Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихондан Қўшработга машина бўлмайдими? Пайариққа-чи?

Географик жиҳатдан Иштихон тумани Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё ва Каттақўрғон тумани ҳамда Каттақўрғон шаҳри билан туташ. Табиийки, ҳудуд аҳолисида ушбу туманларга бориш-келиш зарурати мавжуд.

Туман марказидан Оқдарё туманига боришга тўғри келса “Самарқанд - Иштихон” йўналишида қатновчи автомобиллар йўл-йўлакай айтган манзилингизга ташлаб ўтади. Шунда ҳам йўл кира ҳақини йўналиш охиригача бўлган нархда тўласангиз, албатта. Оқдарё туманидан Иштихонга келиш бирмунча арзонга тушади. Негаки, Иштихон - Самарқанд йўналишида қатновчи автобус Лойиш қўрғонига ҳам кириб ўтади.

Лекин Иштихон тумани марказидан (айнан марказдан бўлиши шарт эмас) Каттақўрғон туманига бориш учун, аввал Каттақўрғон шаҳрига етиб олишингизга тўғри келади. Негаки, Каттақўрғон туманига тўғридан-тўғри транспорт қатнови йўлга қўйилмаган.

Масъулларнинг маълумотига кўра, Иштихон тумани марказидан Каттақўрғон шаҳригача “Рамзиддин эффект” масъулияти чекланган жамиятининг 11 та “Дамас” русумли автоулови қатнаб турибди. Бироқ бу гапга фақат масъулларгина ишонишлари мумкин. Чунки, Иштихон тумани марказидаги чорраҳада “Ака, Каттақўрғонгами?”, деб қўлингиздан тутган ҳайдовчилар “Нексия” ёки “Ласетти” русумли автомобилни кўрсатади.

Маълумотларга кўра, Иштихон туманидан Қўшработ ёки Пайариқ тумани йўналишида расмий автомобиллар қатнови йўлга қўйилмаган. Қизиқ-а?

Чунки умрида бир марта бўлсаям ушбу йўналишдан ўтиб қолган одам билади: Иштихондан энг кўп қатнов айнан шу икки йўналишда амалга оширилади. Балки бир кунда Самарқандга ҳам бунча одам бориб, келмаса керак. Лекин юқорида айтганимдай бу йўналишда расмий қатнов йўқ. Нима бу назорат идораларининг хўрагими? Ёки масъуллар шундай йўналиш борлигини унутишганми?

Таклифлар ўрганилганми?

Аксарият ҳолларда назорат тадбирлари муайян йўналишда ноқонуний фаолият олиб бораётган киракашларга чора кўриш билан якунланади. Навбатдаги савол: нима учун йўналишда транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича вазифалар ҳақида ўйлаб кўрилмайди?

Одам ташиш билан қонуний шуғулланадиган аксарият киракашлар билан суҳбатлашсангиз, бунинг учун рухсат этиладиган лицензиянинг қимматлигидан нолишади. Транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар ҳам ноқонуний таксичилардан нолиб, уларни қонунийлаштириш ҳақида гап кетганда аксар ҳолларда юқоридаги сабаб билан ҳеч ким уларга аъзо бўлмаслигини рўкач қилади.

Бу қайсидир маънода тўғри ва айни ҳақиқат. Аммо бу ечимсиз муаммо дегани эмаску. Масалан, бугун Самарқанд шаҳрида замонавий турдаги такси хизматлари пайдо бўлган ва улар хизматидан кўпчилик фойдаланмоқда. Айтиш мумкинки, улардан лицензия олиш мутлақо бепул ёки айримларида ҳамма ҳайдовчига маъқул бўлган даражада арзон.

Жорий йилда ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларидан бирида вилоят транспорт бошқармасига айнан улардаги бошқарув ва иш услубини бошқаларга ҳам тарғиб қилиш вазифаси юкланган эди. Бироқ бугунги аҳвол бу иш амалда олиб борилмаганлигини кўрсатиб турибди.

Назаримда, одам ташиш хизмати билан шуғулланаётган ҳайдовчиларнинг қонуний ишлаши учун осон ва қулай бўлган талабларни йўлга қўйиш шарт. Бу биринчидан йўналишларда йўл кира ҳақи одам кўп вақтда ошиб, камроқ бўлган вақтда меъёрига келиб қолишининг олдини олади. Энг муҳими, қонуний киркашлар кўпайиб, одамлар бу хизматдан рози бўлади.

Автобошбекат қаерда?

Аслида Иштихон тумани марказида бир эмас, иккита автобошбекатга эҳтиёж мавжуд. Бирида қишлоқларга қатновчи енгил автомобиллар ва автобуслар жойлашса, иккинчиси Самарқанд шаҳри ва қўшни туманларга одам ташувчи транспорт воситаларига хизмат кўрсатиши мумкин.

Бироқ айни пайтда Иштихон тумани марказида битта автобус тўхташ жойи - “кармашка”ни ҳисобга олмаганда автомобиллар тўхтаб, йўловчи олиши учун деярли шароит яратилмаган. Бир қарашда бу алоҳида мавзу. Бироқ йўловчиларга қулайлик яратиш, хусусан, намунали транспорт хизмати кўрсатиш учун ҳам бу масалани эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Қолаверса, аҳоли ташишдаги муаммолар ҳақида гап кетганда транспорт бошқармаси бошқа ишлар қолиб, энг аввал шу муаммони тилга олади. Бу масалада давлат раҳбарининг қарори қабул қилинган. Бироқ вилоятимиздаги кўпгина туманларда бу ҳамон эътибордан четда қолиб келмоқда. Нега?