Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Минск ва Кишинев Конвенциялари бўйича ҳужжатларни олиш осонлашади

Жорий йилнинг 17 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция ва 2002 йил 7 октябрдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан, Минск ва Кишинев Конвенцияларига аъзо давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари рўйхатлари тасдиқланди.

Ушбу рўйхатга кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ҳақида ҳужжатларни юбориш бўйича сўровларни жўнатиш ва кўриб чиқиш ҳамда юридик шахслар ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтганлиги билан боғлиқ маълумотларни талаб қилиб олиш бўйича сўровларни жўнатиш ва кўриб чиқишга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ваколатли орган сифатида белгиланди.

Агентлик директорининг тегишли буйруғига асосан мазкур Конвенциялар доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Агентликнинг ҳудудий бошқармалари масъул этиб белгиланди.

Мазкур қарор Минск ва Кишинев Конвенциясига аъзо давлатларнинг ваколатли ҳудудий органлари билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳужжат алмашиш учун асос бўлади.

Бу эса ушбу Конвенциялар доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сўровларнинг манзилли кўриб чиқилишига, бу борада ортиқча бўғинларни олиб ташлаш орқали сўровларни кўриб чиқишда вақт тежалишига, шунингдек, почта харажатлари ва бошқа ресурсларнинг мақбуллаштирилишига хизмат қилади.

Пировард натижада, Конвенцияларга аъзо давлатларнинг фуқароларига тез ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш таъминланади.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.