Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхоначилар «тилла дазмол»ни фош этди

Тошкент халқаро аэропортига хорижий рейс билан учиб келган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахс ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Текширув давомида юклар орасида бир қарашда оддий кўринган дазмол замонавий сканер қурилмаси ёрдамида божхона назоратидан ўтказилганда, ичида умумий қиймати 168 миллион сўмлик 481,5 грамм тилладан ясалган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон ҳудудига жисмоний шахслар томонидан 65 граммдан ортиқ бўлмаган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божхона тўловларисиз олиб кириш мумкинлиги белгиланган, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.