Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Газета обуначига бориб етсин

Бу йилги обуна мавсуми вақтли матбуот нашрлари таҳририятлари учун оғир кечди. Газеталар тиражи аввалги йилларга нисбатан анча камайиб кетди. Ҳатто айрим газеталарга зарур миқдорда обуна уюштирилмагани сабаб, улар фаолияти тўхтаб қолди. Айни пайтда яна кўплаб нашрларни ана шундай тақдир кутиб турибди.

Албатта, бунинг сабаблари ҳақида обуна мавсумида ҳам, бугун ҳам кўп фикрлар билдирилди. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, таклифлар айтилди, ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, газета, журналларнинг ўз вақтида ўқувчига етказилмаётгани ҳам обунага салбий таъсир этаётгани қайд этилди. Тўғри-да бугунги газета бир ҳафтадан кейин обуначига етиб борса, унинг қадри қоладими?

Таҳририятимизга ушбу муаммо юзасидан доимий равишда мурожаатлар бўлади. Айримларини газетамизда чоп қиляпмиз. Афсуски, бу йўл билан вазиятни ўнглаш осон кечмаяпти. Шу сабабли ўтган ҳафта вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб, даврий нашрларнинг обуначиларга етказилиши аҳволини ўргандик.

Барча жойда вазият деярли бир хил – газеталар чоп этилганидан бир неча кун ўтиб ўқувчига етказилмоқда. Бундай ҳолатни Самарқанд шаҳри ва барча туманларда кўриш мумкин.

Газета туманга келди, обуначи эса қишлоқда

Булунғур миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари “Халқ сўзи” (1 дона), “Зарафшон” (5 дона), “Ёшлар овози” (3 дона) газеталарига “Матбуот уюшмаси” орқали обуна бўлишган. Афсуски, газеталар муассаса кутубхонасига бир ҳафта-ўн кунда етказилмоқда.

Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази Жомбой туман бўлимига эса ҳафтада бир марта – душанба куни 12 та газета ташлаб кетилади. «Халқ сўзи» ҳафтада беш марта, «Зарафшон» уч марта чоп этилишини инобатга олсак, ташкилот ходимлари бу нашрларни бир ҳафта кечикиб ўқишга мажбур.

Каттақўрғон туманидаги 15-мактабгача таълим муассасаси ходимлари «Халқ сўзи», «Зарафшон», «Самаркандский вестник», «Нуроний», «Каттақўрғон ҳақиқати» газеталари, «Мактабгача таълим» журналига обуна бўлган, аммо 19 кундан буён улар бирорта нашрни олмабди.

– Туманимиздаги мактабгача таълим муассасалари ходимлари «Матбуот уюшмаси» орқали обуна бўлган, - дейди туман мактабгача таълим бўлими ҳисобчиси Г.Хушманова. – Газеталарни ҳар ҳафта менга олиб келиб беришади. Мен эса бўлимга келганларига уларни тарқатаман.

Бундай ҳолатга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмасида ҳам гувоҳ бўлдик. Маҳаллаларга тарқатилиши керак бўлган газеталар шу ерда тахлам-тахлам бўлиб турибди.

Тойлоқ туманидаги педагогика коллежига ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари, 24-умумтаълим мактабига эса жума куни нашрлар “Матбуот уюшмаси” томонидан етказиб берилар экан. Туман қишлоқ хўжалиги бўлимига эса “Самарқанд нур экспресс” масъулияти чекланган жамияти “Қўшчинор”, “Зарафшон”, “Халқ сўзи” газеталарини ҳафтада бир марта етказиб беради. Ҳатто, тумандаги фермерлар ҳам обуна бўлган газеталари ушбу бўлимда қолдирилади. Фермерлар бу ерга келгандагина газетани олиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам фермерлардан бири билан суҳбатлашганимизда газеталарга обуна бўлганман, лекин ҳалигача олганим йўқ, деб айтди.

Тумандаги «Сариосиё» маҳалла раисининг айтишича, “Маҳалла” газетасига йиллик обуна бўлганликларига қарамасдан, шу пайтгача ушбу нашрнинг бирорта сони уларга етказиб берилмаган. Демак, бу нашр ҳам катта эҳтимол билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимига етказилмоқда.

Нуробод, Ургут, Самарқанд, Оқдарё ва бошқа туманларда ҳам газеталар ана шу тартибда обуначиларга етказилаётган экан.

Ўрганишларимиз жараёнида аксарият ташкилот ва муассасалар масъул ходимлари ёки газетхонлар нашрлар вақтида етказиб берилмаётганини айтса-да, бу ҳақда обуна уюштирган ташкилотга мурожаат қилмаганини ҳам билдирди. Ваҳоланки, газета ва журналларнинг ўз вақтида етказиб берилишини аввало, обуначи талаб қилиши лозим.

Почтада битта “Дамас”?..

“Матбуот уюшмаси” МЧЖ Каттақўрғон туман участкаси маълумотига кўра, участка тумандаги 43 корхона ва ташкилот, 102 мактаб, 55 мактабгача таълим муассасаси, 69 та маҳалла фуқаролар йиғини, 9 та касб-ҳунар коллежига газета ва журнал тарқатиш билан шуғулланади. Мазкур корхона, ташкилот ва муассасалар 141 номдаги нашрларга обуна бўлган. Газета-журналларни обуначиларга етказиб бериш учун учта ходим, учта техника ажратилган.

– Аксарият ташкилотлар марказлашган ҳолда обуна уюштирган, - дейди участка раҳбари Ҳ.Раҳимов. – Уларнинг ўзлари шу усулда тарқатишимни сўрашган. Табиийки, бу менга маъқул келди. Лекин нашрларни ҳар бир маҳалла ёки боғчага тарқатишга имкониятимиз етади.

Туман почта-алоқа боғламаси оператори Д.Fаниеванинг таъкидлашича, боғламанинг жойлардаги бўлимларида жами 28 нафар ходим хизмат қилади. Тумандаги 45 та корхона ва ташкилот, 150 дан зиёд таълим муассасасига хат-хабарлар, посилька, газета-журналларни тарқатиш учун атиги битта «Дамас» русумли автомашина ажратилган. Нашрларнинг вақтида обуначиларга тарқатилмаётганининг сабаби, ана шунда.

- Илгари ҳар йили 28-30 минг нусхадаги газета ва журнал, минглаб хат-хабарлар, жўнатмалар, пенсиялар тарқатардик, - дейди Пайариқ туманлараро почта-алоқа боғламаси раҳбари Я.Нурбеков. – Ходимларимиз сони ҳам шунга яраша эди. Ҳозир Пайариқ ва Оқдарё туманларининг 43 ташкилоти, 7 хонадонига 4200 нусхадаги газеталарни тарқатиш, аҳолига келаётган хат-хабарлар ва жўнатмаларни етказиш хизматини 21 нафар хабарчи ва алоқа бўлими ходимлари амалга оширмоқда. Бир йилдирки, иккита вакант иш ўрнига талабгор тополмаймиз. Чунки ойлик маошимиз жуда паст.

Кутубхонада газета йўқ

Ҳа, Пайариқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли ахборот-ресурс маркази учун 2019 йил учун бирорта ҳам нашрга обуна уюштирилмаган.

- 4 мингдан зиёд китобхонларимиз бор, - дейди марказ раҳбари Қандолат Бойназарова. - Уларнинг аксарияти “Халқ сўзи”, “Зарафшон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Пайариқ ҳаёти” ва бошқа газеталарни сўраб келишади. Уларга “йўқ” дейишдан ўзга чора тополмаяпмиз. Буни халқ таълими бўлими мутасаддисига айтсак, айбни туман молия бўлимига тўнкашади. Ўзимиз обуна бўлайлик десак, ойлигимиз жуда кам, рўзғордан ортмайди.

Бюджет ҳисобидан обуна қилиш мумкин(ми?)

Вилоят молия бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, 2019 йил учун тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида туман (шаҳар) халқ таълими, мактабгача таълим муассасаларини маҳаллий нашрларга обуна қилдириш учун январь ойида 1043 миллион сўм режалаштирилиб, тўлиқ молиялаштирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сонли қарорига асосан 10 турдаги газета ва журналларга обуна учун туман халқ таълими бўлимларига жами 1902 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Пайариқ ва бошқа туманлардаги кутубхоналарнинг оммавий нашрларга бўлган талабидан келиб чиқилса, ушбу молиялаштириш тажрибасини жойлардаги ахборот-ресурс марказларига ҳам қўллаш фурсати келди, назаримизда.

Обуна мажбурий эмас, аммо...

- Бирорта нашрга обуна бўлганимиз йўқ, - деди Самарқанд шаҳридаги 35-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Шоира Аҳмедова. – Чунки ўқитувчига обуна бўлиш мажбурий эмас.

Ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳри марказидаги ушбу таълим муассасасида бирорта ҳам нашрга обуна уюштирилмабди.

– Тўғри, мажбурий обунанинг даври ўтди, - дейди Каттақўрғон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби директори К.Юлдошева. – Лекин бу ўқитувчи матбуот нашрларини ўқимаслиги керак, дегани эмас-ку?! Менимча, ҳеч бўлмаганда, ўз соҳасига тегишли газета, журналларга обуна бўлмаслик зиёли учун уят. Ахир ўқитувчига ўқувчилари ёки фарзандлари республика, вилоят, туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, соҳасига доир савол бериб қолиши мумкин. Агар у газета ўқимаса, бу саволларга нима деб жавоб беради? Мактаб раҳбари сифатида мутолаага меҳри бўлмаган бундай ўқитувчилар билан ишлашни истамайман. Шу боис, ўқитувчиларни онгли равишда обуна бўлишларини тарғиб этиб келаман. Зеро, зиёли киши газета, журнал, китоб ўқимасдан самарали фаолият юритиши мумкин эмас. Ўз навбатида, нашрларни ўз вақтида олиб келишларини талаб ҳам қиламиз. Кўриб турибсиз, бу борада муаммомиз йўқ.

Айрим ўқитувчиларимиз турли янгиликлар, ахборотларни интернет орқали олаверамиз, обунага пул сарфлашнинг ҳожати йўқ, дейишади. Ўйлашимча, бу хато. Кўп йиллик газетхон сифатида айтишим мумкин, газета ва журнал ёки китоб берадиган маънавий озуқанинг ўрнини ҳеч бир восита тўлдира олмайди. Шунингдек, бунинг иқтисодий томони ҳам бор. Ҳисоб-китоб қилиб кўринг, уяли телефон, интернетдан фойдаланиш учун ойига 40-60 минг сарфласангиз бир йилда қанча бўлади? Бир оилада икки-уч киши телефондаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланса-чи? Шунча сарф-харажатларни фарзандларимизнинг уяли телефон орқали турли ўйинларни ўйнаши, кераксиз маълумотларни ўқиши, савиясиз фильмлар томоша қилиши, алмойи-жалмойи қўшиқлар эшитишига сарфлаётганимизни, буларнинг тарбияга салбий таъсир кўрсатиши, миллий қадриятларимизга зидлигини ҳам ўйлаб кўришимиз керак.

Муаллиманинг гапига изоҳ шарт эмас, бизнинг-ча.

Маърифатга хизмат қилиш осон эмас

Обуна мавсумида вилоятдаги ўндан ортиқ обуна уюштирувчи ташкилотлар раҳбарлари билан ҳар куни, кунора учрашиб турдик. Обуначиларнинг кўп бўлишидан таҳририятлар қаторида улар ҳам манфаатдорлигини эслатиб, вазифага виждонан ёндошишларини сўрадик. Кўпгина обуна уюштирувчиларнинг таҳририятлар олдидаги қарздорлиги камлик қилгандек газета-журналларни ўз вақтида обуначига етказмаётгани ҳам жараёнга салбий таъсир этаётганини тушунтирдик. Улар зиммасига олган мажбуриятни 2019 йилда сидқидилдан бажаришга, шартномага амал қилишга ва тезкор ишлашга ваъда беришганди. Афсуски, кўп тарқатувчиларда бу ваъдалар ваъдалигича қолди. Шу сабабли нашрларнинг обуначиларга етказилишини ўрганиш энди йил бўйи давом этади. Ўз навбатида муштарийларимиздан ҳам газета, журналларнинг ўз вақтида етказиб берилиши юзасидан муносабатларини билдириб боришларини сўраймиз.

«Зарафшон» мухбирлари.