Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимов: БОҚИМАНДА ОДАМНИНГ АРЗИНИ ЭШИТМАЙМАН!

Маълумот ўрнида айтишни истардик, бундай сайёр қабуллар шу пайтга қадар тўққизта шаҳар-туманларда ўтказилган. Мулоқотлар давомида 2358 нафар фуқаролардан 2705 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1412 таси ижобий ҳал қилинган. 228 таси рад этилган. 710 тасига тушунтириш берилган, 355 таси ўрганиш жараёнида.

Фуқаролар мурожаати, муаммосини танасида ҳис қилиб кўрмаган 31 нафар раҳбар жавобгарликка тортилган.

Хўш, жомбойликларни нималар қийнаяпти? Улар вилоят ҳокимига арзини қай тартибда етказишди? Умуман, бундай сайёр қабуллар қанчалик наф беради ёки бермоқда?

 

– Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилсагина, ривожланамиз, ҳаётимиз фаровон бўлади, – деди ҳоким. – Раҳбарларнинг пастга тушиб ишлаши, одамларнинг дардига юзаки қарамаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни қилишга тайёрмиз. Ниятимиз, халқ биздан рози бўлсин. Сайёр қабулдан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

Сайёр қабулда прокуратура, ИИБ, бошқармалар, корхона-ташкилотлар раҳбарлари жалб этилди.

Мурожаатлар эшитилгач, шу жойнинг ўзида масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

 

Анор Пўлатов, Саричашма маҳалласи: – Олтмиш олти ёшдаман, умрим деҳқончилик билан ўтяпти. Меҳнатдан қочмайман, ёлғиз аёлим иккимиз айни пайтда беш қути пилла парваришлаяпмиз. Аммо ўтган йили мени қаттиқ ранжитишди. 460 килограмм қўшимча тоза пилла топширдим. Менга 1200 сўм пул чиқаришибди (!). “Бу пулга хўрозқанд олиб енглар”, дедим. Ориятим келди. Бундан ташқари, чорвачилик билан шуғулланишни ният қилиб турибман. Шу масалада ёрдам сўрадим, раҳбарларга маъқул келди. Барака топишсин, увол кетган пилламнинг пулиниям ундириб бераман, дейишяпти.

Баҳодир Давуров, Қанғли маҳалласи: – Ёлғиз ўғлим Жамшид ўн йиллар давомида биздан олисда – Россияда ишлади. Кўп соғинардик. Икки ойча олдин унга “Балиқчилик билан шуғулланамиз, шу ерда меҳнат қиласан”, деб таклиф бердим. Ўғлим рози бўлди. Шундан сўнг кредит оламиз, деб ҳужжат тайёрладик. Аммо икки ой давомида бир мунча сарсон бўлдик, ишни бошлашга ўзимизда ҳам тажриба етарли эмасди. Масалан, чавақ олиб келишда муаммо бўлаётганди. Арзимизни эшитган ҳоким бизга масъулларни бириктирди. Худога шукур, шу ернинг ўзида масаламизга ижобий ечим топилди. Насиб этса, балиқчилик хўжалигини интенсив усулда ташкил этмоқчиман. Энди нафақат ўғлим ёнимда бўлади, бундан ортиб, қишлоғимизнинг уч-тўрт йигитларини ишли қилиш ниятим бор.

Фароғат Қаршибоева, Эски Жомбой маҳалласи: – Ўғлим Обиджон Қаршибоевга чап чаноқ сон бўғими сили ташхиси қўйилган. Эндопротез аппарати олиш учун ҳомийлик ёрдами кўрсатиладиган бўлди.

Садаф Раҳматуллаева, Самарқанд маҳалласи: Онахон ўттиз йилдан буён Ўзбекистонда яшасада, мамлакат фуқаролигини ололмаган...

Суюндиқ Ўтаев, Полвонариқ маҳалласи: - Туркман қишлоқдаги трансформатор эскириб кетган. Аҳоли ортган, электр энергиясида тез-тез узилишлар бўляпти...

Шундай муаммолар борки, уларни ёлғиз ўзинг ҳал қилолмайсан. Кишига боғлиқ бўлмаган муаммолар ҳам етарлича бўлади. Баъзан оилангда кимнингдир соғлиғи учун раҳбариятга арз қилсанг, баъзан маҳалла-кўй, халқнинг янада фаровон яшаши учун мурожаат қилишга мажбурсан. Аслида бундай мурожаатларда маъни, мақсад бор. Демак, арз эшитувчи ҳам бу каби мурожаатлардан қаноат ҳосил қилади, муаммога ечим излаш пайида бўлади.

Тўрт мучаси соғлом йигит: ...ҳовлимнинг деворини ўраб беринг, уйимни таъмирлашда ҳомийлик қилинг.

Турмуш ўртоғи ҳам, ўзи ҳам соғлом аёл: ...менга уй керак. Болаларим кўп.

ҲОКИМ БУНДАЙ МУРОЖААТЧИЛАР БИЛАН МУРОСА ҚИЛИШНИ ИСТАМАДИ. НЕГА?

– Аввало, Яратган оёқ-қўлингизни бут қилиб қўйибдими, нега сизнинг ҳовлингизни кимдир бориб ўраб бериши керак? – деди Эркинжон Турдимов. – Нега кўчангиздан ўтган ариқни қазиб қўйишга ярамайсизу бошқалардан уйингизни таъмирлаб беришларини сўрайсиз? Нега меҳнат қилишдан қочасиз? Энг қўрқинчи одам – боқиманда одам. Бу тоифалар на ўзига, на оиласига, на жамиятга наф келтиради. Ишлашни истамайсизми, аравангизни бировга торттиришга ҳаракат қилманг. Эл қатори ишланг, бировдан ёрдам сўрашга уялинг. Ҳар доим меҳнат қилган – яхши яшайди. Мен шахсан бундай мурожаатларни қаноатлантирмайман. Ишлайман десангиз, марҳамат!

Шундай пайтда хитойларнинг бир мақоли ёдга тушади: “Агар бир одамга битта балиқ берсанг, уни бир кун овқатлантирган бўласан. Борди-ю, унга балиқ тутишни ўргатиб қўйсанг, уни бир умр овқатлантирган бўласан”. 

Сайёр қабулда жами 223 нафар фуқаро мурожаат қилди. Мурожаатларнинг аксарияти ички йўлларни таъмирлаш, уй-жой, кадастр, коммунал соҳалардаги муаммолардир. Қабул давомида давлат хизматлари агентлиги томонидан кўчма автобусда тезкор хизматлар ҳамда туман бандлик бўлими томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. 50 га яқин мурожаатларга шу жойнинг ўзида ижобий ечим топилди.

Вақт талаб этиладиган мурожаатларга 31 майга қадар бўлган муддат билан масъуллар бириктирилди. 31 май куни вилоят ҳокимлигида мурожаатлар ижроси муҳокама этилиши белгиланди.

Исомиддин ПЎЛАТОВ.