Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кечагача 370 нафар самарқандлик Хитойдан келган. Уларнинг хонадонлари мунтазам дезинфекция қилинмоқда

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга кўра, Хитой давлатида коронавирусдан касалланганлар сони 80995 ошган. Ушбу касаллик қурбонлари сони 2718 (3.5 фоиз) нафарни ташкил этмоқда. Хитойдан ташқарида ушбу касаллик билан 2805 нафар фуқаролар касалланган. Ҳозирга қадар ушбу касаллик ер юзидаги 37 та давлатларда қайд қилинган.

Мамлакатимиз, жумладан, Самарқандда ҳам хасталикнинг кириб келишининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йилнинг 26 февралигача вилоятга жами 370 нафар самарқандликлар Хитой Халқ Республикасидан келишган. Уларнинг 347 нафарида 14 кундан ошганлиги сабабли тиббий кузатув тугатилган. 23 нафарида тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Ушбу фуқаролар тўғрисида рўйхат асосида ҳар бир шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимлари хонадонма-хонадон юриб, Хитойдан келган вилоят фуқароларини 14 кун муддатга тиббий кузатувга олишган.

Жорий йилнинг 26 февралигача Самарқанд халқаро аэропорти санитар назорат пункти орқали жами 304 та рейслар келиб-кетган бўлиб, 21179 нафар йўловчилар ўтказилган, шундан 1345 нафари чет эл фуқаролари, 53 нафари ХХРдан келган фуқаролар, Жартепа санитар-назорат пункти орқали 2691 та автотранспорт воситалари ўтган бўлиб, 22832  нафар йўловчиларнинг 13658  нафари чет эл фуқароларидир. Юқумли касалликларга гумон қилинган беморлар аниқланмаган.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассисларидан иборат 4 та тезкор мобил бригадалар ташкил этилиб, шай ҳолатга келтирилган. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияси ЎРИ ва грипп касалликларининг 11 турига текшириш учун диагностикумлар билан таъминланган.

Шунингдек, марказ томонидан Самарқанд шаҳридаги 10 та йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотларда ва автотранспортларда (250 та автобус, 285 та “Дамас” ва 310 та такси), Хитой Халқ Республикасидан қайтган 102 нафар фуқароларнинг хонадонларида, 8 та мактабгача таълим муассасаларида, 35 та мактабларда профилактик дезинфекция тадбирлари олиб борилди. Самарқанд шаҳридаги мавжуд бозорларнинг барчасида, туристик объектларнинг 22 тасида, 36 та меҳмонхона ва 14 та ётоқхона ҳамда 22 та ресторан, 28 та умумий овқатланиш шохобчаларида ҳам профилактик дезинфекция тадбирлари ўтказилди.

Туман СЭО марказлари томонидан жойларда профилактик дезинфекция тадбирларини ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда. Қолаверса,  туманлардаги 14 та автошоҳбекатлар (105 та автобус, 85 та “Дамас”, 66 та такси), 22 та бозорлар, 42 та ресторан, 59 та умумий овқатланиш шохобчаси ҳамда Хитой Халк Республикасидан қайтган 250 та фукароларнинг уйлари ва ҳовлиларида профилактик дезинфекция тадбирлари ўтказилган.

Самарқанд вилоятида коронавирус инфекциясининг четдан кириб келиши ва олдини олиш бўйича профилактик дезинфекция тадбирларини ўтказиш ишлари давом этмоқда.

К.САЪДУЛЛАЕВ,

вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг эпидемиологик мониторинг ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш бўлими мудири.