Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Байден Трамп имзолаган фармон ва қарорларни бекор қилди

Чоршанба куни АҚШнинг 46-президенти Жо Байден илк иш кунида собиқ президент Доналд Трампнинг буйруқларини бекор қилиб, бир қатор фармонларни имзолади.

Хусусан, олдин хабар берганимиздек, давлат раҳбари АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қайтариш тўғрисида фармонни имзолади. Трамп ташкилотни Хитой манфаатлари йўлида коронавирус эпидемияси кўламини яширганлиги ва ислоҳотлардан бош тортганликда айблаб, ўтган йили июль ойида АҚШнинг ЖССТдан чиқиш жараёнини бошлаган эди.

Байден аввалги президент чиқиб кетган Париждаги иқлим келишувига қайтишга қарор қилди.

Шунингдек, янги президент Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатди ва чегарадаги фавқулодда ҳолатни бекор қилди. Трамп маъмурияти аввалроқ мамлакатга мигрантлар кириш ҳуқуқини қатъийлаштирган ва АҚШга ноқонуний кириб келишнинг олдини олиш учун Мексика билан чегаранинг катта қисмида девор ўрнатган. У 720 дан 800 километргача девор қуришни ваъда қилди ва уларнинг 727 километри 5 январь ҳолатига қуриб битказилди. Шу билан бирга, Байден илгари бунёд этилган иншоотларни бузмасликка ишора қилди.

Бундан ташқари, Байден Яқин Шарқдаги бир қатор мамлакатлар аҳолисининг АҚШга кириш чекловларини бекор қилди.

Трамп 2017 йилда Эрон, Ливия, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ироқ фуқароларига киришни тақиқлаган эди. Фармон маҳаллий даражадаги бир қатор судлар томонидан ноқонуний деб топилганидан сўнг таҳрир қилинди. Шу тарзда Ироқ ва Судан рўйхатдан чиқарилди. Аммо Чад ва КХДР қўшилди. Венесуэла мансабдорлари ҳам «қора рўйхат»га киритилган.

Давлатнинг янги раҳбари томонидан имзоланган яна бир фармон Канада ва АҚШ чегарасида Keystone XL қувурининг тортилишига тегишли. Нефть қувур линияси ётқизилиши Трамп маъмурияти томонидан доимий равишда қўллаб-қувватланган эди.