Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчининг қалби ва қуроли фидойилик ва ҳалоллик бўлиши шарт

Ота-боболаримиз қадимда ҳам кесакни тош демаган (пойдеворга кесак термаган), эси йўқ каллани бош демаган (қоғозга ўраб бошлиқлиққа қўймаган), номарднинг улушини ош демаган, ноҳалол луқмани емаган. Дарҳақиқат, етти иқлимга дарс берган улуғларимиз томонидан айтилган ҳикматлар бежизга юзага келмаган.

Афсуски, бугун ёшларнинг қалбига, руҳиятига ибрат ҳамда тоза илм боришни уддалай олмаяпмиз ва ёшларни “қулоқсиз”ликда айблашдан қолмаяпмиз. Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикмати ўзимизни қанчалик алдамайлик, ҳозирча бизга ўз ҳароратини бермаяпти.

Бу учун бизда шаффоф қалб ва ошкора муҳит керак. Чунки бугун башарият ва унинг тафаккур дунёси нафақат шакл билан, балки мазмун билан ҳам бойиб бормоқда. Ҳар қандай миллатнинг интеллектуал-маънавий қиёфаси миллий ҳамда глобал педагогик ёрқин муҳитда, тўғрилигу тенгликда шаклланади.

Ҳозирда мамлакатимизда таълим тизими ҳам мазмун-моҳияти, ҳам шаклан мантиқий янгиланаётгани халқимизнинг қалбида келажакка умид уйғотмоқда. Ҳозирги тараққиёт босқичида халқаро стандартлар даражасига мос келадиган олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёж ва талаб борган сари ошиб бормоқда. Чунки замон глобаллашув жараёнлари таъсирида бўлган ҳамда чуқур ижтимоий-иқтисодий янгиланиш палласига кирган мамлакатларнинг ижтимоий салоҳияти ва тараққиёт имкониятлари кўп жиҳатдан фан ва технологиянинг ривожланганлик даражаси, илмий-амалий инновацияларни жамиятнинг турли инфраструктураларида самарали татбиқ қилинаётганлиги билан белгиланиши ойдинлашмоқда.

Шунинг учун ҳам жаҳон ҳамжамиятига тобора мослашиб бораётган Ўзбекистонда ҳам таълим тизимини модернизация қилиш, илм-фанни ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълим ва бошланғич таълимни тубдан ислоҳ қилиш ҳамда бу соҳаларнинг мазмунини халқаро миқёсда бойитиш учун жиддий киришилмоқда. Бу йўлда замонавий ва мустақил фикрлайдиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, билимли ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш талаб этилмоқда.

Аммо бўлажак бошланғич синф ўқитувчиси шуни яхши англаб турибдики, таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим бераётган профессор-ўқитувчилар томонидан фан мазмунини етказиш ва таълим олаётган талабаларни ўзлаштириши ҳамда уларнинг билимини тўғри баҳолаш тизими талаб даражасида эмас. Шунингдек, ўқув жараёнини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш борасида таълим дастурлари мазмуни ва уларни янгилаб бориш суръатларининг бугунги кунда изчил ривожланаётгани иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига тўлақонли жавоб бермайди.

Аслида масала янада чуқурроқ: олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган. Тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларнинг тизимли ўрганилмаганлиги соҳада илм-фан йўналишларининг ривожланмаслигига олиб келди. Энди нафақат республика доирасида рақобатбардош, балки халқаро миқёсда ўз ўрнига эга кадрлар тайёрламас эканмиз, жаҳон илм-фани ҳамда таълим-тарбиясида томошабин бўлиб қолаверамиз.

Бунинг учун бўлажак бошланғич синф ўқитувчисининг глобал жараёндаги бурч ва вазифалари технологиясини қайта кўриб чиқиш шарт.  Мамлакат тақдирини, Ватан келажагини халқаро талабларга жавоб берадиган ёш кадрлар ҳал этади. Ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори - бу мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.

Масалан, бу борада Сингапур тажрибаси ҳақида давлатнинг собиқ бош вазири Ли Куаннинг сўзлари эсланади: «Кўпчилик мендан Сингапурнинг ривожлангани ҳақида сўраб, шундай савол беришади: «Қандай қилиб улкан давлатдан ажралиб чиқиб, миттигина ҳудуд билан ривожланган давлатга айландинглар? Бу «мўъжиза»ни қандай амалга оширдингиз?». Уларга жавобан шундай дейман: «Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим. Мен фақат Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос. Давлат бюджетини таълимга йўналтирдим. Муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги «мўъжиза»ларни амалга оширган инсонлар — муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган, камтар авлодни етиштириб чиқардилар. Бунинг учун улардан миннатдормиз».

Хўш, ХХI аср ўзбек ўқитувчисининг бурчи ва вазифаси нимадан иборат? Қачон уни фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги тарк этади? Бўлажак ўқитувчининг мақсади-чи? Унинг зиммасида қандай масъулият бор? Миллий тарбия соҳасининг зукко олимларидан бири, профессор М.Қуронов бу борада шундай мулоҳаза билдиради: “Миллат дардига дармонни бошқалар эмас, унинг фарзандлари излайди, топади. 150 йилдан ортиқ бизга, яъни менинг ва Сизнинг аждодларингизга етказилган маънавий жароҳатларни миллий мафкура билан шифоламоқ - бурчимиз”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасасига ворисликка умид қиляпти. Бу билан қандай юкни ўз елкасига олаётганлигини теран ҳис этаяпти. Зотан, ушбу илм даргоҳи талабалари учта халқаро тилда якуний имтиҳонни топширган, еттида ҳалқаро фанлардан фақат аълога амалий билим ўзлаштирган, “танка”си декан ёки проректор эмас, балки обрўйи, тафаккури тиниқ эл бўлган, битирувчиларга дунёдаги юзталикка кирувчи энг нуфузли мадрасалар мударрисликка олиш учун олдиндан талашган. Демак, биз СамДУ ўқувхоналарига Улуғбекнинг камида 1018 та юлдузларидай равшан шамларини ёқишимиз, олам аҳлига мадрасанинг билимини бера оладиган зукко олимларимиз тафаккури билан боқишимиз шарт.

Рустам Холмуродов айтганидек: СамДУ ва юртимиз ёшлари  бировларнинг этагини эмас, балки ғолиб юртимизнинг байроғини кўзга суртади. Рақибларини жоҳиллиги билан эмас, ҳалоллиги ҳамда жаҳон илм майдонида – Улуғбек юлдузлари осмонида, фанлар ва технологиялар соҳасидаги билоғонлиги билан туртади...

Фахриддин ШОДИЕВ,

СамДУ бошланғич таълим назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, филология фанлари номзоди.