Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маънавиятни бой бермоқ - халқни бой бермоқдир

Тараққиётда барча ижтимоий муносабатлар реалликдан виртуалликка кўчмоқда. Натижада таълим олиш, иқтисодий ҳамкорлик ва бошқа соҳалардаги барча муносабатларга доир жараёнлар замонавий шаклларда амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси ижобий ҳол, албатта.

Президентимиз раислигида 2021 йил 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тараққиётнинг шиддат билан ривожланиб бориши жамият ва давлат ҳаётида кўплаб ўзгаришларга сабаб бўлаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари шундай мураккаб паллада ўзлигимизни сақлаб қолиш, асрлар давомида шаклланиб келаётган миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳини янада кучайтириш, миллий ғоянинг асл мазмун-моҳиятидан чекинмаган ҳолда яшаш ва фаолият юритиш, лоқайдлик ва бефарқлик каби иллатларга йўл бермаслик, бугунги рақобат майдонида маънавий салоҳияти юксак авлодни тарбиялашда ташқи таҳдид ва хавфлардан ўз вақтида огоҳ бўлиш лозимлиги ҳақида фикр билдириб, асослантирилган таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Аввало, айтиш жоизки, ўзбек халқининг энг кучли қуроли бу унинг асрлар давомида шаклланган ва умуминсоний қадриятлар асосига қурилган юксак маънавиятидир. Тарих гувоҳки, кучли ва мустаҳкам маънавиятсиз, таълим ва тарбиянинг уйғунлигига эриша олмаган халқ ва давлатнинг келажаги бўлмайди. Чунки маънавиятда халқнинг руҳи ва бутун борлиғи мужассам. Маънавиятни бой бермоқ халқни бой бермоқдир.

Бугунги рақобат майдонидаги мураккаб вазият халқнинг маънавиятини сақлашга алоҳида эътибор бериш лозимлигини тақозо этмоқда. Чунки глобаллашув жараёнида маънавиятимизга ёт бўлган турли ғоя, миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган ҳолатлар тобора кенг қулоч ёзмоқда. Бу ҳолат, айниқса, ёшлар ҳаётида кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Ҳозирги рақамли тараққиёт янги авлоднинг замонавий технологиялар борасидаги билим ва кўникмасини ошириш билан бир қаторда, уларни ўзига тобе қилиш, мустақил фикридан айириш, маънавиятига зид бўлган ишларни қилишга мажбурлаш функцияларини ҳам бажармоқда. Бир сўз билан айтганда, келажак авлоднинг қўлидан энг кучли қуроли – маънавиятини тортиб олмоқда.

Аксарият ёшлар учун китоб илм манбаи вазифасини ўтамай қўйганига, таълим муассасаси зиё маскани сифатида уларни қизиқтирмай қўйганига анча бўлган. Улар ҳозирда илмни ҳам, зиёни ҳам мобиль қурилмалар орқали виртуал тарзда олмоқда. Келинг, интернет тармоғидан фойдаланишнинг маънавиятимизга етказиши мумкин бўлган таҳдидларига эътибор қаратсак.

Биринчидан, интернет олами ёшларни истеъмолчи мақомига ўтказиб қўйган. Ваҳоланки, виртуал оламдан фойдаланишда истеъмолчилик маданиятини ёшларда юқори даражада шаклланган, деб айта олмаймиз.

Иккинчидан, интернет тармоғида миллий ўзлигимиз ва қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган манбалар ва унинг адади беқиёс. Уларни кўраётган истеъмолчи тўғридан-тўғри қабул қилиш орқали миллий ўзлигини таҳдид остида қолдирмоқда.

Учинчидан, осон пул топиш ва бойлик орттириш ҳақида дастурлар орқали ёшлар ўйлаб кўрмай турли ишларга қўл урмоқда. Хусусан, тик-ток дастури орқали тушунарсиз қисқа лавҳа, турли расм ва кулгили эфирларни суръатга олиш орқали пул ишлаш имконияти яратилмоқда. Буларнинг натижаси ўлароқ, ёшларда таълим олмай туриб ҳам пул топиш мумкинлиги ҳақидаги тушунчалар пайдо бўлмоқда. Лекин буларнинг барчаси вақтинчалик.

Шундай таҳликали даврда миллий маънавиятимизни сақлаб қолиш ва турли таҳдидларга қарши ёшларда мустаҳкам иммунитетни шакллантириш борасида Президентимиз томонидан бир қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Жумладан, биринчидан, Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини такомиллаштириш. Ҳақиқатан ҳам, Марказнинг маънавий тарғибот ишларини тизимли равишда олиб бориш, жамиятдаги маънавий бўшлиқни тўлдириш борасидаги ишларини кучайтиришга ҳаётий эҳтиёж мавжуд.

Иккинчидан, “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида – Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш. Негаки, тараққиётнинг муҳим омили – жамият аъзолари орасидаги соғлом маънавий ва ижтимоий муҳит ҳаётга боғлиқ. Шу маънода, ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар ва ўрганишларни тизимли олиб бориш, маънавий таҳдидларга қарши курашишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш фавқулодда долзарбдир. Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда маънавият соҳасидаги ишларнинг тизимлилиги ва ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи муассасалар ташкил этилганининг гувоҳи бўламиз.

Учинчидан, маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, бу борада мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш амалиётини жорий этиш ҳам бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Маънавий-маърифий ишларни ёшларга болалигидан бошлаб бериш уларда маънавий таҳдидларга нисбатан мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.

Тўртинчидан, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масаласи тизимдаги ишларнинг самарасига бевосита таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлиларнинг бириктирилиши маҳалладаги ёшлар ишлашни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу амалиётнинг жорий этилиши маҳаллаларда маънавий муҳитнинг янада соғломлашуви, ёшларнинг маънавий баркамол бўлиб вояга етишларини таъминлаши, шубҳасиз;

Бешинчидан, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш таклифини амалга ошириш ҳам маънавий етук кадрларни тарбиялашда муҳим омил бўлади. Маънавият ва маърифат соҳасига тааллуқли бўлган фанларни таълим муассасаларида ўқитиш ўқувчи-ёшларни замонавий билимларни эгаллаши билан биргаликда, миллий маънавиятимиз ва шонли тарихимизга нисбатан ҳурмат, она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга имкон яратади.

Юртбошимиз томонидан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида билдирилган таклиф ва ташаббус, эзгу ғоялар халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни глобал хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашда энг кучли қурол билан қуроллантиришга хизмат қилади. Зеро, она Ватанга садоқат, юрт тараққиётига дахлдорлик, оилага бўлган муҳаббат, аввало, соғлом маънавият ва маърифат асосида дунёга келади.

Миродилжон БАРАТОВ,

Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.