Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ички ишлар вазири Самарқандда сектор раҳбарлари билан учрашди

Кеча, 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги устувор вазифалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрель кунидаги 216-сонли қарори ижроси юзасидан Самарқанд вилояти туманлари сектор раҳбарларининг жойларда фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилиши, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши ва озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси, томорқа ҳамда захирага олинган ерларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида навбатдаги ҳудудий учрашувларни ўтказди.

Учрашувда сектор раҳбарларининг ҳар бир маҳалла кесимида, йил якунига қадар аниқ ҳисоб-китобларга асосан талаб қилинадиган гўшт, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, ун ва ёғ маҳсулотларининг узлуксиз таъминотини ташкил этиши, аҳоли томорқаси, боғ-ток оралиқ ер майдонларидан унумли фойдаланиш, лалми ва бошқа мелиоратив ерларни ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишида чигит экиш ва ғаллани парваришлаш бўйича олиб борилаётган ишларига танқидий баҳо берилди.

Ўтказилган йиғилишларда мамлакатимизда пандемия шароитида фуқаролар саломатлигини сақлаш, глобал инқироз даврида аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлаш, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг изчил фаолият юритишини таъминлаш юзасидан туман секторлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлар тингланди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида томорқаларни ўрганиш, аҳолини огоҳлантириш, уларга жавобгарлик масаласини тушунтириб, ҳисоб-китобларни қайта қўриб чиқиб, кам таъминланган оилаларга беғараз уруғ-кўчат етказиб бериш бўйича зарурий чоралар кўриш лозимлиги тушунтирилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда пандемия сабаб айрим ишлаб чиқариш ва бошқа иқтисодий тармоқлар тўла қувват билан ишламаётгани боис озиқ-овқат захирасини яратиш энг долзарб масала эканлиги, бу борада зарурий чора-тадбирлар белгилаш лозимлиги таҳлил қилинди.

Шунингдек, вазир Ургут туманидаги “Идеал Лазер” МЧЖ, “Ургчерс” МЧЖ, “YEC GILAM” МЧЖ, “Ургут Микро Метал” МЧЖ корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.

Тадбиркорларга пандемия шароитида ҳам ишлаб чиқаришни тўхтатмаслик, юзага келаётган тўсиқларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарларига мурожаат этишлари лозимлиги таъкидланди.

Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.