Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Барча истеъмолчилар электрон ҳисоблагичнинг янги тизимдан фойдаланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги "Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш, ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Бу борада ўтган йили биргина Гўзалкент қўрғонида мазкур тизимни рўёбга чиқариш учун Янгиобод, Қорасув, Қўшқудуқ, Пахтакор маҳаллаларида жадал ишлар олиб борилди. Жумладан, 5,3 километрлик эски электр симлари янги, замонавий ҳимоя қобиғига эга симларга алмаштирилди. Шунингдек, 4 та трансформатор ўрнатилди, 90 дона темирбетон таянч келтирилди.

Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида янги электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача Ал-Бухорий, Тонг, Нодирабегим, Увайсий, Машъал, Суғдиёна маҳаллаларидаги барча хонадонларга янги ҳисоблагичлар ўрнатилди. Бугунги кунда Кафтархона, Найман, Теракзор, Сўзангарон, Сартепа маҳаллалари ва Фарҳод шаҳарчасида бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Мазкур дастур "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти ҳамда Жанубий Кореянинг "КТ Corporation" компанияси билан биргаликда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳозирга қадар 60 минг донадан ортиқ янги электр ҳисоблагичлар олиб келинган. Қабул қилинган "Йўл харитаси"га асосан жорий йил ёз фаслининг бошларига келиб, шаҳар ҳудудидаги барча истеъмолчилар янги тизимдан фойдаланади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра жорий этилаётган янги технология энергия етказиб беришда энергоресурсларнинг техник ва тижорий жиҳатдан исроф бўлишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, ҳисоб-китобларнинг ушбу биллинг тизими электр энергиясига ноқонуний уланишларнинг олдини олади, истеъмолчиларга фойдаланилган энергия ҳақида аниқ маълумотлар беради. Коммунал тўловлардаги қарздорликларга мутлақо чек қўяди. Муҳими, назорат қилувчиларнинг буромадларини қисқартиради ҳамда электр энергияси беҳуда сарфланишини камайтиради.

"Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" томонидан қисқа вақт ичида 50 мингга яқин  истеъмолчилар хонадонига янги  замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган.

 Дўстбек СУЛАЙМОНОВ, мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта

инспектори.