Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ота бўлиш осонмас… (ҳажвия)

Ишдан ҳориб, чарчаб келмаганманми, хотинимнинг ярим кечаси инқиллаб қолгани оромимга сув сепди. Ой-куни яқин бўлганидан хавотирим ошди.

- Доктор чақирайинми? - дедим ётган жойимдан туришни истамай. «Қўяверинг, ўтиб кетади» деса-ю, терс ўгирилиб ухлаворсам. Аксига олиб кутганим бўлмади.

- Ҳа, энди чақирмасангиз бўлмайди-ёв, дард жуда ёмон келяпти.

Ўрнимдан туриб, юзим¬ни ювиш учун ювиниш хонасига кирдим. Елим сатилдан сув олмоқчи бўл¬сам, крандан жилдир-жил¬дир сув оқиб турибди. Ё, қудратингдан! Бир суткада икки марта икки соатдан келиб турадиган сув ярим тунда ҳам келиб турса-а!

Юзимни ювиб чиққач, «Тез тиббий ёрдам»га қўн¬ғироқ қилдим. Навбатчи ҳамшира бўлса керак саволга тутди:

- Нима бўлган?

- Ҳомиладор.

- Куни қачон эди?

- Бугун, шекилли.

- Манзилингиз?

- Истовчилар кўчаси, 4- уй, 33-хонадон.

- Беш дақиқада етиб боради.

Муомаласидан «Овозингга шакар» деб қўйдим-у ичимда, яна ўйлаб қолдим. «Ўзи тўққизинчи қа¬ватга чиққунича беш минут ўтиб кетади-ку. Қандай қилиб беш дақиқада келади?» Йўқ, адашибман. Худди кўчада кутиб ўтиргандек, хабар берганимда беш дақиқа ўтиб, эшик қўнғироғи босилди. Икки нафар оппоқ халатда доктор аёл кириб келди. Хотиним билан озроқ суҳбат қилди-да, менга юзланишди:

- Келинни олиб кетамиз. Зудлик билан.

- Аҳволи яхшими ўзи?

- Хавотир олманг.

- Зиналардан тушишга қийналади-да. Шу лифтимиз ҳам қасд қилгандек кеча бузилиб қолганди.

- Ие, биз лифтда чиқдик-ку, - деди доя аёл.

- Созлаб кетишди, - деди хотиним жилмайиб. Инсоф кирибди уларга ҳам.

Йўлга чиқдик. Э-э, айтсам ишонмайсиз. “Тез ёрдам” машинасимас, худди самолётдай бир текис кетиб бораяпти-да. Ўйлаб қўйдим: “Бу “Тез ёрдам” машинаси “Дамас” эмас, шекилли...” Ҳайдовчи ҳам худди фикримни уққандай дейди:

- Авваллари бу машинани ҳайдагандан кўра трактор ҳайдасам яхшийди, дер эдим. Энди унақамас. Йўлларни қаранг текислигини. Капот устига пиёлада сув қўйиб ҳайдасангиз, бир томчиси ҳам тўкилмайди.

- Бунақа эмасди-ку, - дедим йўлга қаттиқроқ тикилиб. Кейин ўзимни чимчиб қўйдим: “Тушимми, ўнгимми?” Ростдан йўлларга янги асфальт ётқизилган. Атрофда қиёслайдиган нарса бўлмаса кетаётганингизни сезмайсиз ҳам.

- Бунақа эмас эди, лекин энди шунақа, - деди ҳайдовчи ака. – Келинлар энди туғруқхонага етиб боришади қийналмай. Олдин туғилган ҳар тўртта ўғилдан учтаси Йўлчибой бўларди...

Хуллас, жуфти ҳалолимизни олиб туғруқхонага бордик. Эс-у фикрим хотинимда. Ишқилиб операция бўлмасин-да. Агар шундай бўлса нима бўлади? Икки-уч баравар харажат бўлади. Яна ўзимни ўзим сў¬киб қў¬яман: «Ях¬ши ният қил! Пулни ўйлама ҳозир»... Кўз юмиб-очгунча хотинимни туғруқ залига олиб кириб кетишди.

- Сиз ҳам киринг,- де¬ди ўша ердаги аёллардан биттаси. - Далда бўласиз.

Аста ортидан эргашдим. Лекин туғруқ залида ҳаммаси аёллар эканлигини кўриб, хижолат торт¬дим. Ё, қудратингдан! Эркак акушер-гинекологларга инсоф кириб, ишдан кетишган шекилли. Ортимга қайтиб, ташқарига чиқиб кетдим.

Ўн дақиқалардан сўнг навбатчи доя олдимга келди.

- Табриклайман, ота бўлдингиз.

Беихтиёр қўлимни чўн¬тагимга олиб бордим. Аёл қўлимдан ушлади:

- Сиз янги қарорларимизни ҳали билмайсиз, шекилли. Ундан кўра, ҳужжатларини биринчи қаватдаги «Келажак» деган бў¬лимга олиб боринг. Янги меҳмоннинг номига ҳисоб рақам очиб, беш миллион пул тушириб беришади...

- Қанақасига?!

- Бош врачимиз туғруқхонага инвестиция киритганлар. Ҳар бир ўғил чақалоқ учун беш миллион, қиз чақалоқ учун уч миллион беради. Буни чақалоқнинг соғ¬лом ўсиши учун сарфлашингиз лозим.

- Унда бу ернинг харажатлари...

- Э, бу нима деганингиз? Ҳаммаси бепул. Бош врач бизни ҳам қуруқ қўй-майди. Ҳар бир чақалоқ учун қўл ҳақи беради.

«Қойил!» деб юборганимни билмай қолдим. Рост! Ҳали бунақасини кўрмагандим. Оёғимни қў¬лимга олиб биринчи қаватдаги «Келажак»ка чоп-дим. «Авваллари у хоналар «Кетажак» бўлган бўлса керак, - деб қўяман ўзимга ўзим йўл-йўлакай».

Ишларни тиндириб, «Келажак» хонасидан чиқаётсам, хотиним чақираётганини айтишди. Қа¬ранг пулнинг кучини! Хотинимдан хабар олмай, тўғри бу ёққа жўнаворган эканман. Олдига борсам, ҳали ҳам ўша инқиллашда ётибди. «Нима бўлди?» де¬сам, «Дард келяпти, доктор чақиринг» дейди. «Ие, яна туғасанми? Зўр¬-ку! Яна беш миллион беришади. Бой бўлиб кетарканмиз...»

Хотиним негадир қо¬воғини уйиб, юзимга шапалоқ тортиб юборди. Кўзим бир юмилиб очилди шекилли, ўша пайт, қарасам уйда ётибман. Оғзим қулоғимга ўтиб кетгандек тир¬жаяман. Хотиним эса тепамда юзи оғриқдан бўғриқиб, менга қараб ўтирибди.

- Қанақа эрсиз-а?! Шун¬ча гапираман, додлайман, қарамайсиз. Яна кўзингизни очмай ишшаясиз. Ҳозир туғиб қўяма-ан...

Сакраб туриб ювиниш хонасига чопдим. Кранни бурасам, сув йўқ. Юзимни елим сатилдаги сувдан олиб нари-бери ювдим-да, «Тез тиббий ёр¬дам»га қўнғироқ қи¬лишга тушдим. 

- Нима муаммо?

- Хотиним безовта бўлаяпти, ҳомиладор...

- Куни қачон эди?

- Бугун, шекилли.

- Манзилингиз?

- Истовчилар кўчаси, 4- уй, 33-хонадон.

- Ярим соатда етиб бо¬ришади.

- Ярим соат?!

- ...

- Ҳаммаси яхши бўлади, - дейман хотинимни юпатиб кўрган тушларим худди ўнгидан келиб қоладигандек. Лекин хотиним билан параллел азоб тортишимни ўйлаб, ичимда «Уйғотмасанг, яхшийди» деб қў¬яман. Начора, ота бўлиш осонмас!

Аслиддин Мустафоев.