Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жамшид Ўроқов: «Нон ишлаб чиқариш кластери ташкил этилади»

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят матбуот уйида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирокида ун ва нон маҳсулотлари нархининг ўзгаришига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидландики, жорий йилда вилоятимизда 364 минг тонна ғалла етиштирилди ва бу маҳсулотнинг тоннаси учун фермер хўжаликларига ўртача 1 миллион 420 минг сўмдан ҳақ тўланди. Вилоятимиздаги 4 та ун ишлаб чиқариш корхонаси томонидан эса ҳар ойда ўртача 600-620 тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Вилоят аҳолисини нон маҳсулоти билан таъминлаш учун жами 387 та қолипли нон ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан  жорий йилнинг 15 октябридан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар биржа савдоларида маҳаллий ҳамда импорт қилинган ун ва дон маҳсулотларини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳуқуқи жорий қилинди. Қарор асосида 2019 йилнинг 15 октябридан 7 ноябригача вилоятимиздаги ун ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 13 минг 516 тонна ун маҳсулоти савдога чиқарилиб, 13,5 миллиард сўмга сотилган. Шунингдек, қарор асосида пенсионер ва кам таъминланганлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда 50 минг сўмдан компенсация пули бериш йўлга қўйилган.  

    

- Жорий йилги 364 минг тонналик ғалла хирмонидан 75 фоиз ун ишлаб чиқарилганда ҳам йилига 273 минг тонна, ойига 22,7 минг тонна ун ишлаб чиқарилади ва бу вилоятимиз аҳолисининг эҳтиёжини тўла қондириш имконини беради, - дейди Ж.Ўроқов. – Ун ва нон нархининг ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда “Самарқанддон” акциядорлик жамиятининг ун ишлаб чиқариш харажатлари 1 килограмм уннинг улгуржи нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 2195 сўмни ташкил этди. “Регистон нон” корхонаси томонидан 500 грамлик қолипли нон таннархи ўрганилганда солиқ тўловлари билан бирга 1350 сўм, 50 сўм устама билан 1400 сўмдан сотилаётганлиги кузатилди.

Афсуски, тадбиркорлар орасида қолипли нон учун давлат стандартида белгиланган 500 грамм ўрнига 420, ҳатто 400 грамм ҳолда ишлаб чиқариш ҳолатлари учрамоқда ва уларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Шундай ҳолатларни камайтириш ва соҳада соғлом рақобатни юзага келтириш учун “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг имтиёзли кредити асосида Россия давлатидан 10 та замонавий корхона жалб этилиб, қолипли нон ишлаб чиқариш бўйича намунавий кластер тизими жорий этилади. Улар ғалла экишдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнигача қамраб олинади.

Матбуот анжуманида Ж.Ўроқов журналист ва блогернинг саволларига батафсил жавоб берди.

Ў.ҚЎЗИБОЕВ.