Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалла раислари жойларда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларига томошабин бўлиб турмаслиги керак

Вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига хизматда фойдаланиш учун қўлланма

Вилоят ҳокимининг 2019 йил 18 октябрда “Самарқанд вилоятида бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан кейинги йилларда вилоятда, айниқса, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида кўплаб қурилиш объектларини ўрнатилган тартибда, тегишли идоралар билан келишмасдан туриб реконструкция қилиш, қайта ихтисослаштириш, рухсат берувчи ҳужжатларсиз қўшимча қаватлар қуриб олиш ҳолатлари кузатилгани танқид остига олинган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича келишиш ёки рухсат бериш ишларини амалга ошириш биргина шаҳар (туман) қурилиш бўлими архитектори томонидан объект жойига чиқиб ўрганилмасдан, бирор бир ҳужжат расмийлаштирилмасдан, номигагина амалга оширилиб келинмоқда.

Бу борада шаҳар, туман ҳокимликлари билан ҳамкорлик ўрнатилмаган.

Шундан келиб чиқиб, маҳалла раислари қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишлари лозим:

бино ва иншоотларнинг лойиҳа эскизини келишмасдан туриб, бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартириш;

объектни рухсатномасиз қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш;

фойдаланишга қабул қилиш далолатномасисиз объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

Вилоят ҳокимининг қарори билан вилоят ҳудудида бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш бўйича ваколатли органларга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳ таркибига қуйидагилар киритилди:

- шаҳар (туман) ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари;

- шаҳар (туман) қурилиш бўлими бошлиғи - туман архитектори (ваколатли орган);

- шаҳар (туман) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбари;

- “Ермулккдастр” давлат корхонаси шаҳар (туман) филиали раҳбари;

- вилоят санитария-эпидемиология назорати маркази бошқармасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари;

- вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

- Ўзини ўзи бошқариш органлари раислари (тегишлилиги бўйича).

Қуйидагилар, ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш юзасидан сўровномалар бўйича;

жойига бориб, бино ва иншоот мақсадидан келиб чиққан ҳолда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш имкониятини ўрганиб чиқиш;

бутун бино ва иншоотни ёки уларнинг қисмлари ва уларга бириктирилган ер участкасини, шунингдек, уларга туташ ҳудуд ва улар яқинидаги бино ва иншоотларни визуал кўрикдан (зарурат бўлганда махсус ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда) ўтказиш;

бино ва иншоотларни кўздан кечириш, ариза берувчи сўровномасида, шунингдек, бино ва иншоотнинг деворлари, кесими (мавжуд бўлса), фасад режалари ва кадастр паспорти нусхаларидаги маълумотларни бино ва иншоотларнинг ҳозирги ҳолатига, бино ва иншоотлар ташқи кўринишини ўзгартиришни келишмасдан, шунингдек, ваколатли орган билан келишилган бино ва иншоотлар фасадининг эскиз лойиҳасидан четга чиққан ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳолатини аниқлаш юзасидан таққослашни амалга ошириш;

объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатномалар бериш юзасидан сўровномалар бўйича:

объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш;

бутун бино ва иншоотни ёки уларнинг қисмлари ва уларга бириктирилган ер участкасини, шунингдек, уларга туташ ҳудуд ҳамда бино ва иншоотларни визуал кўрикдан (зарурат бўлганда, махсус ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда) ўтказиш;

бино ва иншоот ўзбошимчалик билан қурилганини (лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан ва тегишли тартибда экспертизадан ўтказмасдан туриб қурилганини, объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузган ҳолда қуриш ва реконструкция қилингани) аниқлаш мақсадида бино ва иншоотни текширувдан ўтказиш ҳамда ариза берувчи сўровномасида, шунингдек, бино ва иншоотнинг деворлари режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасад ва кадастр паспорти нусхасида берилган маълумотларни бино ва иншоотнинг ҳақиқий ҳолати билан таққослашни амалга ошириш;

ўрганиш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштириб (объектни камида икки томондан ўраб турган объектлар билан фотосурати (15x20 см) илова қилинади), ваколатли органларга тақдим этиш.

Мазкур далолатнома ваколатли органлар томонидан рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этишда инобатга олиниши таъминланади.

Вилоят маҳаллалар кенгаши.