Менга нима, сенга нима? Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов эътиборига

Шундай бир латифа бор. Қўшни қўшниникига жаҳл билан келади, у эса ҳовлидаги чорпояда пинак қилаётган эди.
- Ҳой қўшни, менга қаранг, нега менинг ҳовлимда қўйлар ўтлаб юрибди?!
- Сеникида ўтлаб юрган бўлса, менга нима?! – депти ландовур қўшни.
- Гап шундаки, улар сизнинг қўйларингиз.
- Унда сенга нима? – депти яна.
Туманингиз фермер хўжаликлари ерларига сув борадиган ариқ Самарқанд шаҳар Сўлим (Хишрав) қўрғонидан ўтган. Ҳар йили баҳорда бу ариқни фермерлар лой ва қумдан тозалаб, йўлга ташлаб кетишади. Аммо қўрғондаги бу Самарқанд кўчаси тартибга келтирилиб, асфальт ётқизилди. Афсуски, фермерлар ариқни ковлаб, лойу балчиқни ҳар галгидек кўчада қолдириб кетишди.
Бу ҳақда Сизга ўзим телефон орқали айтдим, маҳалла аҳлининг шикоятини етказдим. Мана, икки ҳафта ўтди, ҳеч ким пинагини бузмади, лойу балчиқ дуппа-дуруст кўчани гилхонага айлантирди. Майли, Сизда вақт бўлмагандир Рамазон ойида бировнинг йўлини вайрон қилиш орқали экинига сув олиб берган фермерга унинг даромади ҳалол ҳисобланадими?
Агар мен халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашига шу ҳудуддан сайланган депутат Ҳусан Тўхтаев ёки шу Чилқудуқ маҳалла оқсоқоли Убайдулла Элбоев ўрнида бўлсам, бу масъулиятсиз фермерларни аллақачон маъмурий ва иқтисодий судларга берган бўлардим.
Хуллас, Носир Мавлонов ушбу мақолани сенатор мурожаати деб қабул қилсангиз ҳам майли.
Фармон ТОШЕВ.