Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги СамДУ билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Самарқанд давлат университетида «Замонавий кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш истиқболлари» мавзусида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида давлатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, университетда кадрлар селекциясини тизимли йўлга қўйиш, халқаро стандартларга мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратишга оид ишлар танқидий кўриб чиқилди.

- 2020-2021 ўқув йили битирувчиларини иш билан таъминланиш масаласига ҳозирдан алоҳида эътибор қаратиш зарур, - деди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов. - Бу борада манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан алоқани кучайтириш, олий таълим муассасаларига тегишлигига кўра ташкилот ва идора кадрлар хизматини мунтазам равишда жалб қилиш лозим.

Шу нуқтаи назардан тадбир давомида агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматида “KPI” - энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими, “HR metrica” - меритократия тамойилини амалиётга жорий этиш, “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” https://vacancy.argos.uz/ нинг ишга туширилгани ва ушбу портал орқали айни вақтда 3 та вазирлик, Давлат бошқаруви академияси ва 35 та туман (шаҳар) ҳокимликларидаги вакант лавозимларга танлов эълон қилингани ҳақида таъкидлаб ўтилди. 

Тадбир сўнгида агентлик ва СамДУ ўртасида “Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми” имзоланди. Шунингдек, янги авлод кадрларини мақсадли тайёрлашда агентлик салоҳиятидан кенг фойдаланиш, замонавий таълим дастурлари яратишга методик ёрдам кўрсатиш, тизимда амалий дарслар ва стажировкалар ўтказишга ҳамда жорий йил январь ойидан бошлаб университет битирувчи курс талабаларига агентлик мутахассислари томонидан давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалий дарслар ташкил этишга келишиб олинди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати.