Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорлари оширилдими?

Президентимиз 2019 йил 1 ноябрь куни Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади.

Қонунда божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини ошириш назарда тутилган. Хусусан, жарима санкцияларининг оширилиши ҳуқуқбузарликларнинг қуйидаги турларига нисбатан қўлланилади:

⚫ товарлар, транспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатларини божхона органи рухсатисиз бериш, уларни йўқотиш ёки етказиб бермаслик;

⚫ божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этиш;

⚫ божхона назорати остидаги товарлар юкланган транспорт воситалари юкхонасини қонунга хилоф равишда очиш;

⚫ товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқмаслик ёки уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кирмаслик.

Шу билан бирга, Қонунда мамлакатимизга илгари олиб кирилган товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқмаганлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг уларни 30 кун муддатда олиб чиқмаганлик учун товар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, 227(1)–227(27)-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун транспорт воситаларини ушлаш ва кўздан кечиришга доир божхона органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Таъкидлаш жоизки, Қонуннинг қабул қилиниши қонун устуворлигини таъминлашга, шунингдек, товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиш бўйича ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахслар жавобгарлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Нигора РАББИМОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.