Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Лаборатория (Ҳажвия)

- Энди бу ёғига эҳтиёт бўлинг, ака – деди унга эшикдан чиқаётган врач.

***

Саримбой хонага кирганида участка врачи бир аёл билан сурманинг кўзга фойдаси ва аллақайси малҳамнинг юз терисига нафи ҳақида суҳбатлашиб турган экан. Иккала аёлнинг суҳбати бўлиниб, эшикдан кирувчига юзланди врач:

- Қани, кўрайлик-чи, - деди Саримбой узатган қоғознинг олди-ортини айлантириб қараб:

- Хў-ў-ўш, кардиолог, дерматолог, психолог… - врач шу каби қатор номларни ўқиркан: - эндокринологдан ўтмабсиз-ку! – деди.

Саримбой худди бувисининг чўнтагидан конфет ўғирлаб, қўлга тушган ёш боладай қизарди:

- Кечирасиз, доктор, эсимга келмапти. Ҳозир бориб, ўтиб келаман, - у эшикка йўналди.

- Шошманг! – Саримбойни тўхтатди врач:

- Эндокрин учун алоҳида қон ва пешоб топширилади. Демак, бугун кеч бўлди. Эртага эрталаб келасиз.

… Саримбой тонг азонда пешоб солинган идишни кўтариб, поликлиникага келди. Лаборант кўрсатган жойга пешоб солинган идишни қўйиб, қон топширди.

- Жавоби эртага тайёр бўлади, - деди лаборант. – Врачингиздан биласиз, -  қўшимча қилди у.

- Қонингизда ҳам, сийдикда ҳам қанд миқдори бироз юқори кўрсатиляпти, - деди у эртасига.

- Неччи экан?!

- Етти-ю, ўн олти.

Шунда Саримбой у ёқ-бу ёққа қараб, тараддудлана бошлади. Унинг бу ҳолатини кўриб врач сўради.

- Нима гап?

- Йўқ, ўзим, - деди врачнинг ёнидаги аёлга бир-икки тикилиб. Аёл ишим зарур эди деб чиқиб кетди. Врач яна Саримбойга юзланди. – Хўш?

- Э, қўяверинг ҳеч гап эмас.

- Нима, бирон жойингиз оғрияптими яна?

- Бундан икки кун олдин… - Саримбой дудуқланиб, тўхтаб қолди.

- Нима бўлди? – сўради врач. - Йиқилдингизми?

- Келинингиз «сахар», етти ой бўлди. Шунга ундан юқмадимикин, дейман-да.

- Қандли диабет бир кишидан иккинчи кишига юқмайди. Чунки бу индивидуал характерга эга бўлган касаллик. Сиз ҳечам ташвиш қилманг, - дея тинчитди уни врач: - Беш-ўнта дори ва икки-учта укол билан яхши бўлиб кетиши мумкин. Лекин, барибир, эндокрин диспенсерига бориб, жиддий текширувдан ўтказсангиз дуруст бўларди. Эрталаб барвақт туринг-да, юз-қўлингизни ювмасдан, бирон-бир тоза идишда пешобингизни олиб боринг. Қонни ўша ернинг ўзида олишади.

Навбатда ўн беш-йигирма чоғли одам турган экан, ҳали ярим соатсиз навбат етиши гумон. Саримбой қўлидаги пешоб солинган идишчани коридорнинг бир бурчагига қўйиб, унинг тагига врач берган қоғозниям қистирди. Ташқарига чиқиб, сигарета тутатди.

Саримбой яна бироз айланиб, крандан қониқиб сув ичди. У кирганимда навбатда ҳеч ким қолмаган эди. Идишчани қўйган жойидан олиб, лабораторияга кирди. Қон топширди.

- Натижаси пешиндан сўнг, соат учларда маълум бўлади, - деди лаборант.

Ҳали жуда барвақт бўлганлиги учун Саримбой уйига келди. Тушлик овқатни еди, чой ичиб, пича ҳордиқ олиб, бафуржа диспансерга борди.

- Сизни бошлиғимиз кутяпти, - деди у кириб келганида лаборант аёл Саримбой нимага дегандай лаборантга саволомуз тикилди.

- Кираверинг, ўша ерда биласиз, - аёл бошлиқнинг эшигига ишора қилди. Лаборантнинг ёнидаги ёшгина аёл пиқ этиб кулди.

Бош врач хонасига кирганида у аллақандай ҳужжатларни кўздан кечираётган экан.

- Хайрият, келдингиз? – деди у Саримбойга ғалати жилмайиб қараб.

Бош врач қўлидаги қоғозларини столнинг бир четига суриб қўйди ва стол ғаладонидан бир варақ қоғоз олди. Сўнг яна Саримбойга ғалати қараб қўйди. У қўлидаги қоғозга жиддий ва синчиклаб қараб олгач:

- Ака, мабодо янглишиб, пешобни янгамникини олиб келмаганмидингиз?

- Йў-ўўўқ, мен эрталаб соат тўртда туришга одатланганман. Бу вақтда янгангиз ухлаётган бўлади. Нима гап?

- Янгани ухлаётганди денг. Ундай бўлса, - дея врач столи бурчидаги тугмачани босди. Эшикдан котиба мўралади.

- Бош лаборантни чақиринг. Лаборант олиб келган икки варақ қоғозни бошлиқ столи устига қўйди. Врач қоғозларга кўз югуртираркан: - Ака, - деди у босиқлик билан, - ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Сиздан илтимос, фақат оғир бўласиз, ўзингизни қўлга оласиз. - Бу пайтда бош лаборант четга бурилиб, оғзини бекитиб, қиқирлаб кулди. Врач ўқрайиб қараб қўйгач, тез жиддий қиёфага кирди.

- Нима гап, доктор? – ҳам ваҳима, ҳам ҳайрон ҳолатда врачнинг оғзини пойлади Саримбой.

- Энди бу ерда сиздан бекитадиган гап йўқ, тўғрисини айтмасак бўлмайди. Пешоб, яъни сийдик таҳлили сизни ҳомиладор, деб хулоса беряпти.

- Э-э-э, нималар деяпсиз, доктор. Ҳазилингизни қўйинг-е, у жойидан туриб, тиржайиб, врачнинг столига яқин борди.

- Бу ҳазил эмас, - деди доктор. - Сиз аввал жойингизга ўтириб олинг, мен сизга ҳаммасини батафсил тушунтираман.

Саримбой яна қайтиб жойига ўтирди. Энди врач ҳалиги қоғозларни қўлига олиб, тушунтира бошлади.

- Бунақа ҳодиса ҳали тиббиёт тарихида бирон марта қайд этилмаган бўлиб, ниҳоятда камёб ва ноёб воқеа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу нарсанинг ҳудудимизда содир бўлганлиги биз учун ҳам катта обрў, э, йўғ-е, обрў эмасу шов-шув бўлади, демоқчиман. Врач Саримбойга синчков қараб қўйди. Агар интернетда чиқиб кетса борми, ажаб эмас геннислар китобига тушиш…

- Ана, у кишини қаранг, - деди шу пайт бош лаборант. Пешонасидан реза-реза тер чиқиб, оғзини каппа-каппа очиб, қисқа-қисқа нафас олиб, кўзлари олайиб, ҳушидан кетаётган Саримбойга ишора қилиб.

- Сув! – деди врач шошилиб, - ана, графинда, юзига сепинг, ичкизинг!

Бош лаборант графиндан кафтига сув олиб, Саримбойнинг юзига сепди. Ярим пиёла сувни унинг лабларига тутди. Врач узатган сочиқни олиб, беморнинг юзига елпита бошлади.

Ҳайтовур Саримбой кўзини очди.

- Унақа эмасда, ака, - деди Саримбой ўзига келгач врач. - Мен сизга оғирроқ бўлинг, деб огоҳлантиргандимку, ахир. Бу ниҳоятда жиддий ҳодиса. Ер юзида саккиз ярим миллиарддан ортиқ аҳоли бўлса, шу пайтгача бунақа воқеа қайд этилмаган.

- Бўлинг! – деди врач, бош лаборантга, - ташқарига, ҳовлига олиб чиқиб, тоза ҳавода айлантиринг. Чорак соатдан сўнг хонамга олиб кирасиз.

Тоза ҳавода айлангач, Саримбой анча тузук бўлиб қолди.

- Ака сиз бекорга ҳаяджонланяпсиз, - деди врач Саримбой хонага киргач.

Унинг аҳволидан анча хавотирга тушиб қолган бош врач энди астойдил юмшоқлик билан муомала қилишга ўтди:

- Бу охирги хулоса бўлолмайди. Ускуналаримиз ҳаммаси хориждан келтирилган. Энг замонавий. Эртага эрталаб яна пешобингизни олиб келинг. Эртага таҳлилнинг тепасида ўзим тураман. Ҳа, дарвоқе, - деди гўё қўққисдан эсига тушиб қолгандай, - қон ва пеобни топширгач, албатта, лаборант билан бирга менинг хонамга киринглар.

Эртаси куни Саримбой қон ва пешоб топшириб, бош лаборант билан врач хонасига кирди.

- Ёзинг, - деди лаборантга врач, - беш кун ичида қуйидагиларни келтириши шарт. Биринчи, қайси маҳаллада яшайди ва нечта қўшниси бор. Иккинчи, камида бешта қўшнидан Саримбойни яхши таниши ҳақида тушунтириш хати. Учинчи, маҳалладан маълумотнома. Тўртинчи… ёзаяпсизми, - у лаборант ёзаётган қоғозга нигоҳ ташлади.

- Хў-ў-ў, ёзаверинг. Нечанчи эди. Ҳа, тўртинчидан…

Шу пайт талмовсираб тилга кирди Саримбой:

- Шу нарсаларнинг ҳаммасини ёзиш шартми, бир оғиз «ҳомиладор эмас» деб ёзиб қўя қолсангиз бўлмайдими?

Врач унинг гапини шартта кесди:

- Ҳўвввв, ака, тушунсангиз-чи, бу жиддий масала, яқинда юқоридан текшириш келяпти. Битта сиз учун ишимдан айрилиб, жавобгар бўлишни хоҳламайман. Менда ҳам бола-чақа бор. Текшириб келувчиларга каллам билан жавоб бераман, ахир.

…Туғруқхона таъмирланаётгани, архивнинг ишламаётгани учун ана шу икки муассасадан ташқари барча ҳужжатлар уч кундаёқ тўғри бўлди. Саримбой ўн тўққизта қоғозни битта жилдга солиб, қўлтиққа қисди-да, бошидан калтак еган эчкидай гандираклаб, диспансерга борди. Ахир у «ҳомиладорсан», дейишганларидан буён беш кеча мижжа қоқмади-да. Бу орада бечора хаёлнинг қайси кўчаларига кириб чиқмади, десангиз.

Врач уни қучоқ очиб кутиб олди:

- Э, қаёқларда юрибсиз? Кутавериб тоқатимиз тоқ бўлди-ку, ака!

Саримбой қўлтиғидаги папкага ишора қилди:

- Мана бу ҳужжатларни…

- Э-э-э, отворинг, бу ҳужжатларингизни ёки уйингизга олиб бориб эсдаликка сақлаб қўйинг.

Ҳали Саримбой билан олдинма-кетин кириб келган бош лаборантга: «Сиз гапиринг» дегандай имо қилди бош врач.

- Қон таҳлилингиз ҳам, пешоб таҳлилингиз ҳам жуда аъло даражада. Уч-у қирқ бир.

Шу пайт Саримбойнинг елкасига кафтини қўйди врач:

- Ҳақиқий эркак, - у мамнун жилмайди.

- Фақат, - деди бош лаборант давом этаркан чайналиб: - фақат бир узрли тарафи шунда-ки…

- Қанақа узрли тарафи, яна нима? – ранги докадек оқариб, лаборантнинг юзига тикилди Саримбой.

- Йўқ-йўқ, - деди лаборант, - сиз қўрқманг, бундан олти ой муқаддам баҳорда турмушга чиққан Нашифа деган санитар қизимиз каридорни юваётганида сиз қўйган идишни пол таёқ билан туртиб, билмасдан тўкиб юборган. Бошлиқдан гап эшитишдан қўрқиб, кейин у ёғи ўзингизга маълум.

- Кеча йиғилиш ўтказиб, қатъий огоҳлантириш бердик, - деди врач. – Бу ишни яна такрорласа, вазифасидан озод қилишга қарор қилдик.

- Боринг! – деди у лаборантга: - Нажифанинг ўзини олиб келинг, бу ерга. Кечирим сўрасин бу кишидан.

- Кеча ўзи бўлари бўлди, - деди бош лаборант. - Ҳомиладор аёлга ҳаяжонланиш мумкин эмас.

- Ундай бўлса қўяваринг, шарт эмас. Хўп, ака, - врач Саримбойга қўл чўзди.

Саримбой диспансер ҳовлисида худди ҳаммомдан бўғриқиб чиққан одамдай, кўксини тўлдириб, чуқур нафас олди астойдил керишди ва илдам одимлаб кетди.

Ўринбой НОРМАТОВ.