Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коллеж ва техникумларда ўқув жараёнини бошлаш учун сўровномалар ўтказилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси билан коллеж ва техникумларда ўқув жараёнини анъанавий ёки масофавий шаклда давом эттириш мақсадида ўқувчилар ва уларнинг ота-она (васий)лари ўртасида сўровнома ўтказилиши белгиланди.

Бунда коллеж ва техникумларга кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилингандан сўнг фарзандлари ўқишга кирган ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида ўқув жараёнини бошлаш муддати ва шаклини белгилаш бўйича сўровнома ўтказилади.

Янги ўқув йилини анъанавий тарзда бошлашга тайёр бўлган коллеж ва техникумларда ўқув жараёнини бошлаш масаласи туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгаши муҳокамасидан ўтказилади.

Коллеж ва техникумларда СанПиН талаблари бажарилган тақдирда ҳамда ота-оналар ва депутатлардан ижобий хулосалар олингандан сўнг, ўқув жараёнлари анъанавий шаклда ташкил этилади.

Маълумот учун, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 7-баёни қарорига мувофиқ 2020 йил 20 ноябрдан 30 ноябрга (шу куни ҳам) қадар коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари ўтказилади.

Коллеж ва техникумларнинг 178 тасида тест синовлари, 176 тасида эса ёзма имтиҳон шаклида, спорт соҳасидаги коллеж ва техникумларда касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтади.