Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда айбдор боғча мудиралари жаримага тортилди

Мутасаддилар томонидан Каттақўрғон туманидаги мактабгача таълим муассасаларида иш берувчилар томонидан ходимлар билан меҳнат шартномасини тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этганлик амалиёти таҳлил қилинди. Бу ҳақда  вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таҳлил натижаларига кўра, Каттақўрғон туман мактабгача таълим муассасасига қарашли 2 ҳамда 4-сон мактабгача таълим муассасаларида ходимлар ҳар олти ой давомида тиббий кўрикдан ўтганлиги, тиббий кўрик харажатларини ўз ҳисобларидан амалга оширганликлари аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддасида «тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар» деб белгиланган.

Баён этилган ҳолатлар ҳамда ўрганишда тўпланган ҳужжатларга асосан, Каттақўрғон туман мактабгача таълим муассасасига қарашли 2-сонли ҳамда 4-сонли мактабгача таълим муассасалари мудиралари М.Ҳасанова ва М.Султоноваларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган (Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, яъни мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши) ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги боис, тўпланган ҳужжатлар мазкур шахснинг маъмурий жавобгарлик масаласини ваколат доирасида кўриб чиқишлик учун туман Бандликка кўмаклашиш марказига юборилган.

Туман Бандлик марказидан олинган маълумотларга кўра, ҳар иккала муассаса раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги талабларини бузганлиги учун энг кам ойлик иш ҳаққининг икки баробари миқдорида жаримага тортилиб, қатъий огоҳлантирилган.