Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жигарранг вабо кўланкаси

Ўтган йилларда жаҳоннинг кўзга кўринган олимлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котибига мактуб йўллаб, дунё миқёсида миллатчилик-популизмининг кучайиб бораётганлиги, бу эса охир-оқибат, либерал-демократик ғояларнинг барбод бўлишига, фашизмнинг қайта жонланишига ва турли мамлакатларда янги-янги зиддият ўчоқларининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида жиддий огоҳлантиргандилар. Шундан сўнг дунё ҳамжамияти бу борадаги вазиятни ўрганиб чиқиб, 2018 йилда махсус вакилнинг ҳисобот маърузасини тинглаган ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилганди.

Шу ўринда, аввало, миллатчилик популизми нима эканлиги ҳақида қисқагина маълумот беришга тўғри келади. Давлат бошқаруви жараёнида  турли муаммоларга учраган сиёсий элита ўзининг тор сиёсий манфаатларини кўзлаб  оддий фуқаролар онгидаги салбий ҳиссиётларни уйғотишга уринади. Айтайлик, “мигрантлар мамлакатимизда жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлмоқда” ёки “қашшоқ яшаётганимизга қўшни  давлатлар айбдор” деган уйдирма гапларни урчитиб, тарғибот тизими орқали халқнинг қулоғига қуяди. Энг қизиғи шундаки, бундай иддаолардан нафақат давлат бошида турганлар, балки улар билан ихтилофдаги мухолифотчилар ҳам унумли фойдаланишади.

Масалан, АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов олдидан муҳожир ишчилар америкаликларнинг нонини яримта қилаётгани, иш берувчилар ўз корхоналарини хорижга олиб чиқиб кетаётганлиги, қашшоқлар сонининг кўпаяётганлигига Американинг бошқа мамлакатларга ёрдам бераётганлиги ва глобализация сабаб бўлаётганлиги ҳақида гапириб ўз тарафдорларини кўпайтиришга эришганди. Бундан ташқари, бу арбоб АҚШда ирқчилик ва миллатчиликни рағбатлантириб ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланганлиги ҳам америкаликларнинг азалий демократик қадриятлари асосларини анча заифлаштириб қўйди.

Франциялик популист лидерлардан бири Марин Ли Пен эса расмий ҳукуматга қарши халқни гиж-гижлаш мақсадида мусулмон муҳожирлар сонининг ортиб бораётганлиги мамлакатнинг демократик келажагига хавф-хатар пайдо қилиши ҳақида кунда бўлмаса, кунора сафсата сотмоқда. Бунда у “Шарл эбдо” журнали ва Франциянинг турли шаҳарларидаги террорчилик ҳаракатларини рўкач қилиб кўрсатмоқда. Бироқ бу воқеаларга аслида ислом дини эмас, балки Франция жамиятидаги ксенофобик кайфият ва одамларнинг диний ҳис-туйғуларига нисбатан содир этилаётган тажовузлар сабаб бўлаётганлигига ҳеч ким эътибор бермаяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн берган маълумотларга кўра, бу ҳолат ўзини демократик деб ҳисоблайдиган бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Австриялик Норберт Хафер, чехиялик Милош Земан, венгриялик Виктор Орбан, нидерландиялик Герта Виллер, словакиялик Роберт Фицо, британиялик Найжела Фараж сингари сиёсий арбоблар  ўзларининг популистик демагогияга асосланган турли иддаолари билан бағрикенглик ва толерантлик ғояларига асосланган Европа жамияти қадриятларини оёқости қилишмоқда. Кўп ҳолларда улар келтирган далиллар ҳеч қандай мантиқий асосга таянмайди. Жумладан, Венгрия бош вазири Виктор Орбан муҳожирлар пайдо қилаётган хатарни пуфакдек шишириб, ўз халқини қўрқитмоқда. Ҳолбуки, мамлакатдаги 10 миллион фуқаро орасида бор-йўғи 10559 киши Осиё ва Африка мамлакатларидан келган муҳожирлардир. Уларнинг Венгрия жамиятига қанақадир жиддий хавф-хатар пайдо қилиши ақлга сиғмайдиган гап. Тўғри, муҳожирлар табиий равишда кўпайиб, қачонлардир нуфуси миллионга етар. Аммо у пайтда мигрантларнинг авлодлари ассимляцияга учраб, маҳаллий халқ билан тўлиқ аралашиб кетган бўлади.

Миллий айирмачилик ва ўзга халқларга нисбатан тоқатсизлик кўп ҳолларда қуролли можаролар ва ҳатто катта урушларни келтириб чиқариши жаҳон тарихида кўп кузатилган. Ўтган 2020 йилда Озарбайжон ва Арманистон республикалари ўртасида бўлиб ўтган 44 кунлик уруш халқлар орасида пайдо бўлган миллий зиддият қанақа оқибатларга олиб келишини яққол кўрсатиб қўйди. Бир вақтлар аралашиб-қуралашиб, аҳил қўшничиликда тинч-тотув яшаган икки халқ  ўртасида ўзаро нафрат пайдо бўлди. Арман миллатчилари томонидан кўҳна тарих кавланиб, бир замонлар денгиздан денгизгача ястанган қадимий арманилар империяси ҳақидаги афсона ва ривоятлар жонлантирилиб, Озарбайжоннинг бир қисми босиб олинди. Тоғли Қорабоғда азалдан яшаб келган мусулмон аҳоли қувғин қилинди.

Собиқ СССРда муаммолар қанчалик кўп бўлмасин, битта масалада ўзаро мақбул уйғунликка эришилган эди. Бу ҳам бўлса қизил салтанатда миллий масала муваффақиятли ҳал этилганди. Иттифоқнинг сўнгги йилларида гарчанд рус шовинизми кучайган эса-да, ҳар ҳолда, гўё қардош халқлар ўртасида бир-бирига нисбатан нафрат кузатилмасди. Миллатчилик туйғулари ҳам рағбатлантирилмас, аксинча, қаттиқ таъқиб этиларди. Бир сўз билан айтганда, сохта пролетар интернационализм тамойилларига иложи борича амал қилинарди. Миллатчиликнинг маиший қобиқлардан чиқиб кетишига йўл қўйилмасди. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида буюк миллатчилик шовинизмига жавоб ўлароқ вужудга келган тўлақонли миллий ҳаракат дастлаб Қозоғистонда, кейин Кавказда ва ниҳоят Болтиқбўйи ва Украинада бўй кўрсата бошлади. Оқибатда миллатлараро қонли можаролар содир этилди. Минг-минглаб бегуноҳ фуқаролар қурбон бўлди ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолди.

Бундаги энг ёмони, бир неча асрлар давомида шаклланган давлат сарҳадлари миллатчилик ақидалари асосида шубҳа остига олина бошланди. Чегараларни қайта кўриб чиқиш тенденцияси пайдо бўлиб, Озарбайжон, Украина, Молдова, Грузия сингари собиқ шўро республикаларининг бир қисм ҳудудлари кучлироқ бўлган қўшнилар томонидан эгаллаб олинди. Бу эса юқоридаги мамлакат ҳудудларида соат механизми билан ишлайдиган миналар кўмиб қўйилганига ўхшаб қолди. Ана шундай миналардан бири 2014 йилда Украинада ва иккинчиси бултур 27 сентябрь куни Озарбайжонда портлади. У ерларда бўлиб ўтган қонли можарода минг-минглаб навқирон йигитлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди, ундан кўпроқ одамлар яраланди. Шаҳарлар, қишлоқлар вайронага айланди. Ушбу урушлардан ким ютди ёки ким ютқазди – ҳануз номаълумлигича қолмоқда. Нима бўлганда ҳам, бу ҳудудлар дунёдаги АҚШ, Россия, Эрон, Туркия сингари бир-бири билан зимдан келишолмайдиган йирик давлатларнинг рақобат майдонига айланиб қолганлиги аён ҳақиқатдир.

Шу маънода, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда барқарор юргизилаётган миллий сиёсат ҳар қандай таҳсинга сазовор. Мамлакатимизда ҳам ташқи, ҳам ички халқаро муносабатларда ўзига хос миллий гармония шакллантирилди. Ўзбекнинг буюк шоири Эркин Воҳидов ёзганларидек:

Барча бахт-саодат меҳнатникидир,

Тинчлик – дўстликники, ҳимматникидир.

Ўзбекистон ёлғиз ўзбекникимас,

Бир юзу ўттиз тўрт миллатникидир.

Кейинги ўттиз йил давомида кўп миллатли Ўзбекистон халқи бир жон бир тан бўлиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, фуқаролар фарjвонлигини ва барча миллатларнинг тинч-тотувлигини таъминлаш борасида оламшумул муваффақиятларни қўлга киритди. Мамлакатимиз халқлари сўзлашадиган барча тиллар, динлар мавқеи демократик конституциямиз асосида тўлиқ сақланди. Халқ таълими муассасалари еттита тилда фаолият кўрсатишда давом этди. Юртимизнинг турли бурчакларида озчилик миллатларнинг маданий марказлари таъсис этилди. Шаҳар ва қишлоқларимизда масжидлар, черковлар, синагоглар ҳамда бошқа дин ҳамда мазҳаб вакилларининг ибодатхоналари эркин фаолият юритди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги ҳар бир миллат худди ўз тарихий ватанидагидек эркин истиқомат қилаётир.

Мамлакатимиздаги миллий ва диний бағрикенглик турли миллатлар ва дин вакилларининг тинч-осойишта ҳаёти давлат ва жамият равнақи учун муҳим омиллардан бири эканини кўрсатди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимида фаолият кўрсатаётган дастлабки кунлардан бошлаб миллатлараро ҳамда динлараро муносабатларда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, ўзаро тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда турли миллатлар ва динлар эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароит яратиш сиёсатини изчил равишда олиб бормоқда.  Ташқи сиёсатда ҳам мамлакатимиз кўп векторли ҳаракат тамойилларига амал қилиб, турли ҳарбий-сиёсий уюшмаларга қўшилмади, хорижий мамлакатларнинт ички ишларига аралашмади. Атрофдаги яқин қўшнилар билан дўстона муносабатлар ўрнатди.  Буларнинг бариси жаҳон миқиёсида мамлакатимизнинг обрўси ва мавқеининг ошишига сабаб бўлди. Айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги миллий сиёсат бошқа давлатларга ўрнак бўларли даражада шакллантирилди. Бизнинг энди келгусидаги вазифамиз ҳар турдаги буюкмиллатчи-популистик демагогларга қарши туриб халқларимиз ўртасидаги ирқий, миллий, этник ва  диний бағрикенглик тамойилларини янаям мустаҳкам қарор топтиришдир.

Худойберди КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.