Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Испанияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланди

Мутахассислар COVID-19нинг Испанияда пайдо бўлган янги мутациясини аниқлади. Бу ҳақда 30 октябрь куни тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Базель университети прфессори Эмма Ходкрофт БМТнинг Женева офисидаги Хорижий мухбирлар уюшмаси матбуот анжуманида маълум қилди.

Базель университети, Базельдаги Цюрих политехника университети ва secCOVID-Ispaniya консорциуми (мустақил ташкилотларнинг вақтинчалик бирлашмаси) тадқиқотчилари сўнгги тўрт ой давомида Европанинг турли мамлакатларидан олинган COVID-19 вируси намуналарини баҳолашди. Дастлабки намуналар Европа давлатлари чеклов чораларини бекор қилишни бошлаган июль ойларига тўғри келмоқда. Олинган маълумотлар Испанияда пайдо бўлган SARS-CoV-2нинг янги мутациясини аниқлашга имкон берди.

20A.EU1 деб номланган мутация ёз ойларида Испаниянинг шимолий-шарқидаги қишлоқ хўжалиги ишчилари орасида тарқала бошлаган. Айни вақтда у Испанияда келиб чиққан вируслар кетма-кетлигининг қарийб 80 фоизини, Буюк Британиядан 90 фоиз, Ирландиядан 60 фоиз ва Швейцария ва Голландияда қайд этилган кетма-кетликнинг 30-40 фоизини ташкил этмоқда. Мутахассислар тадқиқотларига кўра, вируснинг аниқланган янги штамми, шунингдек, Франция, Бельгия, Германия, Италия, Латвия, Норвегия, Швеция, Гонконг, Янги Зеландия ва Австралияда қайд этилган.

“Вируснинг биз аниқлаган барча шакллари Хитойда пайдо бўлган дастлабки штамм билан яқин алоқадор. Ушбу шакллар барча жойда пайдо бўлиши мумкин. Бу мутацияларга учрайдиган вирус ҳаёти учун одатий ҳолат. Шубҳасиз, вируснинг ушбу шакли бошқа мамлакатларга тарқалади, эҳтимол тарқалиб бўлган”, деди Ходкрофт.

Унинг сўзларига кўра, янги шаклдаги вирус тарқалиши унинг юқишига ва клиник натижасига таъсир этиши тўғрисида айни вақтда ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Шу сабабли 20A.EU1 COVID-19 қарши вакцина яратиш устида олиб борилаётган ишларга таъсир қилмайди.