Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Фарзандлар (ҳикоя)

Азамат Қоржовов

Шаҳарга кетаётган куним онам Гулжон момоникига кириб ўтишимни тайинлади. Эҳ, Гулжон момо шўх эди, кампир бўла туриб кампирларга ўхшамасди. Ўғли Аҳмадқул уйидан чиқиб кетмаганида, балки ҳозир ҳам тишсиз оғзини катта очиб кулаётган ва:

— Онангнинг елкасига ўт ёқма, барака топгур. Кечқурунлари вагондан карам тушириб бўлсаям нон пулингни ўзинг ишлаб топ, — деб шанғиллаётган бўлармиди?!

Лекин энди Гулжон момо ётибди. Айтишларича, эт ва суягигина қолганмиш.

Пастак девордан ҳатлаб ўтдим. Оғилхона олдидаги гўнг уюми ёнида бегона эшак ер искарди. Бу ҳовлида моллар қани дейсан? Гўё ерни ҳам Аҳмадқулнинг касофати ургандек янтоқдан бошқа ўт битмаган.

Уй томон бурилдим. Таназзулга юз тутган макондан ҳадиксираб оёқ учида юрганман, шекилли, мушукдай сассиз келаётганимни тушуниб, томоқ қирдим-да, чақирдим:

— Момо! Ҳўв, Гулжон момо…

— Киравер, момонг ичкарида, — оғилхонадан овоз келди.

Қайрилиб қараб, офтоба ушлаган, букчайган кампирни кўрдим: тоғлик қариндоши!

Қўш табақали эшик ғийқиллаб очилганида, ичкаридан аллақандай намлик аралаш ҳид димоғимга урилди. Эски уйларнинг шунақа ҳиди менга ёқади. Бироқ ҳозир олис шаҳарга кетяпман. Ортиқча туйғулар юрагимни эзиши мумкин. Тезроқ ҳол сўраб, тезроқ хайрлашиш мақсадида туфлимни шошиб ечиб, бемор ётган хонага кирдим. Гулжон момо пахтаси чиқиб кетган кўрпача устида шифтга тикилиб ётибди. Дафъатан:

— Аҳмадқул!.. — деб сесканиб тушди. — Сенмисан, болам?

— Йўқ, мен Қўчқорман, момо, — деганимни биламан кўзларидан ёш думалаб тушди.

— Хаҳ, болам-а, — деди бемор, — ҳозиргина ташқарида Аҳмадқул чақирди. Уни кўрмадингми? Айт, кирсин… Кираверсин. Нега уйдан кетади?

— Аҳмад акамни кўрмадим, — дедим айбдорларча. — Шаҳарга кетяпман, ўқишга ўтдим.

— Уни кимдир йўлдан урди, — деди кампир енгил хўрсиниб. — Эслигина бола эди. Уни деб оила қурмадим. Ҳеч қийинчилик кўрмади. Яна нега уйдан кетди экан? Кимдан норози бўлди бу болапақир? Ҳа, кимдир “иссиқ-совуқ” қилди, кўнглини уйдан совитди, мендан совитди.

Кампирнинг нолаю фиғони қачон тугаркин, деб юрагим сиқилди. Ахийри, гапини бўлишга мажбур бўлдим:

— Майли эса, момо. Илойим, яхши бўп кетинг. Манаман деган муаллимлар, мелисалар, оқсоқол бовалар топиб келолмаган Аҳмад акани ўзим опкелай, қани, омин! Бир дуо қилинг, моможон.

Уйдан чиқдиму ич-ичимдан Аҳмадқулни койидим. Нима бўлсанг ҳам инсоф билан бўл-да. Касал онани ташлаб кетиб, йиллаб хабар олмасликни қандай атай? Қотилликми?..

Автобусга чиқдим. Олислаб кетаётган қишлоғимга қараб, юрагим увишди. Наҳотки, бир кун келиб мен ҳам қишлоғимни ташлаб кетсам?! Йўқ, йўқ, асло! Мен шу қишлоқнинг аскари бўлиб қоламан, аскар ўз ватанига хиёнат қилмайди. Жанг-жадалларда Ватан учун жон фидо этиб, олға қадам босиб йиқилади…

* * *

Шаҳар жуда-жуда узоқда эди. Уйга келишим учун олти-етти соатлаб йўл босишим, бешта транспорт алмашишим лозим бўларди. Соғинмаганим учун эмас, маълум бир режимим борлиги учун қишлоққа уч ойда бир борардим. Дийдор кўришиш учун тизза бўйи қор кечишгаям тайёр эдим.

Кунларнинг бирида квартира эгаси билан келишолмай қолдим ва янги бошпана излашга мажбур бўлдим.Кўп қаватли уйларнинг бирига етганимда ўриндиқда ўтирган аёллар менга ола қараш қилишди.

— Ҳой йигитча, — деди биттаси, — кимни ахтаряпсан?

— Шу “дом”да ижарага қўядиганлар борми?

— Бор, — дея битта манзилни тушунтиришди.

Аёлларнинг гапига ишонадиган бўлсам, бешинчи қаватда бир кампир ёлғиз истиқомат қилар эмиш. Аҳволидан хабардор бўлиб турадиган суянчиқ-дастёр керак экан…

Қўнғироқни узоқ чалдим. Ниҳоят, ичкаридан оёқ товуши ва йўтал эшитилди. Эшик очилганда, кўз ўнгимдаги кампирни кўриб ҳайратдан лол қолдим. У Гулжон момога қуйиб қўйгандек ўхшарди. Фақат бу кампир бироз ёш кўринар, бироз озода ва бироз… бегона эди.

— Ким керак? — деб сўради сўлғин нигоҳини тезроқ эшик ортида қолдиришга шошилиб.

— Квартира, — дедим мен. — Пастда аёллар айтишдики, сизда бўш хона бор эмиш.

Кампирнинг сўлғин бақбақалари қимирлади. Назаримда, у бир нима дегандек туюлди.

— Нима? Эшитмадим? — дея гавдамни хиёл энгаштирган эдим, кампир йўл берди.

- Икки кун синайман, — деди у эшикни қулфлаб. — Анави хонада бир йилдан бери каттакон ҳўкиз яшайди. Афзал томонларингни кўрсатсанг, сени опқоламан. Акс ҳолда хафа бўлмайсан.

Эркаклар ботинкасига, шимига, эски костюмига кўзим тушдию, аллақандай бетайин кимсани тасаввур қилдим.

Ростдан ҳам, ҳамхонам тутуриқсиз одамга ўхшайди. Негаки, икки кун унинг турқини кўрмадим. Учинчи куни эса… Не кўз билан кўрайки, остонада Аҳмадқул турарди. Неча йиллардан буён Гулжон момом йўлига қарайвериб кўздан қолган, Аҳмадқул дийдорини кўрмай ўлолмаётган… онаизорни қон қақшатиб кетган дарбадар…

У мени танимади, шекилли, бирон туки ҳам ўзгармади. Уй эгаси — Марям момо билан ҳол-аҳвол сўраша бошлади, уч кун келолмагани учун йиғламоқдан бери бўлиб узр сўради. Кампир бир соат бидир-бидир қилиб насиҳат ўқиди. Сўнг нон ва картошка-пиёзга пул бераётганига тасодифан гувоҳ бўлиб, кўзимни олиб қочган ҳам эдимки, Аҳмадқул гапириб қолди:

— Она, бу бола бизнинг қишлоқдан. У қандай келиб қолди?

— Қишлоғингдан бўлса ажаб бўпти! — Марям момо ҳамон жаҳл отидан тушмай бақириб берди. — Унга икки кун муҳлат бергандим. Синовимдан яхши ўтди. Сени кетказиб, уни олиб қоламан.

— Онажон, нималар деяпсиз? Ахир, мен Санжарингиздан ҳам яқин бўп қолганман-у!

— Бор, — қўл силтади кампир, — бор дейман! Санжар эмиш!.. Санжар…

Кампирнинг боши хам бўлиб, ичкарига кириб кетди. Аҳмадқул ҳам қўл силтади ва нон, картошка-пиёз харид қилгани отланди.

— Ака, — дедим ортидан, — сизда гап бор эди.

Аҳмадқул туфлисини кияр экан, менга саволомуз боқди.

— Мени танидингизми ўзи, — сўрадим ҳайратланиб.

— Танидим, танимасам, қишлоғимнинг боласи эканлигингни қаёқдан билардим?! Кел, эшикни ичкаридан ёпиб қол, мен ҳозир қайтаман, гаплашамиз.

У бозорчадан қайтгач, Гулжон момонинг аҳволидан сўз очдим.

— Бораман деяпман-у, ҳеч қунт қилмаяпман-да, —деди Аҳмадқул. — Шаҳар об-ҳавосига ўрганиб қоларкансан. Сен ҳам бормай кетгандирсан?

— Қанийди бўш вақтим бўлсаю қанот боғлаб учсам. Бироқ сиз хато иш қиляпсиз, Аҳмад ака. Кейин қаттиқ афсусланасиз. Момом неча марта урчуқ синдирмоқчи бўлди. Биласизми, бу нима дегани? Ўлим дегани, Аҳмад ака!

— Э, сафсатангни қўй. Кампир урчуқни қандай синдиради? Кучи етадими? Э-э…

— Шунчалик тошбағир бўлиб кетдингизми?

— Нима? Ким тошбағир? Сенлар тошбағирсанлар! Тупурдим ҳаммангга! Қишлоқ подасини боқмасам оқ қилармиш! Момонгни эси жойидами ўзи?! Нима қилган бўлса ўзига-ўзи қилди. Сени деб бошқа турмуш қурмадим, дейди. Қурсин эди! Қариганимда ёнимда чолим, теварагимда невараларим бўлсин деб ҳаракатини қилсин эди… Нима, энди мен қишлоқда пода боқиб юришим керакмиди?! Худога минг қатла шукр, шаҳарнинг манаман деган йигитиман. Уч кунлаб ресторанма-ресторан юроламан.

— Сиз ҳам бир куни тўшакка ётиб қолсангиз, ким қарайди? Яхшиси, бу йўлингиздан қайтинг.

— Манови кампир ўлса, — пичирлади Аҳмадқул, — уйи менга қолади. Сўнгра биттасини топиб, уйланаман.

— Ака, адашмасам, ўттиз олтига киряпсиз. Марям момо, худо хоҳласа, кўп яшайди ҳали…

— Кўп яшамайди, братишка, — Аҳмадқул янада паст овозда пичирлади. — Инфаркт бўлган у. Боя мунғайиб қолганини кўрдинг-ку! Санжар унинг тилаб олган яккаю ёлғиз боласи. Дом-дараксиз кетганига яқинда ўн йил бўлади.

— Аҳмад… Аҳмаджо-он… — Ичкаридан Марям момонинг ноласи келди. — Сув бер… Вой, ўламан…

Аҳмадқул “кўрдингми” дегандек бир кўзини қисиб қўйди-да, ичкарига шошилди. Ҳаял ўтмай “Санжар… Кетма, болам… қайт…” деган алаҳсирашлар эшитилгач, мен ҳам чиқдим. Марям момонинг ранги мурданикидек оқариб кетган, лаблари қуриб, нуқул шифтга қараб илтижо қиларди. Аҳмадқул югуриб, тоғора келтирди. Сочиқни ҳўллаб, кампирнинг пешонасига босди.

— Дорингизни ичинг, онажон. Яхши бўп кетасиз. Ҳар нарсани ўйлайверманг-да… қўйинг ўша Санжарни! Мана, мен бор, Қўчқор бор…

Ётоғимга кириб, алламаҳалгача ухлолмадим. Гулжон момо ва Марям момолар қисматини ўйлардим. Улар қаерда хато қилишди?

Бу уйдан кетишга аҳд қилдим. Марям момонинг хонасига кираётгандим, Аҳмадқул енгимдан тортди.

— Қўчқор, — деди у, — сенга бир маслаҳат бор.

— Айтаверинг.

— Аслида икковимиз ҳам қўчқормиз. Калламиз бир қозонда қайнамайди. Ўзингдан билиб момонгга айт. Бошқа квартира топдим, курсдошларим билан тураман, де.

Енгимни унинг чангалидан тортиб олдим-да, индамай ичкарига кирдим. Бемор тўшакда ҳолсизланиб ётарди.

— Болам-м… — деди у зўрға.

— Кетишимдан аввал бир гап айтмоқчиман, — дея оёқ томонига чўкдим. — Сизларни айбламайман. Гулжон момо ҳам, сиз ҳам шундай бўлишини истамагансиз… Айтгандай, Гулжон момо Аҳмад аканинг онаси. Неча йилки ўғлининг йўлига кўз тикиб яшаяпти. Бир кўрсаму ўлсам, армоним йўқ, дейди. Эҳтимол, шу ойлар ичида вафот этгандир. Қишлоққа борганимда жуда оғир эди, бечора. Сизга айтмоқчиманки, илойим, Санжар ака қайтиб келсин. Ҳар ким ўз боласига эгалик қилсин.

Марям момо “илойим Санжар ака қайтиб келсин” деган гапимнигина илғади, шекилли, менга кўз қирини ташлаб, “айтганинг келсин-эй…” деб йиғлаб юборди.

— Аҳмадқул кириб, боши билан эшикка имо қилгач, беморнинг уйини тарк этдим. Ўша куни ўқишдан жавоб олиб, қишлоғимга жўнадим.

— Онамни кўрмасам бўлмасди.

* * *

Қишлоғимизга қатнайдиган автобусда онамни учратиб, кўзларим ёшга тўлди. Ҳеч бунчалар соғинч-ла кўришмаган эдим.

— Аҳмад акани топдим, — дедим чуқур тин олиб.

Атрофдагилар ҳам баравар менга тикилишди.

— Ҳе, ўлсин-а, бола бўлмай, — деди онамнинг ёнидаги аёл. — Энани тамом қилди, ота уйини хор қилди.

— Эшитмагандирсан-а, ўғлим, — деди онам. — Гулжон момонг кеча оламдан ўтди.

Юзимга фотиҳа тортдим. Аёллардан бири бидирлади:

— Эски бўлсаям бинойидай ҳовли эди. Қай гўрдандир кеп қолган Сандро деган алкашга мерос қолдирди-я!

Аёлларнинг айтишича, бир неча ҳафта бурун аллақаердан пиёниста, дайди одам келиб қолибди. Ул-бул юмушни бажариб юрибди. Қишлоқ оқсоқолининг раҳми келиб, ҳатто, участка нозиридан ҳимоя қилиб, қишлоқда олиб қолибди. Ҳамма уни Сандро деб атармиш.

Автобусдан тушиб, уйга йўл олдик. Гулжон момонинг ҳовлисида бир одам ўтин ёрмоқда эди.

— Ана, Сандро деганлари, — онам ишора қилди.

— Миллати нима?

— Ўзбек бўлса керак. Чин исми Санжар эмиш. Охирги кунлари Гулжон момонинг юмушларини қилиб юрарди, бирдан уйни шунга берди-кетди, момонг тушмагур. Ишқилиб, шунақа гаплар. Аҳмад келса нима бўлади энди?

Менга Сандронинг тарихи жуда қизиқарли туюлди. Девордан сакраб ўтдим-да, устига бостириб бордим.

— Салом, Санжар ака, —дедим қўл чўзиб.

У ҳам қўл чўзди-да, хавотирга тўлган нигоҳини дарров яширди.

— Шу қишлоқданмисан? — дея ўтинларни тахлай бошлади.

— Ҳа. Шаҳарда ўқийман. Сиз тошкентликмисиз?

— Ҳа.

— Онангизнинг исми Марям опа, шундайми?

Сандро гавдасини туйқус кўтарди.

— У киши оғир касал ётибди, — деб давом этдим мен, — ўн йилдан бери кутяпти сизни.

— Керак эмас, — ўтин ёришга тушди Сандро, — гапиришинг керак эмас. Бор уйингга, ана, онанг кутиб турибди, бор… Бор!..

Ундан узоқлашдим. Қишлоқ одамлари Сандронинг дайди бўлиб кетганини, қамалиб чиққанини сўзлаб беришди. Эрта кўклам эмасми, подачи керак эди, у мол боқа бошлади.

* * *

Ёзги таътилга чиқаётиб, Марям момонинг уйига кириб ўтишга қарор қилдим. Мана ўша кўп қаватли уй… Эшикни ҳеч ким очмади. Ўриндиқда ўтирган аёллар Марям момо касалхонада ётганини айтишди.

— Аҳмад ака деган киши-чи? У қаерда? — деб сўрадим мен.

— Уми? Уни қайсидир ресторанда уриб ўлдириб қўйишибди, — деди аёллар. — Сиз қариндошимисиз?

— Йўқ, — дедим-да, нари кетдим.

Бекатга яқинлашган еримда қадамим ўз-ўзидан сустлашди. «Марям момо қайси касалхонадайкин?.. Ҳа, балки, ҳалиги аёллар билар…»

Жадал ортимга қайтдим.