Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчи ахборот-коммуникация технологияларини мукаммал билиши керак

Таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, тизимда анъанавий услублардан воз кечиб, ўқувчига замонавий методлар асосида, ноанъанавий тарзда билим бериш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бири.

Ўқувчиларга таълим-тарбия бераётган ўқитувчиларнинг барчаси ҳам ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)дан тўла-тўкис хабардор эмаслиги бу борада муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Ўқувчига замонавий билим бериш, уни фанга қизиқтира олиш, олган билимларини амалиётда қўллай олишини шакллантириш учун ўқитувчининг АКТдан кенгроқ, ўринли ва унумли фойдаланиши муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ҳудудий марказида умумтаълим мактаби ўқитувчилари ҳамда методистлар иштирокида АКТ жиҳозларидан унумли фойдаланиш бўйича ташкил этилган семинар-тренинг ана шу мақсадда ташкил этилди.

Мазкур семинар-тренинг Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълимда Глобал Ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унда 5 кун давомида АКТ бўйича малакали мутахассислар ҳамда тажрибали ўқитувчилар вилоятимиз умумтаълим мактабларининг 249 нафар ўқитувчилари ҳамда 32 нафар аниқ фанлар бўйича методистларига семинар-тренинг ўтиб беришди.

 

Гуруҳлар бўлинган ҳолда ташкил этилган семинар-тренингларда умумтаълим мактабларида дарсларда АКТ воситаларидан фойдаланиш шакллари, ўқув жараёнини автоматлаштириш мақсадида жорий қилинган OpenEMIS ахборот тизими ва унга кириш, таълим муассасаларида локал тармоқ ташкил этиш усуллари, EduCom дастурий таъминотида қўшимча дастурларни бошқариш, умумтаълим фанларидан яратилган электрон дарсликлар ва таълимий ўйинларга бағишланган мавзуларда тингловчиларга сабоқ берилди.

Семинар-тренинг жараёнида ўқитувчилар олган билимлари, мутахассислар томонидан берилган тавсияларни компьютерлар орқали синовдан ўтказиб, билимларини мустаҳкамлаб боришди. Шу орқали семинарнинг натижадорлигига эришилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.