Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Европа иттифоқи Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти сифатида тан олмади

Европа иттифоқи (ЕИ) Александр Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти сифатида тан олмайди. Бу ҳақда 15 сентябрь куни ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Европарламентда маълум қилди.

“Биз 9 август куни ўтказилган сайловлар сохталаштирилган, деб ҳисоблаймиз. Биз Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти сифатида тан олмаймиз”, деди у.

Шунингдек, Боррель ЕИ иложи борича тезроқ Беларусга нисбатан индивидуал санкциялар жорий этишни  режалаштираётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Беларусда президентлик сайловлари ўтказилди. Мамлакат марказий сайлов комиссияси тақдим этган маълумотга кўра, сайловларда 80,1 фоиз овоз билан Александр Лукашенко ғалаба қозонди. Бироқ сайлов натижаларидан норози бўлган аҳоли оммавий норозиликларга чиқа бошлади. Намойишлар бугунги кунга қадар давом этмоқда.