлайман. Мактабда ўқитувчилик қилдим, директор ўринбосари, директор бўлдим. Шу боис таълим тизимидаги ўзгаришларни баҳолашга маънавий ҳаққим бор, деб ҳисоблайман.

Бу гал кейинги 10-15 йил ичида гоҳ ишониб-гоҳ ишонмай, лекин интиқлик билан кутган ҳолатим рўй берди. Ўқувчиларнинг фан олимпиадалари адолатли ўтди! Буни кўрдик, сездик ҳам.

Мактабимиздан илгари фан олимпиадасининг шаҳар, вилоят босқичида ғолиб, совриндор бўлганлар бор. Лекин бунинг учун кимларга «илтимос» қилганимизни ўзим биламан. Йиллар давомида у тадбирни услубчилар бошқариб келишди, уларнинг айтгани-айтган, дегани-деган эди.

Энди эса ҳаммаси ошкора кўриниб турди. Назоратчилар ҳам ҳалол, фидойи муаллимлардан танлаб олинди. Илгари «чаққон»лар яқин йўлатилмасди. Ота-оналар, ўқитувчилар ташқарига ўрнатилган экранда синов жараёнини видеотасвирда кўриб туришди. Ёзма ишлар фамилиялар сир тутилган ҳолда текширилди.

Мактабимиздан шаҳар босқичида 20 нафар ўқувчи иштирок этди, уларнинг 9 нафари совриндор бўлишди. 9-синф ўқувчиси Севинч Ҳусанова, 10-синф ўқувчиси Севинч Бўлтакова (муаллими Феруза Раҳмонова) кимёдан биринчи ўринни олишди.

Тарих (муаллими Рустам Қувондиқов), ўзбек тили (муаллими Светлана Неъматова), инглиз тили (муаллими Альбина Хайриддинова) бўйича иккинчи ўринлар қўлга киритилди.

Ҳозир ўқитувчилар ўз шогирдларини қўшимча машғулотлар ўтиш орқали вилоят босқичига тайёрлашяпти.

Холмўмин ЎТАГАНОВ,

Самарқанд шаҳридаги 29-мактаб директори ўринбосари.