Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабгача таълим вазирлиги Бекободда болаларнинг заҳарланиши бўйича якуний хулоса берди

Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги Бекобод туманидаги 15-сонли мактабгача таълим муассаси тарбияланувчилари заҳарланишининг келиб чиқиши сабаблари бўйича текширув хулосасини маълум қилди.

Вазирликнинг Республика давлат Санитария ва эпидимиология назорати маркази хулосасига таяниб хабар беришича, болаларда кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомнома ҳамда овқатланиш бўлими ва МТТнинг бошқа ходимлари (тарбиячилар ва уларнинг ёрдамчилари) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.

"15-сонли МТТ мудираси Рахматуллаева Моҳира Абдумаликовна, ошпаз Қаҳрамонова Шоҳида Аброровна ва ҳамшира Эргашева Мавлуда Эргашевна лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги ва лоқайд хатти-ҳаракати оқибатида болалар соғлиғига зарар етказилганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

27 сентябрдан 6 октябргача МТТ фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва МТТдаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган. МТТ 7-октябрдан бошлаб ишга тушди ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлади", дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, олдин Бекободдаги боғча тарбияланувчиларининг заҳарланганлиги ҳақида хабар берган эдик.