Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Болалар исёни: Сайёрамизга янги одамлар келяпти

Буни биргина биз сезганимиз йўқ, кўпчилик сезяпти: қандайдир бошқача янги авлод вояга етиб келмоқда.

“Кейинги пайтларда болам менга ўлимга қандай муносабатда бўлишни ўргатяпти, ҳолбуки, мен унга ўргатишим керак, — дейди биров. — Бу масалаларда у барқарор ишончга эга, мен эса шунча йил яшаб, ҳали бундай ишончга эга бўлолганим йўқ”.

Яна кимдир боласи ҳақида айтади: “Унинг фикри содда ва равшан — у ҳамма ўлганларнинг ортга қайтиб келишига ишонади. У бобосига таскин беради — ҳечқиси йўқ, ҳозир қариган бўлсангиз, кейин яна янги, ёш бўласиз. Ўлган итимизнинг қабрига қараб, йиғласам, мени хотиржам қилади — у қайтади, чирийди, жимирлайди, майса бўлиб кўкаради, янгиланади, дейди”.

“Ўғлим жуда ёмон гаплашади. Болагинам. Аммо баъзан шундай туюладики, у мени ва менинг ҳис-туйғуларимни очиқ-равшан кўриб турадигандай, – дейди учинчи бир одам. – Яна шундай туюладики, у биздан кўра кўпроқ нарсани англайди ва бу дунёга нега келганини, ўз вазифасини билади”.

Яна бир одам ҳайратланади: “Гоҳида бу гўдак менга тушунарсиз бўлган нарсаларни гапиради, билмадим, у буларни қайдан олган экан? Болалар боғчасида унга зўрға чидашади: у бақиришларига жавобан ҳайратланиб қараши ва: “Ўзи нима учун бақиряпсиз?” деб сўраши мумкин. Турган гапки, тарбиячи довдираб қолади ва янада бадтар қичқиради. Буни бола тушуна олмайди”.

Ўқитувчилар ҳам ғалати болалар пайдо бўлганини таькидлашмоқда. Оқил, ўзига ишонадиган, мавжуд ақидалар ва қоидаларни тан олмайдиган болалар. Андозаларга мос келмайдиган, бошқариб бўлмайдиган болалар.

Бу болалар гўё уларни ушлаб турган занжирларни узганга ўхшайди. Катталарнинг фикри билан ҳисоблашмайдилар, катталарнинг обрў-иззатига, меьёрларига парво қилмайдилар, шунчаки дарс ўртасида сўрамасдан ташқари чиқиб кетаверишлари мумкин. Ўқитувчининг кўзига тик қараб, нотўғри ўқитаётганлигини ҳам айтиб кетаверадилар. Улар жуда кўп.

“Муаммоли” болалар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Уларни тўғри йўлга солиш учун ҳам ўқитувчилар, тарбиячилар, шифокорлар, психологлар бор. “Муаммоли” болаларни синчковлик билан текширишди. Ҳайратли ҳодиса маьлум бўлди: бу болаларнинг заковат даражасини текшириш натижалари ҳамиша юқори бўлиб чиқди, ҳолбуки, уларнинг аксарияти мактабда зўрға “уч” баҳога ўқишарди.

Шундай қилиб, маълум бўлдики, бу болалар ақлли, ривожланган, аммо одатий хулқ-атвор кўникмаларига риоя қилишни истамайдилар – энди уларни нима қилиш керак?

“Янги” болаларни улар қизиқадиган ишдан ажратиб бўлмайди, қийинчиликлар уларни тўхтата олмайди, аксинча, улар бундан бадтар ишга берилишади. Улар жуда тиришқоқ ҳамда то қизиқишларини қондирмагунча ёки олдига қўйилган вазифасини бажармагунча, тинмай ўзи мўлжаллаган йўналишда ишлайверади. Асосий нарса маълум бўлди. Уларнинг номутаносиб хулқ-атвори касалликнинг натижаси эмас, уларга бўлган муносабатдан оғринганликлари туфайлидир. Болаларнинг исёни катталарнинг қутқулаши туфайлидир. Болалар эса ўзларининг ўзликларини сақлаш, ўз билганларича қолиш учун курашадилар, холос.

ЁНИНГИЗДАГИ ЁШ ИНСОНГА ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!

Ўғлингиз, қизингиз, жиянингиз ёки набирангизнинг олдига келинг. Унинг кўзларига қаранг. Агар унинг кўзларида донишманднинг хотиржам нигоҳини пайқасангиз ва у гўё сизни очиқ турган китобни ўқигандай ўқий бошласа, қаршингизда янги замон боласи турибди.

Бугунги замон бизнинг болалигимиз ўтган замон эмас, бу – янгича, шиддатли аср, ахборот асри, рақамли технологиялар асри. Унинг боллари ҳам шу замонга мос бўлади, акс ҳолда, яшаб қололмайди.

Бугунги бола бу оламга ўзининг шоҳоналигини англаган ҳолда келади (ва кўпинча ўзини шунга муносиб тарзда тутади). Бола сезадики, “бу дунёда бўлишга ҳаққи бор”, бошқалар унинг бу фикрига қўшилмаганликларини кўрса, жуда ҳайратланади.

Бу болакай учун мутлақ обрў-иззатлилар йўқ, у ўз хатти-ҳаракатларини тушунтириб беришни истамайди ва ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам танлаш эркини тан олади. Гўдак ўзининг аҳамиятга молик эканига шубҳа қилмайди ва кўпинча ота-онасига “кимнинг кимлиги”ни билдириб туради.

Болакай айрим нарсаларни умуман бажармайди (масалан, у навбат кутиб туришга тоқат қилолмайди). Бундай болалар қатьий қоидалар устувор бўлган, ижодкорликка йўл бермайдиган консерватив тизимларга дуч келганда, ўзларини йўқотиб қўядилар. Болакай мактабда ёки уйда нимадир ишни бажаришнинг янада оқилона усулларини топа олади, аммо атрофдагилар унинг бу хатти-ҳаракатини “қоидабузарлик” ва амалдаги тизимга итоат қилмаслик, деб баҳолашади.Болакай бошқа тоифадагилар, бегоналар орасида одамови бўлиб туюлади. Интизомни бузганлиги ҳақидаги айбловларга у жавоб бермайди. Бирор нарсага эҳтиёж сезса, муҳтожлигини айтишдан тортинмайди.

“Янги минг йиллик болалари” — улар ғайриодатий руҳий имкониятларга эгадир. “Ёруғлик болалари” — ёш қаҳрамонларимизнинг дунёқарашлари одатдаги қарашлардан фарқ қилади.

“Қобилиятли болалар” — ҳар қандай синов уларнинг заковат даражаси ўртачадан юқори эканини кўрсатади (мактабдаги баҳолар билан адаштирманг!).

Бугунги болаларнинг бошқа олам – БАТАМОМ МУҲАББАТ ва СЕВИНЧдан иборат бўлган руҳий олам ҳақидаги хотиралари ҳамиша уйғоқдир.

Улар бизга маьлум бўлмаган, биз кўникмаётган ҲАҚИҚАТдан хабардордирлар. Улар одамлар ўйлаб топган ўйин қоидаларини эмас, реал дунёнинг ҳаққоний манзараларини яхши биладилар.

Улар одамларга эволюция поғоналаридан юқорига юксалишда ёрдам беришни истайдилар (ва ёрдам бериш қўлларидан келади!).

Ҳар бир инсон ўзининг бутун олам билан муштараклигини ҳис этиши керак, бу эса ҳар бир инсонни севиш ва тушунишдан бошланади.

Айнан болалар бизга (инсониятга) муҳаббат оламига қайтишда ёрдам беришади. Моҳиятан, уларнинг бош вазифаси – бизга хатоларимизни кўрсатиш ва ўзгаришимизда, ўзимизга ва атрофдаги оламга бошқача, янгича қарашда кўмаклашишдир.

Болалар учун биз — очиқ турган китобмиз. Ҳеч қачон болани алдашга уринманг, у билан самимий муносабатда бўлинг.

Масалан, агар жаҳлингиз чиқиб турган бўлса, дарғазаб бўлсангиз, шуни айтиб қўя қолинг: “Мен дам олишим, ўзимга келишим керак, кейин сен билан бирга ўйнаймиз”.

Сизнинг иккиюзламачилигингизни, ёлғонингизни бола тушунади ва кейин сиз билан ростгўй бўлиш-бўлмасликни ўзи ҳал қилади.

Бугунги болаларнинг аксариятида ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига нисбатан қандайдир самимий ва чуқур муносабат мавжуд. Бу ҳайратланарли болалар ҳақида яна кўп нарсаларни ҳикоя қилиб бериш мумкин, бироқ, келинглар, ўзимизга бир неча савол бериб кўрайлик. Нега бундай доно болалар билан муаммолар чиқади? Нима учун улар бизнинг талабларимизга бўйсунишга қаршилик қилишади? Нима сабабдан уларнинг айримлари одамови бўлиб қолишади? Нима учун улар, жуда истеьдодли бўлишларига қарамасдан, ўзларига исён қилишга имкон берадилар?

Фалокат битта нарсада: биз уларни кўҳна йўлдан олиб бормоқчимиз, улар эса – янгилик уруғларидир. Биз шу пайтгача мавжуд хулқ-атворимиз стереотиплари, шу дунёқарашимиз ва тафаккуримиз билан на курраи заминда, на қалбимизда осойишталик, гармония ўрнатолмадик. Агар биз болаларни ҳам, бизни қандай тарбия қилишган бўлса, шундоқ вояга етказсак, уларга ҳам бизга болалигимиздан сингдиришган хато ва камчиликларни сингдирамиз.

БОЛАЛАРНИНГ ҚАЛБИНИ ЭЪЗОЗЛАНГ!

Бола — тўлақонли шахс. Уни ўз хоҳиш-иродангизга бўйсундиришга интилманг, одатдагидай: “Мен каттаман, шунинг учун менинг гапимга киришинг керак!” деманг. Уни мажбурламанг, ўзи тажриба орттиришига кўмаклашинг. Гўдакка танлаш имконини қолдиринг. Унга ҚАНДАЙ ўйлашни ўргатинг, аммо НИМАни ўйлаш кераклигини ўргатманг.

Бугуннинг болаларини алдаш ва уларга куч билан “тўғри фикр”ни сингдириш имконсиздир.Аммо улар билан вазиятни ёки хатти-ҳаракатни муҳокама қилиш орқали келишиб олиш осон. Тенг мулоқот олиб боринг. Айни пайтда ўз хатти-ҳаракати, ўз танлаган йўли учун ЎЗИ жавобгар эканини бола англаб олсин.

Болалар синчков бўладилар ва заиф жойларингиздан фойдаланган ҳолда сизни бошқаришга уринадилар. Улар ҳамиша келишувларнинг чегараларини текшириб туришга уринадилар, шунинг учун сиз уларнинг келишувга риоя қилишларига эришинг.

Бола сабаб бўлган вазият ёки хатти-ҳаракатни уни камситмасдан муҳокама қилинг. Болага у қилган нотўғри ҳаракатни англашга имкон беринг.

ИШОНИНГ!

Дунёга келган барча болалар – муаллимлардир. Бола бўлганимизда ҳаммамиз ҳам “доно” бўлганмиз. Аммо, катта бўлган сари қандайдир қимматли нарсани йўқотиб қўямиз: шу жойда ва худди шу пайт ҳозир бўлишни, ҳаёт эканимиз учун болаларча қувонишни, ўз ички овозимизни тинглашни, ўзимизни севишни, бутун оламни севишни ёддан чиқарамиз...

Боланинг салоҳиятига ишонинг ва у буни билсин. Ҳамма болалар ҳалол бўладилар. Болага ёлғон сўзламанг, акс ҳолда, унга ҳам жавоб тариқасида ёлғон гапириш ҳуқуқини берган бўласиз (одатда бу унинг сукут сақлашига ёки “ўз ичига беркиниб олиши”га олиб келади).

Бола ўзига олган мажбуриятларни қандай бажараётганлигини текшириб туринг. Бола ҳам сизга нисбатан худди шундай қилиш ҳуқуқига эгадир. Болага ўзини айбдор деб билиш ёки бошқаларни айблаш имконини берманг. Хато ҳам — бир эгалланган тажрибадир, ўйлаб кўриш ва ниманидир яхшилаш учун сабабдир.

Бола маслаҳат сўраса, уни эшитинг ва масалани ҳал қилишда кўмаклашинг. Бир неча йўлларни кўрсатинг: “Агар бундай қилсанг, нима бўлади...”, “Мен сенинг ўрнингда бўлганимда...”, “Болалик пайтимда менда ҳам шундай бўлган... ва мен ўшанда...”.

Ўзингизнинг қарорингизни мажбурлаб тиқиштирманг, болани йўналтиринг. Бу ҳаракатчан болаларга зерикиб қолиш имконини берманг. Ижодий озиқсиз уларнинг ақли очликка дучор бўлади. Улар Билан имкон қадар кўпроқ гаплашинг, ўйнанг. Меҳрибон ва шафиқ бўлинг.

Бола ҳамиша хавфсиз эканини ҳамда орқасида сизнинг салоҳиятингиз, кўмагингиз ва иштирокингиз турганини сезиб турсин. Боланинг хатти-ҳаракати яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. Аммо бола – ҳамиша азиз ва муҳтарамдир.

Бугуннинг болаларини вояга етказишнинг энг оддий йўли – уларни ўз қаричимизда тарбияламаслик, аксинча, ниҳолни ўстиргандай ўстириш, МЕҲР-МУҲАББАТ суви билан суғориш, билим ва тажрибалар озиғи билан озиқлантириш лозим. У бизга ўзини, нозик вужудини ва доно ақлини, бокира қалбини ишониб топширди.

Бу хазинани эҳтиёт қилинг!

Карим БАҲРИЕВ.

ЎзА.