Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқаролик ишлари бўйича туман судьяси бир ойда ўртача 67 та ишни кўриб чиқади

Аввал хабар берганимиздек, Матбуот уйида вилоят судлари раислари иштирокида жорий йил биринчи ярим йиллик якунлари юзасидан брифинг бўлиб ўтмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Б.Норовнинг ахборотидан англаш мумкинки, мазкур суд судьяларининг жамоатчилик иштирокида суд мажлислари ўтказиши одатий ҳолга айланган.

Хусусан, фуқаролик судлари томонидан кўрилган 9 мингдан зиёд ишнинг 4 минг 129 таси сайёр суд мажлисларида кўриб тамомланган. Олти ойда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан 9 минг 245 та фуқаролик низолари кўриб тамомланган. Суд мажлисларида 7 минг 329 та даъво қаноатлантирилган. Демак, судга даъво киритган фуқаронинг аксариятининг муроди ҳосил бўлмоқда.

Шунингдек, Б.Норовнинг қайд этишича, ишга тиклаш билан боғлиқ ишлар 52 тани ташкил этган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 тага кўпайган Фуқаронинг ҳаёти ёки соғлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ 17 та, яъни ўтган йилгидан 3 та кўп иш кўрилган.

Ўтган олти ойда туманлараро, туман ва шаҳар суди ҳар бир судьясининг ўртача ойлик иш ҳажми 67 та фуқаролик ишини ташкил қилган.

Вилоят суди биринчи инстанцияда 299 та, апелляция инстанциясида 185 та, кассация инстанциясида 280 та фуқаролик ишлари кўрилган.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.